ЕОИИ муаммоли ҳолатда. Тўқаев нима демоқчи бўлди?
Қозоғистон президенти мавжуд вазият Евросиё иқтисодий иттифоқининг бошқа аъзолари учун маълум бир муаммо яратаётганини таъкидлади. Ўзбекистон бундай тушунарсиз иттифоққа қўшилиши тўғрими?
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евросиё иқтисодий иттифоқи форумида ЕОИИ тузилмаси ичида Россия ва Беларус иттифоқ давлати «феномени» мавжудлигига эътибор қаратди ва ҳамкасбларни мамлакатлар интеграциясининг турли даражаларини муҳокама қилишга таклиф этди.
«Жаҳон сиёсий тарихида ноёб прецедент ёки феномен - ягона сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданий, ҳуманитар макони билан «икки давлат – бир мамлакат» формуласи бўйича давлатни яратиш ҳодисаси. Ягона иттифоқ ҳукумати, ягона иттифоқ парламенти ва мени кечириб қўясиз, ҳатто ядро қуроли ҳам ҳозир иккита давлатга битта.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон билан интеграциянинг бошқа даражаси ҳам мавжуд ва биз бу реаллик билан ҳисоблашишимиз керак: бундай шароитда қандай ишлаймиз. Бу концептуал масала. Ўйлайманки, биз ушбу иқтисодий форумда мазкур муаммони муҳокама қилишимиз керак», — дея қайд этди қозоқлар президенти.
Экспертларга кўра, Тўқаев бу гаплари билан ЕОИИнинг ҳозирги форматининг келажаги йўқлиги ва у узоқ яшай олмаслиги ҳақидаги фикрни дипломатик оҳангда билдириб қўйган.
Хусусан, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Қозоғистон президенти бу орқали ЕОИИ доирасида бир эмас, иккита иттифоқ борлигига эътироз билдирганига эътибор қаратган: «Лукашенко ҳар доимгидек «келинглар, биргаликда ғарбга қарши курашайлик, бардам ва ҳамжиҳат бўлайлик!» деган позицияни илгари сурди. Лукашенконинг айтадиган бошқа позицияси ҳам деярли қолмади. У ҳокимиятда ўтириш учун Путинга ёқиши керак. Путинга ёқиш учун эса ғарбга қарши гапириши керак.
Саммитда Тўқаев ҳар доимгидек ўзининг «лекин»ларини билдирди. Тўқаев ЕОИИ доирасида бир эмас, иккита иттифоқ борлиги ва бу ғалати эканлигини билдирди.
Яъни ЕОИИ доирасида иккига бўлиниш, иккита жамоа борлиги ва бу зиддиятлар келтириб чиқараётганига эътибор қаратди. Ва, «Евросиё иқтисодий иттифоқи – бу энг аввало, иқтисодий бирлашма» дея урғулаб қўйди.
Путиннинг юзидан, хўмрайиб ўтиришидан Тўқаевнинг гаплари ёқмаганини билиш қийин бўлмади. Иттифоқчилар!»
Эксперт шунингдек, бундай шароитда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши оқибатларидан огоҳлантирган. У Ўзбекистон раҳбари таклиф этилганига қарамай, саммитга бормаганини таъкидлаб, бу яхши хабар эканини, лекин энди Москва томонидан Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиш борасидаги босимлар кучайиб боришини қайд этган.
«Украинадаги уруш фонида Россия халқаро санкциялар босими остида қолиб кетди. Шу пайтгача Россия учун ЕОИИ – постсовет ҳудудини иқтисодий интеграция қилиб, иқтисодий «ютиш» модели эди. Энди эса ЕОИИ – Россия учун санкцияларни четлаб, айланиб ўтиш модели бўлиб кўринмоқда.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга Москвадан босим сифат жиҳатидан янгиланяпти, кучайиб бормоқда. Ўзбекистон бу босимларга қарши туриш қобилиятини кўрсатиши керак. Акс ҳолда, иқтисодий қулаётган Россиянинг жуда оғир юки ўсиб бораётган Ўзбекистон иқтисодиётига тушади. Бу – Ўзбекистон иқтисодиётини ҳолсизлантириши, ижтимоий-сиёсий зўриқишларга кучли катализатор бўлиши мумкин.
Табиийки, Ўзбекистон Россия билан иқтисодий ҳамкорлик қилишдан жуда манфаатдор. Лекин бу ҳамкорлик – Ўзбекистонни иқтисодий заифлаштиришига сабабчи бўлмаслиги керак. Аксинча, Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни бундан манфаатдор бўлсагина амалга ошириши керак.
Кейинги ойларда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга шошилмоқда. Балки, расмий Тошкент «Москва бизни барибир тинч қўймайди, шунинг учун Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ кирайлик. Шундан сўнг, ЕОИИга аъзо бўлсак бўламиз-да» деган кайфиятда бўлиши ҳам мумкин.
Шунинг учун, бугунги кундаги Россия билан ҳамкорликнинг энг оптимал кўриниши – икки тарафлама ҳамкорликдир. ЕОИИга қўшилиш эса ёки иккиламчи санкцияларга тушишга сабабчи бўлади, ёки Россия билан иттифоқ доирасида тўқнашишни кафолатлайди. Учинчи вариант йўқ», деган у.
ЕОИИ — минтақавий интеграция ташкилоти бўлиб, 2014 йил 29 майда Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган. Унинг таркибига Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. ЕОИИ ўрнида олдин, 2001–2014 йилларда Евросиё иқтисодий жамияти (ЕврАзЭС) мавжуд бўлган.
Бирлашма сайтида айтилишича, ЕОИИни тузишдан мақсад товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракати эркинлигини таъминлаш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида мувофиқлаштирилган, изчил ёки ягона сиёсатни амалга ошириш бўлган.
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
21:59 / 11.12.2024
Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жазо кучайтирилади
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:15 / 10.12.2024