Ўзбекистон | 20:21 / 10.07.2023
28426
10 дақиқада ўқилади

Қурғоқчилик муаммоси: Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги хавф остидами?

“Агар дунёда қурғоқчилик темпи шундай кетадиган бўлса, бизнинг Ўзбекистонда ҳам яқин келажакда деҳқончилик қилиш оғирлашади”, – дейди биолог олим Бахтиёр Расулов. У Kun.uz билан суҳбатда мамлакатга қурғоқчилик муаммоси хавф солаётгани, сув ресурсларининг кескин етишмовчилиги жиддий масалаларни келтириб чиқаришини, қишлоқ хўжалигида анъанавий усуллардан воз кечиб, янги илмий методларга ўтиш кераклигини таъкидлади.

Глобал иқлим ўзгариши, хусусан, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши фонида дунёда йирик экологик муаммолар юзага келмоқда. Баъзи ҳудудларда сув сатҳининг кўтарилиши, тошқинлар, қурғоқчилик каби офатлар кузатиляпти. Бу эса эковазиятнинг издан чиқаётганига бир сигналдир. Дунёга хавф солаётган муаммолар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Жойларда сув ресурсларининг етишмовчилиги соҳаларга, айниқса, қишлоқ хўжалигига таъсир қилишни бошлаган.

Хўш, бундай вазиятда соҳанинг келгуси кўринишини қандай тасаввур қилишимиз керак? Олдинда бизни яна қандай жиддий масалалар кутиб турибди? Мутахассислар бунга ечим бера оладими? Kun.uz Ўзбекистон Фанлар Академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биолог олим Бахтиёр Расулов билан шу ҳақда суҳбат ташкил қилди. 

“Гляциология деган фан бор, у музликларни тадқиқ этади. Фан берган хулосаларга кўра, биз абадий деб билган музликлар интенсив эриши, дунё океанлар сатҳи кўтарилиши, ҳароратнинг кўтарилишини кейинги 10-20 йил давомида кўришимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида дунёда сув ресурсларининг танқислигига сабаб бўлаётганини бугунги кунда ҳам кузатяпмиз. Буни фақат Ўзбекистон учун хос бўлган фожиа деб билмаслик керак, дунёдаги ўзгаришларнинг бир қисми сифатида бизнинг мамлакатда ҳам сезилмоқда. 

Сув ресурсларининг аста-аста чекланиб бораётгани, айниқса, қишлоқ хўжалигида сезилмоқда. Масалан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда бу жуда муҳим бир восита ҳисобланади. Йилдан йилга сув ресурсларига боғлиқ ҳолда тупроқларнинг шўрланиши, экилаётган экинларнинг ҳосилдорлиги камайиб бориши, деҳқончилик учун харажатларнинг ортиб бораётгани, қишлоқ хўжалиги экинларида вирус, бактерия, замбуруғ табиатли касалликларнинг авж олаётгани катта салбий оқибатларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. 

Ҳозирда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида иккита катта экин тури: буғдой ва ғўза (пахта) экилади. Қуёшли кунларда вегетация (кўпайиш) учун қулай бўлган шароитларда деҳқончилик қиларканмиз, истаймизми ёки йўқ, албатта, сув ресурсларига эҳтиёж сезамиз. Бундан ташқари, ҳосилдорликни оширишда, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондиришда яна ўша сув жуда аҳамиятли. 

Сув нафақат ўсимликнинг ўсиши, ривожланишида, шунингдек, берилаётган минерал ўғитлар, биологик воситалар, касалликларга қарши курашишда қўлланадиган препаратларнинг ўзлашишида ҳам муҳим саналган асосий ресурсдир. Сувнинг миқдори ва экинни суғориш давомийлиги жуда кўп нарсани белгилаб беради. Шу нуқтайи назардан дунёда иқлим шароитидаги ўзгаришлар Ўзбекистон шароитида янги-янги ечилиши лозим бўлган масалаларни қўймоқда. Деградацияга учраётган тупроқлар, турли касалликлар, споралар кўпайиб бораётган тупроқлар (айниқса, замбуруғ табиатли касалликлар споралари тупроқда сақланади) ғўза, бошқа экинларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалигини илмий асосда ташкил қилибгина бундай салбий оқибатларни юмшатишимиз, оқибатларни енгиб ўтишимиз мумкин бўлади”. 

Қурғоқчилик вақтида қишлоқ хўжалигининг қай аҳволга келишини яхшироқ тасаввур қилиш учун буғдой ва пахта етиштиришни мисол қилиш мумкин. Мутахассиснинг айтишича, асосан, кузда – октябрь ойларида экиладиган буғдойнинг ўсиб, ривожланиб, ҳосилга киришигача сув етишмовчилиги кузатилмайди. Аммо Ўзбекистоннинг стратегик экинларидан бири бўлган пахтани етиштиришда сув танқислиги ўта юқори нуқтага етади. 

“Биз ҳар йили далаларда кузатувлар, мониторинглар олиб борамиз. Ғўза навлари ўсиши, ривожланиши, касалликка чалиниши, ҳосилдорлиги бўйича масалалар жиддийроқ бўлиб қолмоқда. Бу йил шароит ғўза, пахта учун ноқулай бўлди. Бошида ҳарорат паст бўлди, агротехник тадбирлар сурилиб кетгани учун Ўзбекистон бўйлаб бу борадаги ҳолат кўнгилдагидек эмас. Мана шу шароитда илм-фан ютуқларидан фойдаланишга чуқур эҳтиёж сезамиз. 

Ўзбекистон пахта экувчи энг шимолий давлат ҳисобланади. Пахта иссиқсевар ва сув ресурсини кўп талаб этадиган экин тури ҳисобланади. Демакки, ғўза учун ҳаво ҳарорати талаб даражасида бўлмаса, биз янги навларни кўриб чиқишимиз керак бўлади. Ҳозирда янги навлар яратишда бизга ҳосилдор навлардан бўлиши талаби қўйилади. Лекин, фикримча, серҳосил навларни таклиф этиш ҳам ҳозирги шароитда ечим бўла олмайди. Сабаби бу ҳосилдор навларнинг атроф-муҳит, ер, тупроқ шароитларига мослашиши, салбий оқибатларни енгиб чиқишида ўзининг ирcиятида бир қатор хусусиятларга эга бўлиши керак. 

Масалан, янги нав нисбатан паст ҳароратда ўзидаги ҳужайра ва тўқималарнинг иккиламчи метаболик синтезни амалга ошира олиши, буни қила олмаса, деҳқончиликда ўсимликни озиқлантиришда мана шу воситаларни бериш ҳисобига ўсимликнинг ривожланишини кучайтириб, маълум босқичда темпни ушлаб ҳосилдорликни ошириш, сақлаб туриш мумкин”.

Суҳбат давомида Бахтиёр Расулов қурғоқчилик сабаб тупроқ бузилиши, хусусан, деҳқончилик қилиш шароитини қийинлаштирадиган шўрланиш ҳақида гапириб ўтди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўрта ҳисобда 3,2 млн гектар суғориладиган ерлар мавжуд, шу ерларнинг аксарият қисми, тахминан, 85 фоизлардан кўпроғида тупроқнинг шўрланиши кучаймоқда. Бундай вазиятнинг юзага келиши ўсимлик, экинлар учун жуда стрессли ҳолат ҳисобланади. Уларнинг ўсиши, ривожланиши қийинлашади. Оқибатда эса ҳосилнинг унуми камаяди. 

“Иккинчи одатда эътибордан четда қоладиган муҳим масала – тупроқда эримайдиган кальций тузларидан иборат бўлган моддалардир. Бу моддалар тупроқни зич, қаттиқ ҳолатга олиб келади. Мана шу шароитда ҳам ўсимликнинг ривожланиши қийин кечади. Натижада тупроқларда ҳаво юриши, сувнинг ҳаракатланиши чекланади. Ўсимлик нафас олади, сув орқали тупроққа берилган минерал ўғитларни ўзлаштиради. 

Биз тўла-тўкис ўсимликни баргдан озиқлантириш, умуман ноанъанавий усулга ўтганимиз йўқ. Ноанъанавий усулда ўсимликнинг илдизидан эмас, баргидан озуқа берилади. Илдиз фақат таянч ва насос вазифасини бажаради, 2 та асосий вазифаси бор, яъни ўсимликни тутиб туриш ва озуқани юқорига тортиб беришдир. Озуқани тортиб баргига етказиб беради, баргда эса ўша моддалар ўзлашади. Янги усуллар – аграр биотехнологиялар орқали ўсимликни баргдан озиқлантирса бўлади. 

Cув танқислиги кузатиляпти, энди қурғоқчилик шароитларида анъанавий деҳқончилик билан шуғулланиб бўлмайди. Бу масалани ечишда ёрдам бермайди. Айтайлик, майнинг бошида, ҳаво ҳарорати оптимал, қулай бўлган вақтда чигит экилди. Экин экилгач июннинг бошида суғорилади, ўртача айтганда 30-40 кун ғўза ўсимлиги сув ичмай туради. Бу эса ўсимлик озиқланмади дегани. Биз мана шу жиҳатга эътибор бермаймиз. Бунинг оқибатида эса экинларда касалликлар юзага келади, деҳқонлар қайтадан чигит экишга мажбур бўлади. Қайта экиши – иқтисодий зарар, иккинчидан, унинг ҳосилдорлигини тушириб юборади”. 

Қурғоқчилик занжирга айланган ҳолда жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Бу офат сабаб мамлакат сув танқислиги, тупроқ деградацияси охир-оқибат эса ҳосил ва озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзлашади. Бундай шароитда чиқиб кетишнинг ягона йўли илмий ечимлардир. 

“Бизда қишлоқ хўжалигида мураккаб тарзда тушуниш стереотипи бор. Ўзи деҳқончилик мураккаб, машаққатли соҳа эмас. Биз ҳаддан ташқари мураккаблаштириб юборганмиз. Биринчи навбатда ўсимлик ҳамда тупроқнинг табиий ҳолатига халал бермаслик керак, тинч қўйиш керак. Тупроқда биологик жараёнлар кечади. Ва унинг ўсимлик билан бирга яшайдиган микроорганизмлари бўлади, бошқа давлат тупроқлари билан солиштирганда Ўзбекистонникида шундай микроорганизмлар камроқ. 

Чунки бизда стресс омили кучли. Масалан, органик элементларнинг етишмаслиги, намликнинг юқори бўлмаслиги каби бир қатор омиллар сабаб тупроқдаги ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигини белгилаб берувчи, ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилишда иштирок этувчи бактерияларга, тупроқ микроорганизмларига унча эътибор бермаймиз.

Ваҳоланки, аслида қишлоқ хўжалиги тупроқ, тупроқдаги микробиологик ҳаёт шаклларидан, яъни бактерия, замбуруғ, ўғитдан ҳамда ўсимликдан иборат бўлиб кетиши керак. Аммо биз ўртадаги муҳим элементни суғуриб олганмиз. Тупроқнинг унумдорлигини оширишда энг биринчи бўлиб микроорганизмлар роль ўйнайди. 

Глобал иқлим ўзгариши, қурғоқчилик шароитларида ҳам микроорганизмлар энг муҳим ўйинчилардан ҳисобланади. Жаҳон қишлоқ хўжалиги тажрибасида бу жиҳат алоҳида омил сифатида эътиборга олинади. Қишлоқ хўжалиги микробиологияси ва агрокимёсида тупроқ, микроорганизм, ўсимлик битта бутун система деб олинади. Хориж университетларида шу нарсалар битта қилиб ўқитилади. Бу нарса мажбурий, буни ҳисобга олиш мумкин эди”.

Интервьюнинг тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди, 
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид