Жаҳон | 11:26 / 23.05.2023
8744
2 дақиқада ўқилади

Губернатор: Белгород вилоятида аксилтеррор операцияси давом этмоқда

Белгород вилоятида бир кун аввал ушбу минтақа ҳудудига бостириб кирган қуролли гуруҳларга қарши «аксилтеррор операцияси» давом этмоқда, деб хабар берди вилоят губернатори Вячеслав Гладков. 

Фото: РБК

«Грайворон округидаги вазият ҳақида. Ҳудудни Мудофаа вазирлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга тозаламоқда. Аммо ҳозирча уйга қайтмай туриш тавсия этилади», - деб ёзди Гладков Telegram-каналида. 

Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар йўқ, бироқ Россия хавфсизлик кучлари етиб бора олмаган ҳудудда икки киши яраланган.

Аввалроқ Белгород вилояти ҳудудида аксилтеррор операцияси режими эълон қилинганди.

Вилоят раҳбари Вячеслав Гладковга кўра, у «фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» жорий этилган ҳамда «махсус чора-тадбирлар ва вақтинчалик чекловларни ўрнатади». 

«Жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текширишдан бошлаб, портловчи, радиоактив, кимёвий ва биологик хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш ва ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туришгача», — дея тушунтирди губернатор.

22 май куни Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков «Украина қуролли кучларининг қўпорувчилик-разведка гуруҳи Грайворон тумани ҳудудига кирганини» маълум қилди. 

Айни пайтда, «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз жангчилари Россияда экани ва у ерда жанговар топшириқларни бажараётганини маълум қилди. Фаоллар Telegram’да Брянск ва Белгород вилоятларидаги қишлоқларга кираверишдаги йўл белгилари фонида бир нечта видеоларни жойлаштирган ва улар курашни давом эттираётганликларини билдиришган. 

Ўз навбатида, «Россияга озодлик» легиони Украина билан чегарага яқин ҳудудлар аҳолисини уйда қолишга ва «қаршилик қилмасликка» чақирди.

Мавзуга оид