Жаҳон | 15:48 / 14.04.2023
10220
2 дақиқада ўқилади

Россия нефть экспорти март ойида уч йиллик энг юқори кўрсаткичга чиқди

Ғарб санкцияларига қарамай, Россия нефть экспортини охирги уч йил ичида энг юқори даражага кўтарди. Шу билан бирга, Россиянинг даромади сезиларли даражада камайди, дея хабар берди Халқаро энергетика агентлиги.

Фото: AP

Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши сабабли Ғарб жорий этган санкцияларга қарамай, РФдан нефть экспорти март ойида деярли уч йил ичида энг юқори кўрсаткичга чиқди. Шу билан бирга, Россиянинг нефть экспортидан тушган даромади ўтган йилга нисбатан кескин камайди, дейилади Парижда жойлашган Халқаро энергетика агентлиги (IEA) 14 апрель, жума куни эълон қилган ҳисоботида.

Ғарб Россияга қарши кенг қамровли санкциялар, жумладан, нефть ва нефть маҳсулотларига нархларни чеклаш ва ЕИ эмбаргосини жорий қилди. Россия бунга жавобан нефть қазиб олишни кунига 500 минг баррелга қисқартирди ва апрель ойи бошида унинг ОПEК+’даги ҳамкорлари ҳам нефть қазиб олиш ҳажми камайганини эълон қилиб, жаҳон бозорларида шокни келтириб чиқарди, деб ёзади AFP. 

Шу билан бирга, март ойида Россиядан нефть етказиб беришнинг умумий ҳажми кунига 600 минг баррелга ошиб, 8,1 миллион баррелга етди. 

Россиянинг нефть даромади март ойида 1 миллиард долларга ошиб, 12,7 миллиард долларга етган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан 43 фоизга камайган. 

IEA экспертлари фикрига кўра, Россия даромадларининг ўсиши асосан нефть экспортининг коронавирус пандемияси бошланишидан олдинги даражага қайтиши билан боғлиқ (гап кунига 450 минг баррелдан 3,1 миллион баррелгача ўсиши ҳақида кетмоқда). Хом нефть экспорти кунига 100 минг баррелга ошиб, 5 миллион баррелга етди. 

Мавзуга оид