Ўзбекистон | 14:40 / 21.07.2023
38717
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «новостройка»га пул тўлаб куйганлар бош вазир билан учрашди

Улар ҳукумат биноси олдида йиғилган. Бош вазир Абдулла Арипов фуқаролар билан учрашган. Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев ҳам шу ерда.

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган уйлардан сотиб олиб, пулларига куйиб қолган фуқаролар ҳукумат биноси олдида йиғилди.

Улар билан шахсан бош вазир Абдулла Арипов суҳбатлашган. Бош вазирга Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев ҳамроҳлик қилган.

Kun.uz билан боғланган фуқаролардан бирининг айтишича, бош вазир шу йил 24 июлга қадар қарор чиқарилиши, банк ҳисобига ўтган барча 600 дан ортиқ хонадонлар эгаларига қайтарилишини айтган.

Тез орада аҳолини рози қилиш учун барча чоралар кўрилишини таъкидланган.

Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов телеграм-каналида хабар қилишича, қабул якунида улар билан навбатдаги якуний учрашув жорий йил август ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши маълум қилинган.

Бундан олдинроқ «AZIYA INVEST FAVORIT» МЧЖ билан Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган уйлардан бирини сотиб олиш бўйича шартнома тузган бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz’га мурожаат қилиб, орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилишганди.

Уларнинг айтишича, МЧЖ раҳбари қамоққа олинган бўлиб, ишчи-ходимлар пулларини қайтаришни талаб қилиб борганларга фирма ёпилганини айтишган. Фуқаролар кўрган зарар 300 млрд сўмдан ортиқни ташкил қилади.

Мазкур масала юзасидан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида Ҳукумат комиссияси тузилганди. Ушбу комиссияга 20 июлгача ўрганиш ишларини якунлаб, натижаси юзасидан тегишли хулоса ва асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилганди.

Мавзуга оид