Жаҳон | 18:01 / 26.04.2023
22218
16 дақиқада ўқилади

Россиянинг юзига тортилган қора чизиқ – «Магнитский рўйхати» нега тузилган эди?

​​​​​​​2008 йилда Россиядаги консалтинг компаниясида аудитор бўлиб ишловчи Сергей Магнитский қамоққа олинади. Унга катта миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш бўйича айблов эълон қилинади. Орадан 11 ой ўтгач Магнитский тергов ҳибсхонасида шубҳали тарзда вафот этади. Кейинчалик у ва унинг шериклари айрим амалдорлар Россия бюджетидан қарийб 200 млн доллар ўғирлаганини фош этишгани ва аудитор шу сабабли ўлдирилгани маълум бўлади.

Фото: Kun.uz

2023 йил 17 апрел куни россиялик мухолифатчи ва публицист Владимир Кара-Мурза Москва шаҳар суди томонидан давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилди ва 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Кара-Мурзанинг узоқ муддатга қамалгани ҳақида фикр билдирган россиялик фаол, «Медиазона» мустақил нашри бош муҳаррири Сергей Смирнов «Кара-Мурза шубҳасиз Магнитский рўйхати учун 25 йилга қамалгани»ни айтди.

Хўш, бу қандай рўйхат? У россиялик амалдорларни нега жазавага туширади?

«Магнитский рўйхати» россиялик аудитор Сергей Магнитский номи билан боғлиқ. У 2007 йилда ўз ҳамкасблари билан Россия давлат бюджетидан 5,4 млрд рубл (ўша пайтдаги курс бўйича бу қарийб 200 млн доллар бўлади) ўзлаштирилиб юборилганини аниқлаганди.

Шундан сўнг Магнитский таъқибга учрайди ва 2008 йилда ҳибсга олинади. Унга катта миқдордаги солиқларни тўлашдан қочиш айби қўйилади. Сергей Москвада тергов қилинади ва ҳибсга олинганидан 11 ой ўтиб тергов изоляторида шубҳали тарзда вафот этади.

Магнитскийнинг ўлими хабари Россияда ҳам, унинг тергов қилинишини кузатиб борган Ғарб давлатларида ҳам нохушлик билан қарши олинади. Россиялик мухолифатчи сиёсатчилар – Борис Немцов ва Владимир Кара-Мурза эса Магнитскийнинг ўлимига дахлдор шахсларнинг дастлабки рўйхатини тузишади.

Кўп ўтмай АҚШ ана шу рўйхатни Магнитскийнинг ўлимига дахлдор бошқа тегишли номлар билан тўлдириб, уларга қарши санкциялар эълон қилади.

Кейинчалик, 2012 йилда АҚШда «Магнитский қонуни» қабул қилинади. Ўшандан буён аввалига россиялик, сўнг собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикаларнинг айрим фуқаролари ҳам турли ишлари учун «Магнитский рўйхати»га киритила бошлайди.

Магнитский билан содир бўлган ҳодисалар ва унинг ўлими

Hermitage Capital Management фонди раҳбари америкалик Уилям Браудер

Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети битирувчиси бўлган Сергей Магнитский 1995 йилдан бошлаб америкалик адвокат Жеймс Файерстоун томонидан ташкил этилган Firestone Duncan хусусий консалтинг компаниясида иш бошлайди.

Кейинчалик у компаниянинг солиқ консултацияси ва аудиторлик бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Ўша пайтда Россияда фаолият олиб бораётган кўплаб фирмалар Firestone Duncan’нинг мижозлари бўлиб, компания уларга ҳуқуқий хизматлар кўрсатарди.

Улар орасида Hermitage Capital Management фонди ҳам бор эди. Бу фонд ўша пайтда Россияда хорижий сармоя асосида ташкил этилган энг йирик фондлардан бири эди.

2004 йил июнида Hermitage Capital Management таркибига кирувчи «Камея» фирмаси раҳбарларига қарши даромадларни яшириш ва солиқлардан қочиш бўйича жиноят иши қўзғатилади.

2006 йилда кутилмаганда Hermitage Capital Management раҳбари Уилям Браудер фонд Россияда ўз фаолиятини тўхтатиши ва активларни сотишини эълон қилади.

Бу қарор кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Чунки ҳисоботларга кўра таркибида «Парфенион», «Махаон» ва «Рилэнд» каби очиқ ҳиссадорлик жамияти кўринишидаги фирма ва компаниялар бўлган фонд 2006 йилда қарийб ярим миллиард доллар даромад қилган, Россия бюджетига 230 миллион доллар солиқ тўлаганди.

Юқоридаги компанияларга офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган Glendora Holdings Ltd ва Kone Holdings Ltd компаниялари эгалик қилган. Учала компания Москванинг Межрайонной район солиқ инспекциясида рўйхатга олинганди.

Ўша пайтда Hermitage Capital Management инвестиция фонди Сергей Магнитский аудитор бўлиб ишлаган Firestone Duncan хусусий консалтинг компанияси мижози эди. Firestone Duncan ушбу инвестиция фондига турли хизматлар кўрсатиб келган.

2007 йилга келиб иш анча катталашади ва Россия ИИВ ходимлари аввалига Hermitage Capital Management компанияси офисида тинтув ўтказади. Полиция ходимларини «Парфенион», «Махаон» ва «Рилэнд» компаниялари фаолияти қизиқтирарди.

Кўп ўтмай инвестиция фондига хизмат кўрсатиб келаётган Firestone Duncan консалтинг фирмасида ҳам тинтув ўтказилади. Полиция ходимлари бу ердан фонд таркибидаги уч компанияга тегишли барча ҳужжатларни олиб кетишади.

Фонд раҳбари Уилям Браудер жиноятчилар фондни шу йўл билан тортиб олишга уринаётганини айтиб чиқади.

Кўп ўтмай «Парфенион», «Махаон» ва «Рилэнд» компаниялари Hermitage Capital Management таркибидан йўқолиб қолади ва Қозон шаҳрида рўйхатдан ўтган «Плутон» ОАЖ таркибида пайдо бўлади. 2007 йил кузга келиб бу компанияларнинг солиқ идораларида рўйхатдан ўтган манзиллари ҳам ўзгаради.

Табиийки Firestone Duncan консалтинг компанияси ўз мижози бўлган фонд атрофида содир бўлаётган ишлар бўйича суриштирув ўтказа бошлайди. Суриштирувлар давомида Firestone Duncan’нинг бир гуруҳ ходимлари – Эдурад Хайретдинов, Владимир Пастухов, Жеймс Файерстоун ва Сергей Магнитский фонд таркибига кирувчи бир қанча компаниялар солиқ органлари раҳбарлари билан тил бириктирган ҳолда жуда катта миқдордаги солиқдан қочиш учун унинг таркибида бўлган компанияларни бошқа компания таркибига ўтказганини аниқлашади.

Улар шу йўл билан солиқ органларига тўланиши лозим бўлган жами 5,4 миллиард рубл (ўша пайтдаги курс бўйича қарийб 200 миллион доллар бўлади) миқдоридаги пулларни ўзлаштиргани аниқланади. Суриштирувлар жараёнида Сергей Магнитский асосий ролда эди.

Шундан сўнг Магнитскийнинг бошида қора булутлар айлана бошлайди.  Солиқ органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар шу йўл билан ўз айбларини яшириб оммани чалғитишни мақсад қилишади.

2008 йил 24 ноябр куни Сергей Магнитский Hermitage Capital Management фонди раҳбари Уилям Браудерга солиқлардан қочишда ёрдам берганликда айбланиб, Москва шаҳар ИИБ солиқ жиноятларига қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади.

Шу куни Россия прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси Магнитскийга Hermitage Capital Management фондига нисбатан очилган иш доирасида солиқлардан қочиш бўйича айблов эълон қилади.

11 ой давом этган терговдан сўнг 2009 йил 16 ноябр куни Магнитский Москвадаги тергов ҳибсхонасида шубҳали тарзда вафот этади. Ўша йили 30 ноябр куни унга нисбатан очилган жиноят иши вафоти муносабати билан ҳаракатдан тўхтатилади.

Магнитский Hermitage Capital Management фонди таркибидаги компаниялар жуда катта миқдордаги солиқдан қочиш учун солиқ идораси раҳбарларига ва юқори лавозимли ИИБ ходимларига пора бергани ҳақида кўрсатма беради. Бироқ унинг бу кўрсатмаларига кўз юмилади.

Ҳибсга олишгандан сўнг Магнитский ўзини «гаровга олинган одам» деб атайди. Чунки уни айнан ўзи фош қилган амалдорлар ҳибсга олган ва унинг овозини ўчиришга уринишаётганди.

Магнитский вафот этганидан сўнг ҳибсхона маъмурияти аввалига у панкреонекроздан вафот этганини айтиб чиқади. Бироз ўтиб улар ўз маълумотларини ўзгартиради ва Магнитский ўткир юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Магнитскийнинг яқинлари томонидан уни такрор суд-тиббиёт текширувидан ўтказиш ҳақидаги илтимоснома рад этилади.

Кейинчалик ҳибсхона шифокорлари томонидан Магнитскийнинг ўлими бўйича тузилган актда у юрак етишмовчилиги туфайли вафот этгани қайд этилгани ойдинлашади.

Ўшанда Магнитскийнинг ташхис қоғозида у орқа мия жароҳати туфайли вафот этгани ҳам кўрсатилганди. Бироқ 2011 йилда ҳибсхона шифохонаси томонидан судга тақдим этилган актда Магнитскийнинг ўлимига орқа мия жароҳати сабаб бўлгани ҳақидаги қайдлар йўқ бўлиб қолганди.

Адвокатларнинг тасдиқлашича, Магнитский ҳибсдалигида қийноққа солинган ва оқибатда турли тан жароҳатлари олган. Ўз вақтида тиббий муолажа кўрсатилмагани учун вафот этган.

Магнитскийнинг ўлими Россияда жуда катта шов-шув келтириб чиқаради. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллари ўша пайтда Россия президенти бўлиб турган Дмитрий Медведевдан Магнитскийнинг ўлими билан боғлиқ ишни назоратга олиш ва тафтиш қилишни сўрашади.

2009 йил 24 ноябр куни Россия бош прокуратураси ўз ишига совуққонлик ва вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани важлари бўйича тергов ҳибсхонаси мутасаддиларига жиноят иши қўзғатади.

Орадан бироз ўтиб Магнитскийнинг ўлими юзасидан инсон ҳуқуқлари бўйича турли халқаро ташкилотлар, шунингдек британиялик ҳуқуқшунослар ва АҚШ сенаторлари чиқишлар қилишади. Улар Россия ҳукуматидан Магнитскийнинг ўлимига дахлдор шахсларга муносиб жазо берилишини сўрашади.

Бироқ Россияда Магнитскийнинг ўлими юзасидан бирор киши жиддий жазо олмайди. Шундан сўнг АҚШда «Магнитский қонуни» ишлаб чиқилади. Бу қонунда нафақат Магнитскийнинг ўлими бўйича айбдорларга, шунингдек, коррупцион ишларга аралашган ёки инсон ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўлган бошқа шахсларга ҳам санкциялар жорий қилиш назарда тутилганди.

«Магнитский қонуни»

2010 йил АҚШ сенати аъзоси Бенжамин Кардин АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтондан Магнитскийнинг ўлимига алоқадор бўлган 60 нафар россиялик амалдорларнинг АҚШга киришини тақиқлашни сўрайди.

2010 йил сентябрда АҚШ Конгресси Кардиннинг таклифини қўллаб-қувватлаб овоз беради. Ўша йили 16 декабр куни Европарламент ҳам 61 нафар россиялик амалдор Европа Иттифоқига киришини тақиқлаш ва уларнинг пулларини музлатиш бўйича резолюцияни қабул қилади.

Резолюция бандларини бажариш ЕИга аъзо бўлган давлатларга мажбурий эмас, тавсия кўринишида бўлади. Кимдир унга амал қилади, бошқалари эса йўқ.

АҚШдаги рўйхатда 60 нафар амалдор киритилган бўлса, ЕИ рўйхатида ўша 60 киши ёнига Магнитский иши бўйича ноҳақ ҳукм чиқарган судя Артур Карпов ҳам қўшилади.

2012 йилда АҚШ Давлат департаменти Магнитский ўлимига алоқадор 60 нафар россиялик амалдорнинг АҚШга кириши тақиқланганини эълон қилади.

Кейинчалик россияликларнинг дастлабки рўйхатини Борис Немцов ва Владимир Кара-Мурза тузиб бергани ойдинлашади.

Россиялик таниқли мухолифатчи Борис Немцов Магнитскийнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисани адолатли тафтиш қилишни талаб қилиб ўтказган пикет.

Кўп ўтмай АҚШда дунёнинг турли давлатларида йирик коррупцион ишларга аралашган ва инсон ҳуқуқлари поймол қилинишига сабаб бўлган шахсларнинг Америкага киришини тақиқловчи қонунга эҳтиёж борлиги маълум бўлади.

2012 йил АҚШ Конгресси ташқи ишлар қўмитаси «Магнитский қонуни» номини олган қонун лойиҳасини эълон қилади. 2012 йил 16 ноябр куни ушбу қонун Конгресснинг қуйи палатасида, 2012 йил 6 декабр куни Сенат томонидан тасдиқланади. 2012 йил 14 декабр куни эса президент Барак Обама томонидан имзоланади ва у кучга киради.

Бу қонунда АҚШ молия вазирлигига хорижий давлатлар фуқаролари бўлган жиноятчилар ва коррупционерларга мустақил равишда санкциялар жорий қилиш имконияти берилади. Шундан сўнг бир неча йил давомида «Магнитский рўйхати»га собиқ иттифоқ республикалари фуқаролари ҳам киритиб борилади.

Кейинчалик, «Магнитский қонуни»га ўхшаш қонунлар бошқа давлатлар томонидан ҳам қабул қилинади. Жумладан, 2016 йил 6 декабрда Эстонияда, 2017 йил 19 октябрда Канадада, 2017 йил 21 февралда Британияда, 2017 йил 25 октябрда Литвада, 2018 йил 8 февралда Латвияда.

«Магнитский қонуни»нинг Россиядаги акс-садоси

2012 йил 6 ноябр куни, бу вақтда президентликка қайтган Владимир Путин Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюковни истеъфога чиқаради. Ўшанда бу қарор Сердюков мудофаа ишларини тўғри ташкил эта олмагани билан боғлиқ бўлгани айтилади.

Анатолий Сердюков

Бироқ «Новая газета» нашри Сердюков АҚШ молия вазирлиги томонидан «Магнитский рўйхати»га киритилгани учун ишдан бўшатилганини ёзиб чиқади.

Гап шундаки, Сердюков солиқчилар турли компаниялар билан яширинча келишиб бюджет пулини ўзлаштирган ва оқибатда «Магнитский иши» очилган 2004-2007 йилларда Россия федерал солиқ хизмати раҳбари бўлганди.

Бундан ташқари, «Магнитский қонуни» кучга кирганидан сўнг Россия ҳукумати бу қонун Россиянинг Ғарб билан ўзаро алоқаларига путур етказишини маълум қилади. Жумладан, бош вазир Дмитрий Медведев АҚШда қабул қилинган қонунга муносиб жавоб берилишини айтиб чиқади.

Шундан сўнг бир муддат АҚШдан келтирилаётган турли маҳсулотларнинг Россияга киритилиши бюрократик тўсиқлар орқали қийинлаштириб қўйилади.

Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Магнитский қонуни» ҳақида гапира туриб, худди шундай қонун Россияда ҳам қабул қилинишини айтади.

Россия ҳукуматидагилар эса «Улар (яъни америкаликлар) ўз рўйхатига неча кишини киритса, биз ҳам шундай қиламиз ва АҚШ фуқароларидан ўшанча одамнинг Россияга киришини тақиқлаб қўямиз. Агар рўйхатни кенгайтиришса, биз ҳам кенгайтирамиз» деб чиқишади.

2012 йилда Россияда «Магнитский қонуни»га қарши қонун ишлаб чиқилади. 14 декабр куни қонун лойиҳаси Давлат думаси тасдиғидан ўтади, 28 декабр куни қонун Путин томонидан имзоланади ва кучга киради.

«Магнитский рўйхати» кенгайиши

2012 йилда америкаликлар «Магнитский рўйхати»га дастлаб 60 нафар россиялик амалдорни киритган бўлса, 2013 йилда АҚШ молия вазирлиги рўйхатга Россия ва Украина фуқаролари бўлган яна 18 кишини киритади. Улар орасида Россия бош прокуратураси, ички ишлар вазирлиги ва солиқ хизматининг юқори лавозимли шахслари ҳамда қамоқхоналар бошлиқлари, таниқли судялар бор эди.

Кейинчалик ҳар йили рўйхатга янгидан янги одамлар қўшилиб, у кенгайиб бераверади.

2016 йилда АҚШ Конгресси «Магнитский қонуни»ни кенгайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилади. Янги қонунда «Магнитский рўйхати»га нафақат собиқ иттифоқ республикалари, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатлари фуқароларини ҳам киритиш назарда тутилганди.

«Бутунжаҳон Магнитский қонуни» деб номланган янги қонун 2016 йил 24 декабр куни Барак Обама томонидан имзоланади ва кучга киради. Ўшандан буён АҚШ молия вазирлиги дунёнинг турли давлатларида коррупцион жиноятларни содир этишда гумонланган шахсларни рўйхатга киритиб келмоқда.

Бу рўйхатдан ўрин олган шахсларнинг АҚШга кириши тақиқланади. Шунингдек, уларнинг Америка банкларидаги пуллари музлатилади.

«Магнитский рўйхати»да ўзбекистонликлар ҳам борми?

2017 йил 21 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат молия вазирлиги томонидан тақдим этилган янги рўйхатни тасдиқлаш ҳақидаги қарорни имзолайди.

Унга кўра, «Магнитский рўйхати»га Гулнора Каримова ва Ғафур Раҳимов ҳам киритилган. Ўша пайтда АҚШ молия вазирлиги сайтида «Гулнора Каримова бизнес фаолиятини ривожлантириш учун давлат мулкини талон-торож қилишда, кучли уюшган жиноятчилик гуруҳини бошқариш, бозор монополиясини яратиш, порахўрлик ва босқинчиликда айблангани» ёзилган эди.

ТАСС агентлигига кўра, ўшанда «Магнитский рўйхати»га Ғафур Раҳимов билан бирга россиялик 9 нафар криминал авторитет деб талқин қилинадиган шахслар – Юрий Пичугин, Рубен Татулян, Олимжон Тўхтаохунов, Владимир Тюрин, Захарий Калашов, Василий Христофоров, Қамчибек Колбаев, Лаша Шушанашвили ва Владислав Леонтьев ҳам киритилган.

«Молия вазирлиги «қонундаги ўғрилар»ни «собиқ совет иттифоқи, Европа ва Қўшма Штатларга тарқалиб кетган кенг қамровли жиноий ташкилот» деб характерлайди. Улар жумладан, «пул маблағларини ювиш, товламачилик, пора бериб оғдириш, босқинчилик билан шуғулланади», дейилади вазирлик ҳисоботида. Чунончи, АҚШ ҳудудида «қонундаги ўғрилар» томонидан йўналтирилувчи жиноий хатти-ҳаракатларга Америка ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан катта эътибор қаратилади.

«Биргина жорий йилнинг ўзида АҚШнинг ваколатли органлари йигирмадан ошиқ кишига, жумладан, «қонундаги ўғрилар»га зўравонлик ишлатилган жиноятлар, фирибгарлик, ўғирланган товарларни айрибошлаш учун айблов эълон қилган», деб ёзган эди АҚШ молия вазирлиги.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид