Ўзбекистон | 17:46 / 29.06.2023
21965
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолининг қариш суръати тезлашиши мумкин

Прогнозга кўра, яқин уч ўн йилликда Ўзбекистон аҳолиси жадал ўсади. Энг катта эҳтимол билан 2028 йилга бориб республика аҳолиси 40 миллион аҳолига етади, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 50 миллион кишидан ошиб кетиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси ва унинг ҳудудларини 2050 йилгача бўлган даврда демографик ривожланиш прогнозлари ва туғилиш омилларини ўрганиш бўйича танланма сўров натижалари” муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маълум бўлди. Тадбир Статистика агентлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан ташкил этилган.

Прогнозга кўра, яқин уч ўн йилликда Ўзбекистон аҳолиси жадал ўсади. Энг юқори эҳтимол билан 2028 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 50 миллион кишидан ошиб кетиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, табиий ўсиш бутун прогноз даврида аҳоли кўпайишининг ҳал қилувчи таркибий қисми бўлади. Аҳоли ўсишининг юқори динамикаси билан бир қаторда барча ёш тузилмаларида ҳам чуқур ўзгаришлар рўй беради, аҳолининг қариш суръати тезлашиши кутилмоқда.

Статистика агентлиги директорининг ўринбосари тақдим этилган прогноз муҳимлигини таъкидлар экан, Ўзбекистон аҳолисининг йиллик табиий ўсиши 760 минг кишига ошганини таъкидлади. У Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида туғилиш даражаси бўйича биринчи ўринда туришини ва аҳолининг 57 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 32 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 11 фоизини кексалар ташкил этишини таъкидлади.

Шунингдек, бугунги кунда республика меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 мингдан ортиқ киши кириб келаётгани маълум бўлди. Ҳозирги вақтда ўртача умр кўриш 74,3 ёшни ташкил этади, шундан аёлларда 76,6 ёш, эркакларда 72,1 ёш. Мустақиллик йилларида бу кўрсаткич 7,9 йилга ўсди.

Тадбир давомида экспертлар Чехиядаги Карл университетининг кенг техник кўмагида Оила ва аёллар институти томонидан мамлакатда туғилиш омилларини ўрганиш бўйича танланма сўров натижаларини ҳам тақдим этди.

Тадқиқот Ўзбекистонда туғилиш даражаси ва аёлларнинг репродуктив ҳолатига таъсир этувчи омиллар ҳақида муҳим маълумотлар берди. Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистонда 2017 йилдан кейин туғилиш кўрсаткичи ўсишининг асосий омиллари сифатида болали оилаларнинг моддий аҳволи яхшилангани ва аҳолининг эртанги кунга ишончи умумий ошганини кўриш мумкин.

“Тузилган барча тахминлар аҳоли бўйича прогнозларнинг кенг тарқалган усули бўлган классик когорт-компонентли проекция модели параметрларини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилди”, дейилади хулосада.

Мавзуга оид