Ўзбекистон | 17:22 / 05.06.2023
26454
4 дақиқада ўқилади

Нукус воқеаларида айбланган 8 нафар судланувчи озод этилди

8 нафар айбланувчига нисбатан жазо қамоқ жазосидан озодликни чеклашга ўзгартирилди, улар суд залида озод қилинди. Даулетмурат Тажимуратов ва унинг ҳимоячилари шикоятлари қаноатлантирилмасдан, суд ҳукмининг унга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2022 йил 1−2 июл кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор чиқарди. Шу билан бирга, шартли ҳукм қилинган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқилди.

Олий суднинг 2023 йил 5 июндаги ажримига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси судининг ҳукми қуйидагича ўзгартирилди: 

ҳукмнинг марҳум П. Шамшетовга жазо тайинлашга оид қисми бекор қилинди. Шу билан бирга вафот этган П. Шамшетовга тегишли бўлган Нукус шаҳридаги Ж. Сеитова кўчасида жойлашган 32-уй Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 47 ва 65-моддалари қўлланилган ҳолда марҳумнинг меросхўрларига қайтарилиши белгиланди;

Б. Кадирбергенов, С. Медетов, Б. Сейтниязов, Қ. Сейтимов, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятлар қаноатлантирилди.

Шунга кўра:

  • Б. Кадирбергеновга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • Б. Сейтниязовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • С. Медетовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • Қ. Сейтимовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • П. Нурниязовга тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • С. Калимовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • Н. Султамуратовга тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига;
  • А. Темирхановга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.

Уларнинг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ҳар бир куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, барчаси суд залида қамоқдан озод қилинди.

Д. Жиемуратов, Н. Найипов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, А. Токимбетов, А. Адилбеков ва уларнинг ҳимоячиларининг шикоятлари қисман қаноатлантирилди.

Шунга кўра:

  • Д. Жиемуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
  • А. Токимбетовга тайинланган 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил 6 ой;
  • А. Адилбековга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;
  • Н. Найиповга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил;
  • Р. Бекмуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
  • С. Каиповга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилди.

Биринчи инстанция суди ҳукмининг Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев ва А. Нуратдиновга оид қисмига нисбатан келтирилган прокурор протести рад қилиниб, уларга тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди. 

Намойишлар ташкилотчиси сифатида айбланган Д. Тажимуратов ва унинг ҳимоячиларининг шикоятлари қаноатлантирилмасдан, суд ҳукмининг унга оид қисми эса ўзгаришсиз қолдирилди.

Шунингдек, суд Ўзбекистон Конституциясининг 47 ва 65-моддалари талабларини тўғридан тўғри қўллаган ҳолда жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган А. Турданов, А. Сметуллаев, Н. Найипов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Қ. Сейтимов, А. Адилбековга тегишли мол-мулклар Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилиши белгиланди.

Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Мавзуга оид