Ўзбекистон | 14:06 / 06.04.2023
11013
2 дақиқада ўқилади

Коррупциявий жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Фото: Senat.uz

Жиноят кодекси “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланяпти ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилмоқда.

Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланмайди.

Қонунга мувофиқ давлат органи ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, нодавлат нотижорат ташкилот хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан мазкур ўзгартиришлар коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо белгиланишига ҳамда жиноят оқибатида жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид