Тайван қандай геостратегик аҳамиятга эга?
Қарийб 70 йилдан бери АҚШ ва Хитой ўртасида «тутаб турувчи» можаро аланга олиши мумкинми?
Бир неча ўн йиллардан бери Тайван бўғози Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги потенциал кескинлик нуқтаси бўлиб келади. Ғарбий Тинч океанининг бошқа ҳеч бир жойида ХХР ва АҚШ манфаатлари тўғридан тўғри тўқнашмайди.
Вашингтон томони расман «ягона Хитой» сиёсатига амал қилади ва фақат Пекинни тан олади; Тайван билан эмас, айнан ХХР билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Шу билан бирга, Тайван билан иттифоқчилик муносабатларини ҳам сақлаб келади.
Хитой эса Тайванни ХХР таркибига кирувчи исёнкор провинция деб билади. АҚШнинг Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ҳар қандай баёнотини Хитой томони “қизил чизиқ”ни кесиб ўтиш сифатида баҳолайди.
Нима учун Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги рақобатда Тайван муҳим геостратегик аҳамият касб этади?
Биринчидан, геоиқтисодий томондан Тайван Хитой тараққиёти учун мислсиз даражада муҳим. Замонавий ХХР денгизларга қарам бўлган қуруқлик давлатидир. Хитой озиқ-овқат, хомашё ва энергия ресурсларининг жуда катта қисмини импорт қилади, шунингдек, тайёр маҳсулотларини бозорга чиқариши керак. Буларнинг барчаси денгиз йўллари орқали амалга оширилади.
1980 йиллардан бошлаб Ден Сяопиннинг иқтисодий ислоҳотлари даврида Хитойнинг иқтисодий марказлари мамлакат ички қисмидан қирғоққа кўчди. Махсус иқтисодий зоналарнинг кўпчилиги қирғоқ ҳудудларда ташкил этилди ва иқтисодий ривожланиш мамлакатнинг қирғоқ шаҳарларида тўпланди.
Тайван бўғози эса Хитой, Япония, АҚШ ва Европа ўртасидаги асосий юк ташиш йўли ҳисобланади. Шанхай, Нингбо, Шенчжен ва Гуанчжоу каби дунёдаги энг катта ва гавжум портларнинг барчаси Тайван бўғозининг тўғридан тўғри қаршисидаги қирғоқда жойлашган. Bloomberg маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида дунёдаги энг йирик савдо кемаларининг 88 фоизи ушбу бўғоз орқали ўтган. Умуман олганда, Тайван устидан назорат ўрнатиш Хитойга ўзининг асосий стратегик марказлари учун ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қалқон яратади.
Иккинчидан, Тайван микрочип саноатидаги асосий ўйинчи ҳисобланади. Бир неча йилдан бери Хитой ва АҚШ ўртасида давом этаётган технологик доминантлик учун рақобатда бу жуда муҳим омил сифатида кўрилади. Шу нуқтайи назардан, смартфонлар, компьютерлар, транспорт воситалари, сунъий интеллектга таянадиган қурол тизимлари ва бошқа юқори технологияли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун муҳим қувватлар жамланган ҳудуд бўлган Тайван устидан назорат Пекин ва Вашингтон учун жуда муҳимдир.
Тайванда жойлашган UMC, TSMC ва бошқа компаниялар томонидан жаҳон яримўтказгичларининг 60 фоизидан кўпроқ қисми ишлаб чиқарилади.
Учинчидан, Тайван аҳолисининг катта қисми Хитой билан қайта бирлашиш ва коммунистик режим билан сиёсий жиҳатдан боғланишни хоҳламайди. Етмиш йилдан ортиқ вақт давомида расмий Пекин тайванликларга жозибадор бирлашиш моделини тақдим этолмади. Хитойнинг Гонконгда амалга оширган ҳаракатлари эса “бир давлат, икки тизим” моделини амалда тугатди.
Тайваннинг тўла мустақилликка ёки мавжуд status-quo’ни сақлаб қолишга уриниши Хитой коммунистик «иморат»ининг тўла шаклланишига имкон бермайди. Аксинча, Тайван демократияси Хитой халқига «нотўғри» ғояларни сингдириши мумкин.
Ўз навбатида, АҚШнинг энг яқин ҳамкорлари доимо демократик давлатлар бўлиб келган. Тайванни йўқотиш эса Американинг демократияни ёйишни назарда тутувчи глобал қадриятларга асосланган сиёсатига салбий таъсир кўрсатади ва АҚШ-ХХР ўртасидаги мафкуравий рақобатнинг асосига зарба беради.
Тўртинчидан, агар АҚШ Хитойга Тайванни эгаллашга рухсат берса ва жавоб ҳаракати амалга оширмаса, Япония, Австралия, Ҳиндистон ҳамда дунёнинг шу қисмидаги барча бошқа давлатлар, жумладан, Жанубий Корея ҳам АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқади. Бу эса Хитойга қўшниларига босим ўтказиш учун улкан географик ва стратегик афзалликлар беради ҳамда АҚШнинг минтақадаги таъсирини кескин равишда чеклаб қўяди.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
18:12
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17
АҚШ рекорд миқдордаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
12:54