Пахтачидаги биринчиси эмас: Ўзбекистон тарихидаги техноген портлашлар
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида газ қуйиш шохобчасининг портлаши аҳоли орасида чинакам ваҳима уйғотди. Чунки ярим тунда кузатилган худди кинолардагидек қўзиқоринсимон аланга жуда баландга кўтарилди. Ўзбекистон тарихида жиддий техноген портлашлар бир неча марта кузатилган, уларда қурбонлар ҳам берилган.
Сирдарёдаги ўқ-дори омбори портлаши
2022 йил 22 октябрь куни тонгда Сирдарё вилоятининг Малик аҳоли пунктида жойлашган Мудофаа вазирлиги омборида катта портлаш юз берди. Портлаш кучи шунчалик бўлганки, у пойтахт Тошкентга қадар эшитилган. Ҳодиса жойидан 20-25 масофадаги Чиноз тумани аҳолиси ҳам кучли овоздан уйғониб кетишган, бу ҳудудларда ҳам деразалар титраган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларида шикастланганларнинг 11 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилгани, уларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилгани айтилади. Олти нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилиб жавоб берилгани билдирилган.
Деновдаги техноген ҳодиса
2021 йил 7 декабрь куни соат 3:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлган. Димланиб қолган газ чақнаши натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 4:02да воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 4:25да ўчирган. Чақнаш натижасида 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлиб, улар шаҳар шифохонасига ётқизилган, бир нафар фуқаро ҳалок бўлган. Шу куннинг ўзида давом эттирилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида яна бир жасад топилади.
Портлашда 65 та уй зарар кўрган, 6 та хонадон деворлари ёрилиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Портлаш оқибатида етказилган жами зарар 28,6 млрд сўмга баҳоланган. Ҳодиса бўйича уч киши айбдор деб топилиб, улар турли муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Портлаган автобуслар ва ўнлаб қурбонлар
2022 йил 18 август куни Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида АГТКСдан газ тўлдириб чиққан, Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли “Isuzu” русумли автобусда портлаш содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.
2018 йилнинг 18 сентябрида Бухоронинг Когон туманида ҳам “Isuzu” автобусдаги газбаллони портлаши натижасида 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этади. Яна 21 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олишган.
Янги-Ангрен энергоблокидаги ҳодиса
2021 йилнинг 20 январь куни соат 11:42да Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлди. Ҳодиса оқибатида уч киши вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган. Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган. ИЭС томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига 105 млн сўмдан моддий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисадан уч кун ўтиб, Янги-Ангрен ИЭСда цех раҳбари лавозимида ишлаб келган 40 ёшли С.Ш. уйида ўзини осиб, вафот этган. Марҳум ИЭСда содир бўлган портлаш иши бўйича терговга жалб қилингани билдирилган.
Когондаги сирли портлаш
2008 йилнинг июль ойида Бухоро вилоятининг Когон туманида ўқ-дори омборида техноген ҳодиса кузатилади. Собиқ иттифоқ давридан қолган ракета ва артиллерия ўқ-дори омборида юз берган давомли портлашлар натижасида Бухоро шаҳридаги деразалар ҳам синиб тушгани айтилади.
Хабарларга кўра, қурбонлар сони 3 нафар бўлган ва 21 киши турли даражада жароҳатланган. Ҳодиса жамоатчиликдан қаттиқ сир тутилган, қурбонлар сони бўйича ҳам турли тахминлар бўлган.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
12:18 / 08.12.2024
Самарқандда қаровсиз қолган 14 ёшли қиз вақтинча қариндошлари қаровига топширилди
14:26 / 28.11.2024
Самарқанд вилоятига янги раҳбар тайинланди
14:19 / 28.11.2024
Эркинжон Турдимов ишдан кетди
09:18 / 17.11.2024