Украина Бош прокуратураси Януковичга янги айбловлар қўйди
Украина собиқ президенти одамларни хорижга ноқонуний ўтказиш ва дезертирликка ундашда айбланмоқда. Янукович иши бўйича суд жараёни сиртдан ўтказилади.
Украинада собиқ президент Виктор Януковичга янги айбловлар қўйилмоқда. Бош прокуратура уни чегарадан ноқонуний равишда одамларни олиб ўтишда ва дезертирликка ундашда айбламоқда, деб хабар берди идора 10 март, жума куни ўзининг Telegram-каналида.
Тергов маълумотларига кўра, 2014 йил 23 февралда Янукович ўз хавфсизлик хизмати раҳбари ва Россия вакиллари билан биргаликда Украина давлат чегарасини икки марта ноқонуний кесиб ўтган ва у орқали камида 20 кишини Россияга олиб ўтган. Ўша куни, идора маълумотларига кўра, Янукович ўз шахсий қўриқчиларини дезертирликка ундаган.
Януковичнинг янги иши бўйича суд жараёни сиртдан ўтказилади.
Янукович 2010 йилдан 2014 йилгача Украина президенти лавозимида ишлаган. 2014 йилда ҳукуматга қарши тартибсизликлар пайтида у мамлакатни тарк этиб, Ростов-Донга борган. 2015 йил январида Украина Януковични Интерпол орқали қидирувга берди. Кейинги йилларда унга нисбатан бир неча жиноий иш очилди. Собиқ президент, жумладан, ҳокимиятни тортиб олиш ва мулкни ўзлаштиришда айбланяпти.
2017 йилда Януковичга нисбатан давлатга хиёнат моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Хусусан, у 2014 йилда намойишлар авжига чиққан пайтда Россиядан Украинага қўшин киритишни сўраганликда айбланган. 2019 йилда ушбу иш доирасида Янукович сиртдан 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2022 йил октябр ойида Украина президенти Володимир Зеленский Януковичга қарши навбатдаги санкциялар пакетини жорий қилди, 2023 йил март ойи бошида эса Украина Вазирлар Маҳкамаси собиқ президентнинг мулкини давлат фойдасига ўтказди.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024