Ўзбекистон | 07:25 / 14.07.2023
21815
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтойўл»га янги раис тайинланди

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасига янги раис тайинланди.

Фото: ЎзА

ЎзА хабарига кўра, Жамшид Юнусович Турсунов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси лавозимида иш бошлади.

Жамшид Турсунов 1979 йил Бухоро туманида туғилган, Тошкент молия институтини тамомлаган.

У меҳнат фаолияти давомида «Ўзсаноатқурилишбанк» Бухоро минтақавий филиали бошлиғи, «Ўзавтойўл» акциядорлик компанияси молия-иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти автомобиль йўлларини ва автомобиль транспортини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси бўлиб ишлаган.

2021-2023 йилларда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлган.

Жамшид Турсунов 2023 йил 16 январдан буён Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Жорий йилнинг 11 июл куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ишдан олинди

Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, унинг ишдан олиниши «инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйгани» оқибатида рўй берди.

Абдураҳмон Абдувалиев 22 йилдан буён Ўзбекистон йўл хўжалигига раҳбарлик қилиб келаётганди. У 2001 йилдан Ўзбекистон йўл соҳасига раҳбарлик қилган - 2001-2013 йилларда Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи, 2013-2017 йилларда «Ўзавтойўл» бошқаруви раиси, 2017-2019 йилларда Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси, 2019 йилдан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси.

Мавзуга оид