Жаҳон | 09:06 / 12.04.2023
7096
2 дақиқада ўқилади

Украина бош вазири: қарши ҳужум ёзгача қолдирилиши мумкин

Украина қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни озод қилиш бўйича қарши ҳужуми ёзгача қолдирилиши мумкин, дея маълум қилди Украина бош вазири Денис Шмигал. 

Денис Шмигал

«Биз дўстларимиз ва ҳамкорларимиз томонидан ҳужум бошланиши вақти бўйича босим сезмаяпмиз, - деди у Американинг The Hill нашрига берган интервьюсида. - Бизнинг барча дўстларимиз ва ҳамкорларимиз ҳужумга ўтиш учун бунга 100 фоиз ва ундан кўпроқ тайёр бўлиш кераклигини тушунишади».

АҚШ разведкаси Украина қўшинлари концентрацияси, ўқ-дорилар ва жиҳозлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар Киевнинг режалаштирилган қарши ҳужуми ҳақидаги тахминларга мос келмайди, деб ҳисоблайди ва афтидан, босиб олинган ҳудудларнинг фақат кичик бир қисмини Россиядан қайтариб олишга имкон беради, деб ёзади The Washington Post газетаси 10 апрель куни интернетдаги манбалар ва махфий ҳужжатларга асосланиб.

Нашр февраль ойига бориб тақаладиган «ўта махфий» ҳужжатларга иқтибос келтирган бўлиб, унда Украина ҳужуми «камтарона ҳудудий ютуқларга» олиб келиши мумкинлиги айтилади. Киев Украина шарқидаги ҳудудларни қайтариб олишни ва Россия армиясини аннексия қилинган Қримдан узиб қўйиш учун жанубда олға силжишни режалаштирмоқда, бироқ «кучли Россия мудофааси, украиналик аскарларнинг етарлича таъминланмагани ва тайёр эмаслиги олдинга силжишни тўхтатиб қўйиши, йўқотишларни кучайтириши мумкин», деб ҳисоблайди АҚШ разведкаси.

АҚШ расмийларининг WP нашрига айтишича, бу каби прогнозлар Миллий разведка кенгашининг ҳисоб-китобларига ҳам асосланган. Уларга кўра, Украина Харкив ва Херсон вилоятларидаги кузги ҳужумдагидек кўп ҳудудни қайтариб олиши даргумон.

Мавзуга оид