Ўзбекистон | 12:19 / 25.03.2023
27460
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек олимлари саратонни 99 фоиз даволайдиган дори яратдими? ЎзФА изоҳ берди

Ўзбек олимларининг саратонни 99 фоиз даволайдиган препарат ишлаб чиққани ҳақидаги маълумот нотўғри талқин қилинган. Дори фақат саратоннинг битта турини юқори самарадорликда даволашга мўлжалланган.

Фото: Getty Images

Ўзбек олимларининг саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиққани ҳақидаги интревю ЎзАда элон қилингач, бунга жамоатчиликда эътирозлар пайдо бўлди. Ўзбекистон фанлар академиясининг изоҳ беришича, интервюда айтилган Lyutetsiy-177 PSMA-617 радиофармацевтик дори воситаси саратоннинг фақат бир тури, яъни асосан катта ёшдаги эркакларда учрайдиган простата бези ракини даволашда самарали ҳисобланади.

Шу билан бирга, тўртинчи ва бешинчи дозаларида тананинг бошқа қисмларидаги метастазаларга ҳам терапевтик таъсир кўрсатиши кузатилган. Академия ахборот хизмати, интервю бошқа сайтлар томонидан ўта қисқартирилган ҳолда қайта чоп этилгани сабаб PSMA тўғрисидаги маълумот тушириб қолдирилган дея изоҳ берган.

“Бу билан аҳоли ўртасида бу дори воситаси барча рак касалликларини даволайди деган тушунча пайдо бўлган”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, ЎзФА оммавий ахборот воситалари вакилларидан янгилик ва ахборот тарқатишда қайси манбадан олингани, берилаётган фактлар тўғрилигига алоҳида эътибор беришни сўраган.

Мавзуга оид