Ўзбекистон | 15:02 / 31.05.2023
51722
11 дақиқада ўқилади

Пойтахтга ташилаётган ўлакса гўшт. Улар қаерларда истеъмол қилинмоқда?

Тошкент шаҳри Ўзбекистоннинг истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини “ҳазм қилувчи ошқозони”га айланиб бормоқда: кейинги вақтларда вилоятлардан пойтахтга ўлакса гўшт ташувчилар кўпайди. Биргина 2022 йилда Тошкент шаҳрига олиб кетилаётган тонналаб ўлган ёки келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон гўшти йўлларда тўхтатиб қолинган. Тўхтатиб қолинмагани эса бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.

Истеъмолга яроқсиз, келиб чиқиши номаълум, ҳатто ҳаром ўлган мол гўштини 3-4 сўм пул бўлади дея пойтахтга келтириб сотишни ўйлайдиганлар кўпайди. Қонунчиликда бундай қилмиш учун оғирроқ жазо белгиланмагани эса айрим шоввозлар бу тубанликни касб қилиб олишига сабаб бўляпти. Албатта, “таклиф”нинг ортиши “талаб” борлигидан далолат: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига кўра, бундай гўштларнинг асосий харидори умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда “колбаса цех”лари ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг “ошқозони”га айланган Тошкент

19 май куни Кўкдала туманида “Қарши-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро И.Х.нинг “Cobalt” машинасида 929 кг келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон гўшти тўхтатиб қолинган. У ушбу гўштни пуллаш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб кетаётгани аниқланган.

Агар қарийб 1 тонна истеъмолга яроқсиз ушбу гўшт тўхтатиб қолинмаганида, пойтахтгача етиб келган ва қайсидир ошхонада овқат бўлиб, хўрандалар томонидан ейилиб кетган бўларди.

Афсуски, бу келиб чиқиши номаълум гўшт сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб келинаётиб, йўлда ушлаб қолинган илк ҳолат эмас. Пойтахтга бундай гўшт ташишда Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари “етакчилик” қилади.

Биргина 2022 йилда “Қашқадарё-Тошкент” йўналишидаги ҳолатлар: январ ойида 230 кг, март ойида 900 кг ва яна бир ҳолатда 1256 кг, апрел ойида 1 тоннадан ортиқ, июн ойида 830 кг, июл ойида 1 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетилаётгани аниқланган.

Пойтахтга келиб чиқиши номаълум бўлган гўшт ташишда Бухоро вилояти ҳам анча “фаол”. Масалан, 2022 йилнинг ноябр ойида бухоролик 37 ёшли Акмал исмли шахс ўлган (!) қорамол гўштини сотиб, даромад қилмоқчи бўлган. У гўштни таксига юклаб, Тошкент шаҳрида таниши кутиб олишини айтган. Пойтахт томон жўнатилган яроқсиз гўшт эса “Самарқанд” ЙПХ масканида тўхтатиб қолинган.

Яна бир ҳолатда Навоий вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ҳамда ветеринария хизмати ходимлари билан ҳамкорликда 2023 йил 14 март куни тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Қоракўл туманида яшовчи фуқаро сотиш мақсадида Бухородан Тошкент шаҳрига 1 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётгани аниқланган

Хато қаерда?

Юқоридаги ҳолатларнинг аксариятида ушбу тубанликка қўл урганлар тегишли органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир ёки рейдларда “қўлга тушиб қолишган”. Демак, тадбир ўтказилмайдиган оддий кунларда тонналаб ўлакса гўшт ЙПХ масканларидан ўтиб, пойтахтга кириб келаётган бўлиши мумкин. Ўлган мол гўштини ортиб олган машина Бухоро ёки Қашқадарёдан йўлга чиқиб, Тошкент шаҳрига бемалол кириб кела олиши масалага тегишли соҳаларнинг фаолият тизимида хатолик борлигидан далолат, аслида.

Биринчидан, ветеринария ва чорвачилик соҳасида назорат тизими деярли йўқ, ишламайди: қайси қишлоқда кимнинг моли ҳаром ўлиб қолганини соҳа вакиллари бир ой ўтиб ҳам билмайди, билолмайди.

Иккинчидан, чорвачилик соҳасини рақамлаштириш ишлари ўлда-жўлда. 2017 йил сентябр ойида ҳукуматнинг “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинганди. Қарор билан тегишли Низом ҳам тасдиқланган. Унга кўра, идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотлар базаси ягона электрон ахборот тизими орқали шакллантирилиши кўзда тутилганди.

Электрон ахборот тизимига ҳайвонларнинг турлари, идентификация рақами, зоти, жинси, лақаби, келиб чиқиш жойи, туғилган санаси, эгасининг исми-шарифи, сақланиш жойи, агар эгаси алмашган бўлса бу ҳақидаги маълумотлар, сўйилган ёки нобуд бўлган, йўқ қилинган санаси, ҳайвонларнинг гўштидан (жасадидан) истеъмол учун фойдаланилгани ёки уларнинг зарарсизлантирилгани (йўқотилганлиги) тўғрисидаги маълумотлар киритилиши шарт қилиб кўрсатилганди.

Низомда қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан ҳисобга олиниши белгиланган. Ёки ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини етти кун муддатда доимий яшаш ёки вақтинча турган манзили бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилиши керак эди. 

Шу асосида VIS-CHINOR идентификация қилинган ҳайвонлар ягона электрон маълумотлар базаси ахборот тизими ишлаб чиқилган ҳамда 2020 йил июль ойида ишга туширилган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Kun.uz’га тақдим қилган маълумотда таъкидланишича, ҳозирги кунда тизимда жами 500 мингга яқин ҳайвон рўйхатга олинган, рўйхатдан чиқарилган ҳайвонлар сони эса 55 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Мамлакатда 10 млн бошдан ортиқ қорамол, 20 млн бошдан ортиқ қўй ва эчки, минглаб от ва туялар боқилаётгани ҳисобга олинса, ўтган 3 йиллик фаолият учун бу жуда кичик рақам. Демак, қўй-эчкини-ку қўятурайлик, аҳоли хонадонларида боқилаётган миллионлаб бош қорамоллар “назоратсиз”: сўйилдими, ҳаром ўлдими, ҳаром ўлган бўлса қай тартибда йўқ қилинди, сўйилган бўлса қаерда сўйилди, каби саволларга жавоб топилмайди. 

Учинчидан, гўштнинг истеъмолга яроқли экани ҳақида расмий ҳужжат олишда коррупция ҳолатлари борлиги.

Масалан, бундан бир неча йил олдин Навоийда ўлган ҳайвонлар гўштини барра гўшти кўринишида сотган ота-бола ушланганди. Текширув вақтида Навоий вилояти ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ходими 1 млн сўмга қассобга истеъмол учун яроқсиз 892 кг гўштни сотишга тегишли рухсатномани расмийлаштириб бергани аниқланган. Бу каби ҳолатлар ҳозирги кунда йўқ дея айтиш қийин.

Тўртинчидан, қассобларнинг назоратсизлиги: қайси қассоб қачон ва қаерда қандай ҳайвон сўйганини билиш имконсиз. Ҳовлиларда эшак сўйиб юрилган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Аслида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги қарори билан ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш мажбурийлиги белгиланган. Рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун сўйиш қатъиян тақиқланади. Аммо бу тақиқни ким назорат қилиши мавҳум.

Бешинчидан, юқоридаги ҳолатларнинг бирортасида тезкор тадбир давом эттирилиб, сотувчи билан тенг равишда айбдор бўлган харидор аниқланмаган. Аслида, харидор бўлмаса, сотувчи шунча йўл босиб, вилоятдан пойтахтга ўлакса гўшт ташиб келмайди. Харидорларни аниқлаб, уларга кескин чоралар кўриш орқали занжирнинг “талаб” қисми узиб ташланмас экан, “таклиф” бўлаверади. 

Ўлакса гўштнинг харидорлари ким?

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Салоҳиддин Ҳасановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, деҳқон бозорларида истеъмолга яроқсиз гўштларни сотиш ҳолатлари деярли учрамайди.

Вилоятлардан сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари олиб келиш ҳолатлари учраб туради. Номаълум жойда сўйилган, ўлган ва келиб чиқиши номаълум ҳамда бирламчи ветеринария ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, ветеринария-санитарияси талабларига жавоб бермайдиган ҳар қандай гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳисобланади.

Бундай гўштларни асосан умумий овқатланиш шохобчалари ва гўштни қайта ишловчи баъзи корхоналарда реализация қилиш эҳтимоли кўп. Деҳқон бозорларида ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси хизмати мавжудлиги боис истеъмолга яроқсиз гўштларни сотиш ҳолатлари деярли учрамайди.

Ўтган 2022 йилда 7 796 ҳолатда жами бўлиб 73,4 тонна гўшт ва 2,7 тонна сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, бракка чиқарилган.

Ички ишлар вазирлигининг Карантин тадбирларини таъминлаш бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятлараро йўл транспорти постларида рейдлар ўтказиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра жарима чоралари қўлланади. Жумладан, 2022 йил давомида 22 679 ҳолатда ветеринария-санитария қоида ва нормаларини бузган фуқароларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, 240,8 млн сўм миқдорида жарималар қўлланган”, — дейди Салоҳиддин Ҳасанов. 

Белгиланган жазо анча енгил

Қашқадарёда эшак сўйилган хонадон аниқланган ва уни сўйган шахсга БҲМнинг 3 баробари миқдорида (ўша вақт бўйича 900 минг сўм) жарима жазоси тайинланган. Эътиборлиси, мазкур шахсга МЖтКнинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Тошкентга ўлган мол гўштини ташиётган шоввозларнинг аксарияти мабодо ушланиб қолса маъмурий баённома билан қутулиб кетаверади. Тўлайдиган жаримаси эса нари борса 5-10 кг гўшт нархига тенг бўлиши мумкин. Сабаби, уларга кўп ҳолларда МЖтКнинг 109-моддаси (ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ушбу моддага кўра, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик ҳолати учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмигача (ҳозирда 165 минг сўм), мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисмидан икки бараваригача (165 минг сўмдан 660 минг сўмгача) миқдорда жарима белгиланиши мумкин.  

Мазкур турдаги қилмиш учун Жиноят кодексининг 186-моддасини (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ҳам қўллаш мумкин. Унга кўра, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Истеъмолга яроқсиз гўштни пойтахтга келтириб, яхшигина пулга пуллаб юрганлар учун бу енгил жазо. Сабаби, ўлакса гўшт қотиб қолган нон ёки бироз чириган картошка эмас, у инсон саломатлигига жиддий салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Йўл пойлаш масалага ечим эмас 

Фақатгина йўлни пойлаган билан иш битмайди. Ушбу масала қаттиқ назоратга олиниб, келиб чиқиши номаълум бўлган гўштни сотаётганлар ҳам, унинг истеъмолга яроқсизлигини билган ҳолда кўтарасига олаётган харидорлар ҳам жиддийроқ жазога тортилиши керак.

Шунингдек, Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси соҳани назорат қилиш борасида тезроқ амалий ишга ўтмас экан, пойтахтликлар ҳали кўп йиллар ўзлари билмаган ҳолда “келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон” гўштини истеъмол қилиб юришига тўғри келади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид