Ўзбекистон | 17:55 / 11.07.2023
29830
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темирйўллари» раҳбари ишдан олинди

Ҳусниддин Ҳосилов 2016 йилдан буён темирйўл соҳасига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ раиси Ҳусниддин Ҳосилов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент раислигидаги видеоселекторда бундан тўрт йил аввал «Тошкент-Самарқанд», «Тошкент-Андижон» пулли йўллари ва Тахтақорача довонида пулли туннел қуриш топшириқлари берилгани, лекин на лойиҳа қилиш, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмагани танқид қилинган.

«Бугунги кунда темир йўлда 2,5 мингта юк вагони етишмаслиги, мавжуд вагонларнинг 3,5 мингтаси эса таъмирталаблигига қарамай, уларни кўпайтириш, йўлларни модернизация қилиш  учун бор-йўғи 16 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция ўзлаштирган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Истеъфога «инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйгани» сабаб қилиб кўрсатилган.

Ҳусниддин Ҳосилов 1970 йил Тошкент вилоятида туғилган. 1992 йилда Тошкент темирйўл муҳандислари институтини инженер-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда «Ўзинтерсервис» қўшма корхонасида тармоқ бошлиғи сифатида бошлаган. 1992-2008 йилларда «Ўзтемирйўлмаштаъмир» унитар корхонаси ва «Ўзбекистон темирйўллари»да турли лавозимларда ишлаган.

2011-2014 йилларда «Ўзбекистон темирйўллари» ДАТК бош менежери – бош муҳандиси бўлган. 2014-2016 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг департамент мудири сифатида ишлаган. 2016 йилда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бош менежер – бош муҳандис лавозимига қайтган.

2019 йил 5 февралда унга «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажариш юклатилади. 2019 йил июнидан расман АЖ бошқарув раиси лавозимини эгаллайди.

2020 йил 31 январдан эса яна бошқарув раиси «в.б» бўлганди.

Мавзуга оид