Спорт | 19:20 / 17.07.2023
65801
1 дақиқада ўқилади

Раньери Шомуродовни ўз жамоасида кўришни истамоқда

Янги мавсум стартидан олдин «Рома»ни тарк этиши кутилаётган Элдор Шомуродовга қизиқаётган яна бир жамоанинг номи маълум бўлди.

Фото: Getty Images

TuttoСagliari нашри хабарига кўра, ўзбекистонлик 28 ёшли ҳужумчига Италиянинг «Кальяри» клуби қизиқиш билдирмоқда. Қайд этилишича, жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери Шомуродовни ўз жамоаси сафида кўришни истамоқда.

Италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди. Раньери А Серия янги мавсуми олдидан жамоаси таркибини кучайтиришни режалаштирган.

Аввалроқ, Шомуродов Жозе Моуриньонинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олмагани, унга Италиянинг «Лечче» ва Испаниянинг «Жирона» клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини ижара асосида «Специя»да ўтказиб, 16 ўйинда битта гол ва 2та ассистга муаллифлик қилганди.

 

Мавзуга оид