«Султон»га қарши «Ганди». Эрдўғаннинг сайловдаги рақиби ким?
14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Эрдўған фалокатли зилзиладан кейин туркларнинг аввалги каби ишончига сазовор эмас. Сайловда Туркиянинг амалда охирги 20 йилдаги раҳбари мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғлига қарши курашади. Мухолифат Эрдўған билан «жанг» учун танлаган номзоди ким ўзи?
«Қариб қуйилмаган» сиёсатчи
Қиличдорўғли 74 ёшда, Эрдўғандан 6 ёш катта. Лекин сиёсатда Эрдўғандан эскироқ деб бўлмайди. У 2010 йилдан буён Жумҳурият халқ партияси етакчиси ҳисобланади. Бу партияни замонавий Туркия асосчиси ва мамлакатнинг биринчи президенти Камол Отатурк тузгани ҳам унинг аҳамиятидан далолат беради.
Кўпчилик мухолифатчилар танлаган номзод Қиличдорўғли эканини билгач, сайловда Эрдўғаннинг устунлиги сезиларли бўлиши ҳақида гапириб, мухолифат вакилининг ёши катталигига эътибор қаратди. Лекин эътибор беришга арзигулик бошқа жиҳатлар ҳам бор.
«Турк Гандиси»
Қиличдорўғлини кўпчилик ҳурмат қилар, лекин кўпи билан бамаъни сиёсатчи деб биларди. 2016 йил ёзда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришидан кейин эса қария сиёсатчи катта машҳурликка эришди. У аввалига давлат тўнтаришига уринишни Туркия демократиясига таҳдид деб атади. Эрдўған томонидан мамлакатда ёппасига сиёсий «тозалаш» ишлари бошланиб кетгач эса фикрини ўзгартирди. У тўнтариш бошқарилган деган гумонни билдириб, Эрдўғаннинг «тозалаши»ни кескин қоралади.
2017 йил ёзда минглаб одамлар Анқарада намойишга йиғилиб, Истанбулгача пиёда юриб боришга қарор қилди-да, буни «адолат марши» деб аташди. Намойишчилар Истанбулга етиб борганда Камол Қиличдорўғли уларнинг қаршисида нутқ сўзлади. Ўшанда сиёсатчининг бир қўлини кўтарган ҳолда югургани машҳур бўлиб кетганди. Ўз нутқида сиёсатчи мамлакатдаги суд тизими ислоҳ қилиниши кераклигини таъкидлаганди.
Туркия сиёсий ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмаса-да, кўпчилик одамларнинг фикрини ўзгартирган ўша юришни ҳиндистонлик сиёсатчи Моҳандос Ганди бошчилик қилган «туз марши»га ўхшатишади. Шу тариқа, Камол Қиличдорўғлини «Турк Гандиси» деб атай бошлашди. Унинг ташқи кўриниши ҳам афсонавий сиёсатчи Гандини эслатиб юборади.
Нега у?
Туркия сиёсатига бефарқ бўлмаганлар Эрдўғаннинг сайловдаги рақиби Қиличдорўғли бўлишидан хабар топгач, ажабланган бўлиши мумкин. Чунки кўпчилик сайловда Эрдўғанга Истанбул мэри Акром Имомўғли рақиблик қилишини кутаётганди. Туркиянинг энг катта шаҳри мэрлиги учун сайловларда Имомўғли ғолиб бўлгач, Эрдўған сайлов ҳаққоний ўтганига шубҳа қилиб, овоз беришни қайта ўтказишга эришганди. Қайта овоз беришда эса Имомўғли янада кўпроқ овоз олиб, қайсидир маънода Эрдўғаннинг «попугини пасайтириб қўйганди».
Шунингдек, Анқара мэри Мансур Явашнинг ҳам Туркиядаги обрўси баланд ва у ҳам президентликка мухолифат номзоди бўлиши мумкин эди. Аммо унинг миллатчилик ғояларини қўллаши сайловда халақит бериши мумкин деб ҳисобланди. Чунки Туркияда кўп миллат вакиллари яшайди. Мухолиф партия вакиллари айнан Камол Қиличдорўғли Туркиядаги барча миллат ва қатламларни бирлаштира оладиган номзод деб топди. Хусусан, курдларни ҳам.
Нималар ваъда қилмоқда?
Қиличдорўғли Эрдўған каби пиарга уста эмас, аммо амалдаги Туркия етакчисининг бошқаруви давомида пайдо бўлган камчиликларни тузатишга интилишини айтмоқда. Масалан, Туркия Марказий банкининг фаолиятини мустақил қилмоқчи. Эрдўған лира курси сабаб мамлакат молиясини «қўлда бошқариш»га ҳаракат қилди ва иқтисодий ҳолатни янада ёмонлаштириб юборди.
Қиличдорўғли мамлакатда сўз эркинлигини ҳам таъминламоқчи. Эрдўған даврида Туркияда сўз эркинлиги жуда ёмон аҳволга келиб қолди дейиш мумкин. Эрдўғанни танқид қилганларнинг жуда кўпчилиги қамалди. Туркия жиноят кодексида «Президентни танқид қилиш учун» деган бутун бошли модда бор ва 2014 йилдан 2019 йилгача бу модда билан нақ 27 мингта иш очилган. Бу эса сўз эркинлиги қандай аҳволда эканидан далолат.
Мухолиф сиёсатчи Туркиянинг НАТОдаги мамлакатлар билан можароларини ҳам бартараф қилмоқчи. Охирги вақтларда Швеция билан келишмовчиликлар ҳам Туркия учун яхшигина бошоғриқ бўлмоқда. Шунингдек, мамлакат алянсдаги аъзо давлатлар, хусусан, АҚШ билан ҳам тез-тез зиддиятга бориб туради. Қиличдорўғлининг асосий таклифи эса Туркияни яна парламентар республика бошқарувига қайтаришдир. 2018 йилдан буён Туркияда суперпрезидентлик бошқаруви амалда. Бу президент ваколатини ҳаддан ташқари ошириб юбориб, мамлакат ички сиёсий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатган.
Танқидчилар ҳозирги Туркия ҳукуматида ўз ишига муносиб инсонлар эмас, Эрдўғанга содиқлар ишлаётганини айтиб келишади. Қиличдорўғли эса сайланадиган бўлса, Акром Имомўғли ва Мансур Явашни вице-президент қилмоқчи. Яъни у атрофида чинакам сиёсатчиларни тўплашни мақсад қилган.
Курдлар қўллайдими?
Мухолифат Қиличдорўғли сайловларда курдларнинг ҳам кўнглини топа олади деган умидда. Туркияда 15 миллиондан ортиқ курд яшайди ва улар курдларга бўлган кескин сиёсати (нафрати дейиш ҳам мумкин) сабаб Эрдўғанни қўлламаслиги ҳақиқатга яқин. Курдларнинг қўлловисиз эса сайловда енгиш имконсиз. Қиличдорўғли шу кунларда курдларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи Халқлар демократик партияси раҳбарияти билан учрашмоқчи. Агар ўша учрашувда Қиличдорўғли курдларни ишонтира олса, сайловда катта устунликка эга бўлиши мумкин.
Халқлар демократик партияси раиси ўринбосари Митхат Санкар курдлар Қиличдорўғлини қўллаши мумкинлиги ҳақида гапирган. «Бизнинг асосий умидимиз кучли демократияга ўтиш. Агар асосий масалалар бўйича келиша олсак, биз сайловда уни қўллашга тайёрмиз», деди курдлар вакили.
Қиличдорўғли алавит
Камол Отатурк партиясининг охирги 13 йилдаги етакчиси ва бугун президентликка номзод сифатида кўрсатилган Камол Қиличдорўғли сайловда ғолиб бўлиши учун халақит берадиган жиддий омил бор – у алавийлардан ҳисобланади. Яъни шиа мазҳабига мансуб. Аммо алавийлар ўзларини Эрондаги шиалардан фарқли ҳисоблашади.
Озчилик орасида ҳам озчиликни ташкил этувчи алавийларга эса Туркияда муносабат яхши деб бўлмайди. 16-асрда Усмонийлар Ҳалабда алавий уламоларни қиличдан ўтказгани ҳақида ҳам гаплар бор. Яъни алавийлар бир неча асрдан буён ўзларини «турк диёрида хушланмайдиган» одамлар деб билишига асос бор.
Сурия президенти Башар Асад ҳам алавийлардан-ку дейиш мумкин, лекин Туркия ва Сурияни солиштириб бўлмайди. 85 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Туркия аҳолисининг аксарини сунний мусулмонлар ташкил этади. Шу боис, Эрдўған ҳар қандай сайловга катта ишонч билан боради-ки, диний қатлам уни қўллашини жуда яхши билади. Сайловдаги рақиби алавий шиалардан бўлиши эса Эрдўғанга ҳаддан ташқари катта устунлик беради. Чунки Туркияда алавий одамнинг президент бўлиши тасаввур қилишнинг ўзи қийин масала.
Камол Қиличдорўғли алавий эканини яширмайди. «Ҳа, алавийман, бунинг нимаси ёмон?» деганди президентликка номзод бир неча йил аввал интервюларидан бирида. У инсонга диний қараши асосида муомала қилмаслик кераклиги ҳақида ҳам кўп гапирган, аммо бундай баёнотлар сайловдаги Эрдўғаннинг устунлигини камайтириши қийин.
Эрдўғандан безор бўлишдими?
Ҳа, Эрдўғаннинг сайловдаги энг катта устунлиги рақибининг кутилган даражада кучли эмаслиги дейиш мумкин. Айтайлик, Эрдўған каби мусулмонлар олдида кўп кўриниш берадиган, масжидларга тез-тез борадиган ва дунёдаги мусулмонлар билан боғлиқ масалаларда тезда муносабат билдирадиган, шу билан бирга демократия йўлидан боришни истовчи тахминан Акром Имомўғли даражасидаги сиёсатчи зилзиладан кейинги сайловларда Туркиянинг 20 йиллик раҳбарини енгишига ишониш мумкин эди. Бугун Эрдўған асосан диний кўпчиликкагина таяниб тахтда қолаётганини Туркиянинг ўзида ҳам гапиришмоқда.
Таҳлилчилар Эрдўғанни доимий қўлловчи сайловчилар зилзила оқибатида келиб чиққан коллапсга ҳам кўз юмиб яна ўз «султони»ни сайлашлари мумкинлигини айтишмоқда. Лекин Туркияда замонавий ёш қатлам демократияни истаётгани Эрдўған учун сайловни жиддий синовга айлантиради. Туркиянинг бошқа Осиё ва мусулмон давлатларидан фарқи ҳам шунда, бу ерда сайловни ютиш борган сари қийинлашиб бормоқда.
Камчиликлари нимада?
Камол Қиличдорўғлида сайловолди кампания давомида муаммолар етарли. Кўпчилик унда харизма етишмаслигини айтмоқда. Отатурк партияси етакчисида чиндан сўзамол ва халқнинг меҳрини қозонишга уста Эрдўғанга қарши нотиқлик кўринишида қурол кўзга ташланмаяпти. Бу борада Қиличдорўғли исмдоши Камол Отатуркка ҳам, «қиёфадоши» Моҳандос Гандига ҳам ўхшамайди.
У Эрдўғанни «ер билан битта қиладиган» баёнотлар беришига ҳам ишониб бўлмайди. Қиличдорўғли шунчалик одобли сиёсатчики, буни рақиблари ҳам таъкидлашган. Президентлик сайловларида ғолиб бўлиш учун аёвсиз дебатларга тайёр бўлиш керак. Эрдўғаннинг рақибида оммани жунбишга келтира оладиган характер ҳам йўқ. Шу боис Қиличдорўғлини «Эрдўған орзу қилган рақиб» деб ҳам аташмоқда.
Мавзуга оид
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:52 / 17.12.2024