Ўзбекистон | 14:18 / 17.08.2024
5901
2 дақиқада ўқилади

Курск, Брянск ва Белгороддаги Ўзбекистон фуқароларига эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилди

Россия Федерациясининг Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларига зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик ва жамоат жойларига боришни чеклаш, талабаларга эса онлайн таълимга ўтиш тавсия этилди.

Фото: AP

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги вазият муносабати билан Ўзбекистон фуқароларига «зарурий эҳтиёт чораларини кўришни, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни, шунингдек, одамлар кўп йиғиладиган жойларга боришдан сақланишни ва жамоат жойларига ташрифларни чеклашни тавсия қилди». Бу ҳақда дипломатик ваколатхонанинг мурожаатида айтилади.

«Иложи бўлса, ушбу ҳудудларда таҳсил олаётган талабаларга вақтинчалик масофавий таълим формати (онлайн)га ўтишни тавсия қиламиз», — дейилади мурожаатда. 

Ўзбекистон фуқаролари консуллик ёрдами ёки маслаҳатга муҳтож бўлган тақдирда, Москвадаги элчихонанинг консуллик бўлимининг колл-марказига мурожаат қилиши мумкин: +7−499−238−36−20; +7−499−230−00−76. Электрон почта манзили: uzkorus@mail.ru. 

6 август куни эрталаб Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилоятига кириб келди. Расмий Киев Россиянинг чегарадош ҳудудларида Украина «хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинаётгани»ни таъкидлаб, «бу ҳудудларни босиб олишдан манфаатдор эмаслигини» билдирди.

Мавзуга оид