Спорт | 03:39 / 10.05.2023
40870
7 дақиқада ўқилади

Анчелотти vs Гвардиола: ЕЧЛ финалчиси масаласи Манчестерда ҳал қилинади

«Реал» ва «Манчестер Сити» ўртасида «Сантьяго Бернабеу»да кечган биринчи яримфинал учрашувида ғолиб аниқланмади (1:1).

Фото: AFP

ЕЧЛ. Яримфинал
Биринчи ўйин
Реал — Манчестер Сити 1:1

9 май, «Сантяьго Бернабеу»
Голлар: Винисиус (36) — де Брюйне (67).
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Рюдигер, Камавинга, Модрич (Начо, 87), Кроос (Тчуамени, 84), Вальверде, Винисиус, Родриго (Асенсио, 81), Бензема.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Диаш, Аканжи, Стоунз, Гундўған, де Брюйне, Грилиш, Силва, Родри, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Кроос (45+3), Гундўған (71), Камавинга (79), Силва (86).

Чемпионлар лигаси яримфиналида қаторасига иккинчи мавсум «Реал» ва «Манчестер Сити» тўқнашмоқда. Ўтган йилги ўйинлар шедевр мақомига тўла мос бўлганди, жавоб ўйини эса еврокубоклар тарихидаги топ-ўйинлар қаторидан жой олганди. Албатта, футбол мухлислари ўша жангни унутмаган: 90-дақиқага қадар Пеп Гвардиола шогирдлари ўзини қаноатлантирувчи 1:0 ҳисобини ушлаб туришган (биринчи учрашувда 4:3), аммо қолган вақтда «Реал» икки гол уриб, ўйинни овертаймларга ўтказган ва қўшимча бўлимларда финал йўлланмасини расмийлаштирганди.

Бу сафар ҳам ушбу қарама-қаршилик ёнишини кутишганди ва биринчи ўйин ҳам мухлислар ишончини оқлади. Лекин тақвим кучлар нисбатига сезиларли даражада таъсир кўрсатди — ўтган йил баҳоридагидан фарқли равишда, ҳозир биринчи ўйин Мадридда бўлиб ўтди.

Мураббийлар кутилган бошланғич таркибни танлашди. Икки жамоада ҳам фақат ҳимоячилар позициясида йўқотиш бор эди — Эдер Милитаода сариқ карточкалар сони кўпайиб кетган, Аке эса жароҳат олган. Қолган позицияларда ҳеч қандай катта сюрпризлар кутишга ҳожат йўқ эди. Гвардиола ҳатто Стоунс олдинроққа чиқиб ўйнашига асосланган одатий гибрид схемани сақлаб қолди. Аммо Карло Анчелотти ҳайрон қолдира олди — ижрочилар танлови билан эмас, тактика билан.

Бегона майдонда «Реал» кўп ҳолларда тўпни рақибга бериб ўйнайди, аммо «Сантьяго Бернабеу»да мадридликлар деярли ҳамиша мезбонларга хос ўйнашга ҳаракат қилишади. Аммо «Манчестер Сити» билан ўйин кутилмаганда жуда пассив бошланди. Дастлабки 15 дақиқаликда меҳмонлар рақиб жарима майдонида тўпга тегиниш бўйича 14:0, тўпга эгалик бўйича 73 га 27 фоиз нисбатида қаймоқранглиларни ортда қолдиришди.

Инглизлар жамоаси барча жабҳаларда устунлик қилди ва тез-тез зарбалар берди: Де Брюйне, Родри ва Ҳоланд (икки марта) ўйиннинг дастлабки қисмида дарвоза соҳаси томон аниқ зарба беришди, лекин бу зарбалардан бирортасини юз фоиз голга тортадиган вазият деб ҳам бўлмасди. «Сити» футболчилари гўёки ўлчаб кўра бошлашди ва доимо шундай вазиятлар бўлишини тахмин қилишди.

Аммо кейинроқ маълум бўлишича, «Реал» шунчаки рақибнинг ҳушёрлигини сусайтиришни мақсад қилганди. Маълум вақтни кутиш билан ўтказгач, мезбонлар қарши ҳужумлар билан «Сити»ни қийнай бошлади. «Реал» ўйин олдидан майдоннинг барча нуқталарида кучли прессинг ўтказишни машқ қилгани кўриниб турарди ва бу аста-секин ўз мевасини бера бошлади. Биринчи бўлим ўрталарида Родри Винисиуснинг босими остида ўз жамоаси жарима майдони яқинида хато қилди, аммо Диаш сўнгги лаҳзада Бенземага узатмани дарвозага йўллашга тўсқинлик қилишга улгурди.

Ўтган еврокубок мавсуми барчани «Реал»ни ҳеч қачон барвақт ҳисобдан чиқармасликка ўргатган. Биринчи бўлим вақтида бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас, аммо барибир бу 45 дақиқалик кўп нарсани кўрсатиб турарди: унинг катта қисмини мадридликлар тўпсиз ўтказишди ва кўп вақтгача дарвоза томон бирор марта зарба берилмади, аммо испан пружинаси керакли вақтда очилди ва рақибга зарба берди. «Реал»нинг бу голи қарши ҳужумда урилмади, Камавинга тезлик олиб олдинга ташланди ва Винисиусни тўп билан таъминлади.

Танаффусга қадар нафақат футболчилар, балки португалиялик арбитр Артур Диаш ҳам диққат марказида бўлди, у бир неча вазиятларда баҳсли қарорлар чиқарди, кўпроқ «Реал» фойдасига. Ижтимоий тармоқларда «Сити»нинг кўплаб мухлислари норозилик билдиришди, лекин улар кўпроқ гол ўтказилганидан хафа эди. Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида меҳмонлар ташаббусни бой бериб қўйишди, айниқса Ҳоланд ҳафсалани пир қилди — умуман, Рюдигер ушбу норвегиялик ҳужумчига ўйин охирига қадар ўйин бермади.

Аммо «Сити» гол уришнинг бошқв йўлини топди. Танаффусдан кейин ўйин кескин ўзгарди: атайлабми ёки йўқ, аммо Гвардиола тўпни Анчелотти жамоасига топширди, аммо мезбонлар бундан фойда чиқара олишмади. «Реал» худдики бу ўйинда биринчи рақамда ўйнашга тайёр эмасдек эди — кўпроқ зарба бера бошлашди, аммо кўпинча зарбалар хато кетарди.

Меҳмонлар эса майдондаги картина ўзгаришига мослашишди ва яхши вазиятлар ярата бошлашди. Айниқса Де Брюйне фаол эди — у танаффусдан қайтилганидан ўн дақиқа ўтиб икки бор Куртуа қўриқлаётган дарвозани ишғол этишга яқин келди, аммо ватандоши унинг оғир зарбаларини бартараф эта олди. Лекин учинчи уринишда Кевинга Тибо ҳам дош бера олмади — «Реал» тўпни ўз жарима майдонига яқин ҳудудда йўқотиши голга олиб келди.

Мадридликлар, албатта, таслим бўлишмади. Бу жамоага бу тушунча умуман бегона. Иккинчи бўлимда «Қироллик клуби» берилган барча вазифаларни ҳам уддалай олмади, аммо ўйиннинг якуний қисми уларнинг ҳужумлари билан ўтди: Бензема бош билан яхши зарба берди ва Эдерсонни сейв қилишга мажбур этди, захирадан тушган Тчуаменида ҳам охирги дақиқаларда имконият бўлди — Эдерсон яна ўз ўрнида эди.

Мухлислар бошқа гол кўришмади ва энди бу қарама-қаршилик тақдири 17 май куни Манчестерда ҳал бўлади. Бу ўйинда эса яна кутилмаган ҳодисалар рўй бериши мумкин.

Мавзуга оид