Bloomberg: Россия ва Украина танклари сони тенглашди
Аммо бу рақамларда қатор жиҳатлар ҳисобга олинмаган.
Россия ва Украина танклари сони бўйича тенглашди, деб ёзмоқда Bloomberg Кил жаҳон иқтисодиёт институти ва Oryx таҳлил лойиҳаси маълумотларига таянган ҳолда.
Институтнинг Ukraine Support Tracker маълумотлар базасига кўра, Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлаганида қарийб уч ярим минг танкка эга бўлган, аммо, Oryx маълумотига кўра, урушнинг 16 ойи мобайнида икки ярим мингдан ортиқ техника жанг майдонида бой берилган (жумладан, Украина қуролли кучлари 545 та танкни ўлжа қилиб олган).
Россия босқини бошланганида Украина армиясида мингга яқин танк бўлган. Oryx мутахассислари тасдиқлашича, уруш давомида Украина қуролли кучлари 550 дан ортиқ танкни йўқотган, аммо бу йўқотишлар ўрнини тўлдиришга муваффақ бўлинган, жумладан россияликларнинг эгаллаб олинган танклари ва Ғарбдан етказиб берилган техникалар ҳисобига. Кил институти маълумотига кўра, босқин бошланганидан буён Киевга 471 та танк берилган, яна 286 танк кейинроқ келади.
Шу тариқа, институтнинг ҳисоблашича, ҳозирда икки томонда ҳам бир ярим мингтадан танк мавжуд.
Уруш давомида Украина Россия билан артиллерия ва баравар ўт очиш реактив тизимлари борасидаги фарқларни ҳам қисқартиришга муваффақ бўлган: Россияда ҳозирда 1900 та оғир артиллерия қуроллари ва 841 та баравар ўт очиш реактив тизимлари бор, Украинада эса мос равишда — 1100 ва 427 тадан.
Bloomberg агентлиги Кил институти ва Oryx лойиҳаси маълумотларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини қайд этган, чунки бу маълумотлар фақат очиқ манбалардан йиғилган, томонларнинг ҳеч бири ўз йўқотишлари тўғрисида расман маълумот бермайди. Бундан ташқари, уруш даврида Россия қанча техника ва қурол ишлаб чиққани ҳам маълум эмас.
Аввалроқ Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи адмирал Энтони Радакин Россия йилига 200 га яқин танк ишлаб чиқара олишини айтганди. Шунингдек, у Россия армияси уруш даврида Украинадаги ҳарбий салоҳиятининг тенг ярмидан айрилганини қайд этган.
Ғарблик ҳарбий экспертларнинг маълумотига кўра, 2023 йил бошида РФ қуролли кучларининг танклари сони Украинаникидан бир ярим баравар кўпроқ бўлган. Ўтган вақт мобайнида бу нисбат қай даражада ўзгарганини аниқлаб бўлмайди. Bloomberg агентлиги кўплаб номаълумликларни ҳисобга олмаган:
- Украина ўлжа қилиб олган танкларнинг қанча қисмини жангларда қўллай олиши аниқ эмас. Уларнинг бир қисми ўлжа қилиб олинган бошқа танкларни таъмирлаш учун қисмларга ажратилган. Бундан ташқари, бу сонларда РФ қуролли кучлари ҳам украинларнинг танкларини ўлжа қилиб олгани ҳисобга олинмаган (Oryx лойиҳасига кўра — 130 дона атрофида).
- Россияликларнинг жанг майдонида йўқ қилинган деб ҳисобланган танкларидан бир қисми жиддий шикастланмаган ва кейин катта эҳтимол билан эвакуация қилинган ва танк таъмирлаш заводларида қайта тикланган.
- Россияда танклар ишлаб чиқариш кўлами аниқ эмас. РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев 2023 йилда танклар ишлаб чиқариш учун фантастик режани айтганди — 1500 дона. «Ведомости» билан гаплашган экспертлар реал ишлаб чиқариш ҳажми Украинага ғарбдан етказиб бериладиган танклар сонига тенг бўлишини тахмин қилишган.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024