Жамият | 15:59 / 03.05.2023
31053
2 дақиқада ўқилади

Nemolchi.uz лойиҳаси муаллифи ўзига ўлим таҳдиди бўлгани ҳақида хабар берди

У шу туфайли Ўзбекистонни вақтинча тарк этганини маълум қилган.

Фото: Ирина Матвиенко / Facebook

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўзига ўлим билан таҳдид қилингани, шу сабабли бир муддат мамлакатни тарк этганини билдирди.

Апрел ойида номаълум шахс унга Telegram орқали таҳдидли хабар йўллаб, уни ўлдирмоқчи экани ҳақида ёзган.

Ҳуқуқ фаолининг тан олишича, у дастлаб бу хабарга «аҳмоқона ҳазил» сифатида қараган. Лекин кейинроқ унга подъездга кириш қўрқинчли бўлиб қолган.

«Ўлим билан таҳдид қилинганидан кейин хатти-ҳаракатларим ўзгарди. Мен буни кимнингдир аҳмоқона ҳазилидек қабул қилишга ҳаракат қилдим, лекин подъездга кириш, коридор бўйлаб офисга бориш қўрқинчли бўлиб қолди. Ичкарига кириб, қўлимда учи ташқарига қараган (йўналтирилган) калит билан масофадан туриб ҳар бир бурчакни кўздан кечирдим. Зинадан лифтда эмас, пиёда юқорига ва пастга тушиб чиқдим. Эримдан майдончамизга чироқ ўрнатишни, умумий эшикка қулф осиб қўйишини сўрадим», деб ёзади у.

Матвиенко таҳдидли хабарларни психологга кўрсатган, мутахассис эса хабарнинг ёзилиш услубини руҳий касал одамникига ўхшаш деб баҳолаган.

Шундан кейин у маълум вақтга Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилган. Ҳозирда у Грузияда бўлиб турибди

«Мен, албатта, тез орада қайтиб келаман деб ўйлайман. Ҳозирча хавфсиз жойда тинчланиб олишим керак», дея қўшимча қилган у.

У 28 апрел куни таҳдидлар юзасидан Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилган.

ИИВ матбуот хизмати хабар беришича, Ирина Матвиенконинг шахсий аккаунтига юборилган таҳдидли хабар Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилмоқда.

Мавзуга оид