Жамият | 10:37 / 18.05.2023
22792
5 дақиқада ўқилади

Гўшт ўрнига ловия — нега кўпроқ дуккакли маҳсулот ейиш керак?

Тупроқ сифатининг тушиши ва чўлланишга гўшт етиштириш саноати асосий сабаб ҳисобланади. Шунинг учун дунё гўшт ўрнини босувчи ва тупроқ унумдорлигини бузмайдиган маҳсулотлар ҳақида ўйлаб кўришни бошлади. Масалан, ловиянинг бир стаканини истеъмол қилиш орқали кунлик оқсилнинг 30 фоизини олиш мумкин.

Фото: Getty images

Йилига 59 килограмм ловия

Камроқ гўшт истеъмол қилиш экологок ўзгаришларга ижобий таъсир кўрсатади. Қандай қилиб? Гап шундаки, гўшт учун тобора кўпроқ ҳайвон боқилиши, тупроқ сифати ёмонлашуви, ўрмонлар кесилиши ва карбон газлар кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун дунё гўшт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳақида кўпроқ ўйлаяпти. Шундай маҳсулотлардан бири ловия. Хўш, нега одамлар кўпроқ ловия ейиши керак?

Ловиялар оқсилга бой, етиштиришга қулай ва ҳатто тупроқни яхшилашга хизмат қилади. Энг муҳими у гўштлардан арзон ва шунинг учун ҳам дунёда ловияга қизиқиш ортиб боряпти. Бу қизиқиш 2028 йилгача ловия истеъмолига талабни 2 баробар ошириб юбориши кутиляпти. Шундай бўлса ҳам ҳали ловиянинг аҳамиятини тушуниб уни кўп истеъмол қилиш оммалашмаган. Масалан, АҚШда бир киши ўртача 3,5 килограмм, Буюк Британияда 5,44 килограмм ва Руанда, Брунди каби мамлакатларда 59 килограмм истеъмол қилинади. Ловия ва дуккаклиларнинг оммалашмагани сабаби тўғри пишириш йўлларини ҳамма билавермаслигида ҳам бўлиши мумкин.

“Beans: A History” китоби муаллифи Кен Албала ҳозир дунёда турли компаниялар гўшт ўрнини босувчи оқсиллар ҳақида қайғураётганини айтади.

Тўғри, ҳеч ким севиб истеъмол қилаётган ҳамбургер ёки товуқ оёқчаларидан воз кечишни истамайди. Лекин ловиянинг ҳар томонлама фойдаси учун шундай қилса бўлади”, – дейди у.

Ерни яхшилайди ва оқсили кўп

Инсониятнинг ютуғи бу – ловия мавжуд бўлган ва уни бугун қайта ихтиро қилиш шарт эмаслигида. Лекин гўштга бўлган талаб сабаб ловияни ошхона ва ресторан менюларидан доимий ўрин олишини таъминлаш қийин. Our World in Data маълумотига кўра, дунё қишлоқ хўжалиги ерларининг 77 фоизида мол, товуқ ва чўчқа етиштирилади. Ва шунинг ўзи дунёдаги 37 фоиз оқсилни таъминлаб беради. Ловияда эса тескариси: қишлоқ хўжалиги ерларининг 23 фоизида етиштириладиган ловия дунёдаги оқсилнинг 63 фоизига тўғри келади.

Ловия учун мол, товуқ ва қўй гўштига қараганда камроқ ердан фойдаланилади

100 грамм оқсил учун фойдаланиладиган ер квадрат метрда

Пол Ньюнхем, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳимоя қилиш марказининг дунёда очликка барҳам бериш бўйича ижрочи директорининг айтишича, ловияни харид қилишга кўпроқ одамнинг қурби етади.

Cornell Cooperative Extension компаниясининг сабзавот бўйича мутахассиси Марги Лунд эса дуккаклилар, яъни ловия, нўхат ва ясмиқ тупроқ сифатини оширишига урғу беради. “Ловия ўсимликлари азотни тупроққа қайтаради ва бу табиий ўғит вазифасини бажаради. Ловия буғдой ёки карам билан алмашлаб экилганда, тупроқ унумдорлиги оширади”, – дея тушунтиради у.

Масалан, USDA’нинг ўсимлик етиштириш ҳисоботида қайд этилишича, АҚШда 2021-2022-йилларда ловияни алмашлаб экиш ҳисобига далалар 10 фоизга қисқартирилган бўлса ҳам, ҳосил 23 фоизга ошган.

Ўзбекистон ва ловия

Бир чашка ловия истеъмол қилинса, бу ўртача 15 грамм протеин ёки тавсия этилган кунлик миқдорнинг 30 фоизини ташкил қилади. Соя ловияси эса дуккакли экинлар бўйича энг оқсилга бойи ҳисобланиб, унинг 1 стаканидан кунлик протеин миқдорининг 63 фоизини (31,3 грамм) олиш мумкин.

Турига қараб 1 стакан ловиядаги оқсиллар

Умуман қадимги дунёдан ловиялар инсоният тарихида кенг тарқалган бўлган. Масалан ловиянинг фава деб аталадиган турини қандай тайёрлаш Миср иероглифларида ҳам бўлган. Маълумотларга кўра, инсоният тарихида ловиянинг мингдан ортиқ тури бўлган ва маданиятлар алмашинуви сабаб уларнинг аксари йўқолиб кетган. Ҳозирда 250га яқин ловия нави бор.

“Ловия қандай бўлади?” лойиҳаси ходимларидан бири Пол Ньюнхем ўзининг кейинги 10 йилдаги тасаввурини “ҳар бир инсон кунига икки ёки уч марта ўзига мос келадиган ловия оладиган дунё” деб таърифлайди ва бу дунёга катта таъсир кўрсатади.

Биз озиқ-овқат етиштирадиган тупроқ ва атроф-муҳит сифати, шунингдек, ўз саломатлигимиз ва овқатланишимиз учун ҳам қайғурган бўламиз. 10 феврални Бутунжаҳон дуккаклилар куни деб ҳам номлашди”, – дейди у.

Ўзбекистонга келадиган бўлсак, ўзбеклар орасида ловия истеъмоли у қадар оммалашмаган. Гўшт хавфсизлиги масаласи Ўзбекистонда кун тартибида эмаслиги учун ҳам, гўшт маҳсулотлари ўрнини босувчилар ҳақида тарғибот ҳам деярли йўқ. Лекин бутун дунёда гўштга бўлган қарамликни камайтириш ва шу орқали экологияни ёмонлашувдан асраш учун ҳаракат қилинаётган бўлса, бу тенденция яқин йиллар ичида Ўзбекистонга ҳам кириб келиш эҳтимолини пайдо қилади.

Мавзуга оид