Ўзбекистон | 11:51 / 24.03.2023
50255
2 дақиқада ўқилади

Амударёда янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди

Бу Қорақалпоғистон ва Хоразмни боғловчи, Амударё устидан ўтувчи кўприкка олиб борувчи темирйўл кўприги ҳисобланади. Лойиҳа буюртмачиси «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ, бош лойиҳачи «Боштранслойиҳа» АЖ, бош пудратчи «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланади.

Фото: Telegram / @uzb_meteo

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида 23 март куни янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди.

Бу Амударё устидан ўтувчи кўприкка олиб борувчи темирйўл кўприги ҳисобланади. Кўприк қисмининг қулашига олиб келувчи сабаб аниқ эмас.

Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғловчи Амударё устига автомобил ва темирйўл қўшма кўпригини қуриш ишлари бошланган.

Янги кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти, бош лойиҳачи этиб «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти, бош пудратчи этиб «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамиятининг таркибий бўлинмалари белгиланган.

Амударё тумани ҳудудидан Хоразм вилояти ҳудудига темирйўл транспорти тармоғини йўлга қўйиш мақсадида Амударё тумани ҳудудининг шимолий қисмидан ўтувчи А-380 Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнев автомобли йўлининг 717–718-километр оралиғидан осма кўприк ўтказилган.

Ушбу кўприкка 14-сонли кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган. Мазкур балкалар кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.

Ҳозирда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган.

Мавзуга оид