Ўзбекистон | 11:51 / 01.06.2023
21505
3 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш мавсуми яқин – талабгорлар нималарни билиши керак?

Ўқишни кўчириш имтиҳонлари ҳам худди кириш имтиҳонларига ўхшаш тарзда ўтказилади. Бу йил “перевод”чилар учун ҳам ўтиш баллари баланд бўлиши мумкин. Керакли баллни тўплай олмаганлар “супер-контракт” асосида ўқийди.  

Фото: Kun.uz

Ёз мавсумида кириш имтиҳонлари ва магистратура имтиҳонлари билан бирга яна бир йирик тадбир – ўқишни кўчириш имтиҳонлари ўтказилади. Охирги йилларда хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига, маҳаллий ОТМлараро ўқишни кўчириш истагидаги талабгорлар сони ошмоқда. 2016 йилда бир ОТМдан иккинчисига ёки хориждан маҳаллий олийгоҳга ўқишни кўчириш учун жами 7,5 мингта ариза тушган бўлса, 2021 йилга келиб эса бу рақам 22 баробарга ошиб, 170 мингтани ташкил қилган.

Қатъийлаштирилган талаб

Талаб ошгани сабаб “перевод”га қўйилган талаблар ва имтиҳонлар анчайин қатъийлаштирилди. 2022 йилдан бошлаб маҳаллий ОТМлардан ўқишни кўчиришга фақат 2 та ҳолатдагина рухсат бериладиган бўлди:

  • талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  • давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбари тавсияси асосида;

Хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчириш имтиҳонлари эса қатъийлаштирилиб, ўтиш баллари оширилди. Хусусан, кириш имтиҳонлари тест бўладиган йўналишлар имтиҳонлари собиқ Давлат тест маркази – ҳозирги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан, касбий (ижодий) имтиҳонлар эса ОТМларнинг ўзида олинадиган бўлди.

Ўтиш балли қандай бўлади?

Ўқишни кўчириш имтиҳонларида ўтиш баллари ҳар йили 15 июлгача Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтида эълон қилиниши керак. Масалан, ўтган йилги ўқув йили учун тиббиёт ОТМларига ўқишни кўчириш учун ўтиш балли 129 балл этиб белгиланганди. Ўтиш баллари йўналишларга қараб фарқланади.

 

 

Барча ОТМлар учун тўплаш мумкин бўлган максимал балл худди бакалавриат имтиҳонларидаги каби 189 балл эди.

Бу йилги ўтиш баллари ўтган йилгидан ҳам юқорироқ бўлиши кутиляпти. Собиқ олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бир йил олдинги чиқишларида 2023 йилда ўқишни кўчирувчилар учун ўтиш баллари бир йил олдинги абитуриентлар тўплаган баллар билан бир хил бўлишини билдирганди.

Бу шуни англатадики, 2022 йилги қабулда Тошкент давлат юридик университети йўналишларига ўтиш баллари 180 баллдан баланд бўлган. Агар собиқ вазир берган маълумотлар амалга киритилса, бу йилги юридик университетларга ўқишни кўчирувчилар учун ҳам ўтиш баллари 180 баллдан баланд бўлиши мумкин.

Лекин ҳали бу йилги аниқ ўтиш баллари эълон қилинмади.

Аризалар қабули қачон бошланади?

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача қабул қилинади. Имтиҳонлар эса худди бакалавриатга кириш имтиҳонларига ўхшаш тарзда ташкиллаштирилади.

Хориждан ва Ўзбекистондаги нодавлат ОТМлардан ўқишини давлат ОТМларига кўчириш учун ариза берган ва тестда ўтиш баллини ололмаган талабгорлар ҳам, агар ўзлари хоҳласа, супер-контракт асосида ўқишлари мумкин. 

Мавзуга оид