Ўзбекистон | 09:19 / 09.06.2023
9674
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан тарвуз экспорти май ойида рекорд даражага етди

East-Fruit.com ихтисослаштирилган ахборот-таҳлилий порталида «Ўзбекистондан тарвуз экспорти май ойида рекорд даражага етди, июнь ойида эса 100 минг тоннадан ошиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Pixabay

Нашрнинг ёзишича, ўзбек тарвузларини ташқи бозорларга экспорт қилиш 2023 йил май ойининг биринчи ўн кунлигида бошланган. «Мамлакатдаги жуда иссиқ об-ҳаво туфайли тарвузлар  одатдагидан деярли бир ҳафтага эрта пишди, - дейилади порталда. - Оммавий экспорт май ойининг ўрталарида бошланган ва шундан буён Ўзбекистон 30 минг тоннадан ортиқ тарвуз сотиб, экспорт мавсуми бошланишида тарихий рекорд ўрнатди».

East-Fruit.com маълум қилишича, дастлабки савдо статистикасига кўра, 2023 йил май ойида Ўзбекистон 30,4 минг тонна тарвуз сотган, бу 6,5 миллион АҚШ доллари даромад келтирган. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 9 баробар, 2021 йил май ойига нисбатан эса 12 бараварга ошди. 

«Ушбу ҳажмнинг 99 фоиздан ортиғи Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига жўнатилган, бироқ асосий қисми анъанавий равишда Қозоғистон ва Россия бозорларига тўғри келади, - дейилади мақолада. - 2023 йил май ойининг сўнгги ўн кунлигида Ўзбекистон 29 минг тоннага яқин тарвуз экспорт қилди, бу кунига ўртача 2,6 минг тоннани ташкил этди. Бинобарин, экспорт ҳажми июнь ойида юқори бўлиши кутилмоқда».

Материалда таъкидланишича, ўзбек тарвузларининг жорий экспорт мавсумининг бундай юқори ўсиш билан бошланиши 2023 йил охирига келиб Ўзбекистон ушбу маҳсулот бўйича ўтган йилги сотув рекордини янгилаши мумкинлигидан далолат беради. Ўзбекистонда тарвуз экспорти мавсуми одатда май ойидан бошланиб, ноябрь ойининг ўрталарига қадар давом этади.

Мавзуга оид