БМТ: дунёда бир миллиард одамнинг тўртдан уч қисми очликдан азият чекмоқда
БМТнинг беш агентлиги қўшма ҳисоботига кўра, 2022 йилда дунёда оч қолганлар сони 735 миллион кишини ташкил қилган. Энг қийин вазият Африкада.
Сўнгги етти йил ичида биринчи марта дунёда оч қолганлар сони йиллик нисбатда кўпаймади. Аммо Африка, Ғарбий Осиё ва Кариб ҳавзасидаги айрим ҳудудларнинг кўрсаткичлари ёмонлашган. Бу БМТ беш агентлигининг 12 июль, чоршанба куни Женевада тақдим этилган «Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш даражаси» (The State of Food Security and Nutrition in the World) номли ҳисоботида айтилган.
Ушбу ҳужжатга кўра, 2022 йилда дунёда оч қолганлар сони қарийб 735 миллион кишини ташкил этган, бу ўтган йилдан 3,8 миллион кишига камдир. Бироқ, Африка, Ғарбий Осиё ва Кариб ҳавзасида очлик муаммоси оғирлашаётганига ишора қилган БМТ экспертлари «мамнун бўлиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ» деб огоҳлантирди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда 2,4 миллиард одам ёки дунё аҳолисининг 29,6 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларидан барқарор фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган. Уларнинг фикрича, агар бу тенденция давом этса, 2030 йилгача сайёрада очарчиликка барҳам бериш мақсадига эришиб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти салбий ривожланишга коронавирус пандемияси, даврий табиий офатлар, шунингдек, Украинадаги уруш каби қуролли можароларни сабаб деб ҳисоблайди.
Энг ёмон аҳвол Африкада. Ҳисоботга кўра, у ерда ҳар бешинчи одам очликка дуч келмоқда. Бу кўрсаткич жаҳон ўртача кўрсаткичидан икки баробар юқори. Айни пайтда, Осиё ва Лотин Америкасида мутахассислар баъзи яхшиланишни қайд этди.
Шу билан бирга, 2022 йилда дунёда 5 ёшгача бўлган 148 миллион бола тўйиб овқатланмаслик туфайли ривожланиш нуқсонларидан азият чеккан, 37 миллион бола эса ортиқча вазнга дуч келган.
Мавзуга оид
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
12:20 / 05.12.2024
“Исроил БМТ билан ҳимояланиб, геноцид уюштирмоқда” — Франческа Албанезе
17:18 / 03.12.2024