Жамият | 21:12 / 23.05.2023
86843
11 дақиқада ўқилади

Мактаб дефицити: сабаб, оқибат ва ечимлар

Яқин истиқболда мактаблар етишмовчилигининг ижтимоий оқибатлари кучли бўлади, яъни биз инсон капитали бўйича орқада қоламиз, дейди таълим эксперти Комил Жалилов. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса камида 10-15 йиллик юклама ортиб боришини ҳисобга олиб, приоритетларни тўғри белгилаш ва мактаблар қурилишига кўпроқ пул ажратиш кераклигини айтмоқда.

Ўтган ҳафта Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Конференция доирасида ЕТТБ Наманган ва Фарғона вилоятларида 15 та мактаб қурилишига грант ажратиши эълон қилинди. Лойиҳанинг капитал қиймати 55-75 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Янги мактаблар қурилиши яхши хабар бўлди, албатта. Аммо рақамларни бутун республика миқёсида оладиган бўлсак, бу етарлими? Умуман, мактабларнинг ҳозирги хўжалик фаолияти қай аҳволда? Бунда маҳаллий ҳокимликларнинг роли қандай бўляпти?

Kun.uz бу долзарб мавзуда иқтисодчи Отабек Бакиров ва таълим бўйича эксперт Комил Жалилов билан суҳбатлашди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўз вакилини юборишни сўраб қилган мурожаатимизга ижобий жавоб бўлмади.

– Ҳозирда Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактаб 5 млн 200 минг ўқувчини қабул қила олади. 2022 йил ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 6 млн 400 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бир неча йил олдин ўша вақтдаги ХТВ 2026 йилгача ўқувчилар сони 7,5 млнга етишини прогноз қилганди. Яъни бизда таклифга нисбатан талаб ортиб кетмоқда, мактаблар етишмовчилиги ҳанузгача долзарб муаммо бўлиб турибди. Агарда ҳолат давом этаверса, Ўзбекистонни яна қандай ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар кутиб турибди? Бу муаммо нималарга таъсир қилади, сизнингча?

Комил Жалилов:

– Яқинда Ўзбекистон PIRLS тадқиқотларида қатнашганди. Унинг натижалари эълон қилинди. Мазкур тадқиқот бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини, яъни ўқиган матнини қай даражада тушунишини текширади. Шу тадқиқотларда 57 та мамлакат қатнашган бўлса, Ўзбекистон 49-ўринни эгаллади. Ўзбекистон қайд этган ўртача балл тадқиқотда белгиланган ўртача баллдан анчагина паст. Тадқиқотда қатнашган постсовет давлатлари орасида биз энг охирги ўриндамиз. Яъни биз билан бир хил тарихий шароитга эга Россия, Қозоғистон, Грузия сингари давлатлар юқори ўринларда.

Таҳлилда бу натижаларга нималар таъсир қилгани ҳам тақдим этилган. Шуларга қарайдиган бўлсак, унда мактаблардаги ресурслар етишмовчилиги ҳам ўқувчиларнинг натижасига таъсир қилгани ёзилган. Масалан, бизда 2-3 сменали мактаблар бор, мактабларда ресурслар етишмовчилиги ҳам бор. Яъни синфда ўқувчилар сони кўплиги, мактаб кутубхоналарида китобларнинг бор-йўқлиги, умуман мактабдаги ресурслар етишмовчилиги ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасига хоҳлаймизми ёки йўқ, ўз таъсирини ўтказади. Яқин истиқболда бунинг ижтимоий оқибатлари кучли бўлади. Яъни биз инсон капитали бўйича анча орқада қоламиз, орқада қоляпмиз ҳам.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, биздаги ўқувчиларнинг 12 йили: 1 йил мактабгача тайёрлов ва 11 йил мажбурий ўрта таълими ҳақида гапирсак, шунча йил таълим оладиган ўқувчини сифат коэффициентига кўпайтирса, таълим олувчиларнинг 2,9 йили йўққа чиқаркан. Яъни 12 йил мактабда ўқиган ўқувчини сифатга коррекция қиладиган бўлсак, 9 йил таълим олгандек бўлар экан. Агар ресурслар етишмовчилиги ёки бошқа муаммолар ҳал қилинмаса, бу орқада қолиш янаям кенгайиб, кўпайиб бораверади, менимча.

Комил Жалилов

Замонавий таълим нимани талаб қилади? Оддийгина мактаб таълимини олсак, унда йиллар давомида ўрганиб қолинган фронтал ишлаш бор. Яъни ўқитувчи досканинг олдида туриб мавзуни тушунтиради, нари борса 1-2 нафар ўқувчини ёнига чақиради, қолганлари эса юзма-юз ўтириб таҳсил олади. Бу кўпроқ маълумотни етказиш усули ҳисобланади, қандайдир лекция шаклида буни қўллаш қулай. Лекин ўқувчида таҳлилий фикрлаш, гуруҳ бўлиб ишлаш, ХХI аср кўникмалари деймиз-ку, шуларни ривожлантираман десангиз, фронтал усул ноқулай методдир. Чунки бу кўникмаларни ривожлантириш учун ўқувчиларнинг ўзи кўпроқ ишлаши керак, ўқитувчи эса фасилитатор вазифасини бажариши, яъни таълим жараёнининг бошқарувчиси бўлиши керак. Бунинг учун эса ўқувчилар гуруҳларда жуфт бўлиб ишлаши, лойиҳалар, тақдимотлар қилиши керак бўлади.

Синфда дейлик 45 нафар болага зичлаб парталарни қўйиб чиқишган бўлса, гуруҳ бўлиб лойиҳа, тақдимотлар устида ишлашга имкон ҳам бўлмайди. Парталарни судраб, вақт йўқотиш учун ҳеч кимнинг ҳафсаласи йўқ. Шунинг учун ҳам энг осон йўли – досканинг олдида туриб мавзуни тушунтириб, фронтал ишлаш усулига ўтиб олишади. Ва бу нарса таълимнинг сифатига барибир таъсир қилади. Ўқувчига ХХI асрда ўз ўрнини топиши учун керак бўладиган кўникмалар ривожланмай қолиб кетаверади.

Отабек Бакиров:

– Авваламбор, адашмасам, 2017 йилдан 2018 йилга ўтар ўқув йилида яна 9 йиллик мажбурий, 3 йиллик касб малака системасидан 11 йиллик таълим тизимига ўтишни бошлаганмиз. Менинг назаримда, яна ўша жараёнга қайтганимиздаёқ биз 2019 йилда, 2020 йилда қандай ресурс етишмовчилигига дуч келишимиз, умуман яқин 5-10 йилда бизни қандай муаммолар кутишини ўйлашимиз, бунга баҳо беришимиз керак эди.

Жуда кўп тадқиқотларда охирги 10 йилларда мактаблар етишмовчилиги масаласи ҳақида янги даврга келганда гапириляпти дейиляпти, ҳақиқатан ҳам шундай, буни тан олиш керак. Лекин бир нарсани билишимиз керак, 2002 йилдан то 2016-2017-йилларгача Ўзбекистон аввал 9 йиллик мажбурий таълим ва 3 йиллик академик, касб-ҳунар таълим тизимига ўтган эди. Яъни мактаблар қурилгани йўқ, лекин мингдан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қурилганди. Мактабларга бўлган юкламанинг бир қисмини юқори синфларда коллеж ёки академик лицейлар тизимига кўчирган эдик.

Яъни 1 млн 200 минг нафар ортиқча юклама 3 та синфга тааллуқли юклама ҳисобланади. Мисол учун, ҳозирги кунда кичик синфларда бир йилда 750 минггача ўқувчи бўладиган бўлса, юқори синфларда 400-450 минггача ўқувчи мавжуд. Ва биз буни олдиндан прогноз қилишимиз керак эди, яъни 11 йиллик таълимга қайтишимизнинг оқибатларини ҳисоб-китоб қилишимиз лозим эди. Бунинг иқтисодий оқибатларини ҳам кўз олдимизга келтиришимиз зарур эди.

Энди нима бўляпти? 2019-2020-йилларга келиб, ҳақиқатан бир вазиятга дуч келдик. 10-11-синфдагилар мактабни тўлиқ тамомлаш циклига ўтгандан кейин ўқувчилар юкламаси мактабларда ҳаддан ташқари ортиб кетганини кўрдик. Айниқса, шаҳарларда, вилоятлар марказларида. Чунки 2017-2019 йилларда нафақат мактаблар 11 йиллик тизимга қайтди, балки ички миграция жараёнлари ҳам кучайиб кетди. Жуда кўп ота-оналар, ишчи кучи, меҳнат ресурслари қишлоқлардан шаҳарларга, хусусан, Тошкент шаҳрига, вилоят марказларига кўчишни бошлади. Бу ўз-ўзидан йирик шаҳарларда давлат таълим системасида мавжуд юкламадан ҳам кўпроқ юкламани бера бошлади. Биз шу нарсаларни олдиндан прогноз қилиб, олдиндан оқибатларини ўйлаганимиз йўқ.

Отабек Бакиров

Эътибор беринг, 2016-2017-йилларда бу муаммо, яъни ортиқча юклама масаласи кўтарилмаганди. 2020-2021-йиллардан бошлаб бу муаммо аниқ кўрина бошланди. Ўшанда ечимлар ҳақида ўйланганда биз хусусий мактаблар тизимини ривожлантириш ва унга рағбат бериш орқали кўришни бошладик. Бу хусусий мактаблар тизимининг кенгайиши, ривожланиши маълум бир юкламани олади. Айниқса, юқори даромадга эга қатламдаги ота-оналарнинг фарзандларини таълимга бўлган эҳтиёжини қоплайди, лекин биз фақат шу урғу билан тўхтаб қолдик-да. Агар хотирам алдамаётган бўлса, ўтган йилда мавжуд мактабларнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб қўшимча мактаб биноларини қуриш орқали 60 минг нафар қўшимча ўқувчи ўрнига эга бўлган корпуслар қурилди. Бизда йилига бусиз ҳам 200 минг ўқувчи юкламаси ортиб боряпти-да, биз қўшимча ўқувчи корпусини қуриш орқали 60 минг даражадаги юкламани оляпмиз, холос. Яъни юкламани камайтирмаяпмиз, бунга улгуролмаяпмиз.

Кўпчилик ўйлайдики, бу тизим яқин 5 йилликнинг муаммоси, 5 йилдан кейин, мисол учун, 2027 йилга бориб туриб, яна мувозанатга қайтамиз деб ўйлаши мумкин. Мен бундай деб ўйламайман. Ҳали бизда демографик дивиденд 2030 йилнинг ўрталаригача давом этса керак деб ўйлайман. Чунки ҳозирда йилига 920 минг нафар бола туғилаётган бўлса, 2030 йилга бориб мактабларга 1-синфга чиқаётган болалар сони 750 минг эмас, 920 минг болага кўпайиши ва шунча юклама бериши мумкин дегани. Яъни бу ўз-ўзидан сўрилиб кетадиган жараён эмас. Биз камида 10-15 йиллик юклама ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмага кўпроқ пул тикишимиз керак.

11 йиллик таълим – аслида 9 йиллик таълим бўлиб чиқяпти. Ресурслар етишмовчилиги оқибатида юзага келаётган сифатсизлик сабаб 3 йилни ҳавога совуряпмиз. Яъни бу ерда нафақат мактаб етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган масала, балки ресурсларни тўғри, самарали ишлатмаётганимиз билан боғлиқ муаммо ҳам кўтариляпти-да.

Комил Жалилов:

– Мана шу ерда қўшимча қилмоқчи эдим. Вақтида совет иттифоқидан мерос қолган 11 йиллик таълим тизими бор эди, кейин биз жуда катта маблағ ва куч сарфлаб, тўлиқ 9+3 тизимига ўтган эдик, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари тармоғи бутун республикани қамраб олганди. Ҳар бир ҳудуддаги ўқувчилар сони ҳисобга олиниб қурилганди. Ундан кейин 11 йиллик тизимга қайтамиз деганда, бу жараённи қўпол бўлса ҳам айтаман, “бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдириш”га ўхшатаман. Нимага? Чунки айрим касб-ҳунар коллежларида бўлган кўнгилсизликлар, ўқувчилар ўртасидаги жанжаллар резонанс бериб, 9+3 тизимидан воз кечишга олиб келинди. Лекин бунинг илмий таҳлили қилинмади. Хўш, қайтсак нима бўлади-ю, қайтмасак нима бўлади? Ўқувчилар ўртасидаги жанжаллар, муаммоларни бу тизимни бутунлай барбод қилмасдан ҳам ечиш мумкинмиди, деган бир саволни қўймадик-да, ечимни шу тизимдан воз кечиб, ҳаммани мактабга қайтаришда деб билдик. Бунинг оқибатида мактабларга юклама ортди.

Орада жуда кўп касб-ҳунар ва академик лицей бинолари нима бўлди? Улар мактабга берилдими, таълим биноси сифатида ишлатиляптими? Бу ҳам ўрганилиши керак бўлган масала. Чунки бу бинолар ҳам таълим муассасаси сифатида қурилган объектлар эди, уларнинг тақдири нима бўлди? Қанчаси таълим муассасаси сифатида ишлатиляпти-ю, қанчаси профилини ўзгартирди? Бу ҳам бир таҳлил қилиниши керак бўлган нарса.

Яна бир нарса, Отабек ака жуда тўғри фикрни кўтардилар – ресурсларнинг нотўғри тақсимланиши ёки самарасиз ишлатилиши. Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистоннинг бошқа давлатларга нисбатан ЯИМ ёки жами давлат харажатлари улуши нуқтайи назаридан олсангиз, таълимга анчагина пул ажратаётгани қайд этилган. Лекин таълимга ажратилаётган пулнинг 81 фоизи ойликка кетар экан-да. Яъни боя биз тилга олган капитал, ресурсларни ривожлантириш, бинолар ёки бошқасига жуда кам маблағ қоляпти. Жуда кўп қисми ойликларга кетиб қоляпти. Аммо шунда ҳам ўқитувчиларимиз жуда катта ойлик олиб, яхши яшаб кетаётгани ҳам йўқ.

  • Интервьюнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Тасвирчилар:
Мирвоҳид Мирраҳимов
Шоҳруз Абдурайимов

Монтаж устаси:
Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид