Жаҳон | 20:09 / 21.07.2023
19359
6 дақиқада ўқилади

Зеленский нима учун тарихий шахс?

Босқиннинг илк кунларида, дунё Украинанинг қулашини кутаётган бир вақтда Киевни ташлаб кетмаган Володимир Зеленский, қатъиятли видеобаёнотлари орқали ўзидаги ишонч ва жасоратни украин халқига юқтиргани билан, урушдаги биринчи қаҳрамонга айланиб улгурган эди.

Инсоният тарихи – катта воқеа ва ҳодисалардан, туб бурилишлардан иборат. Бундан йирик воқеа-ходисалар, туб бурилишлар эса, ўша даврдаги муҳим қарорларни қабул қилаётган шахслар ва уларнинг шахсиятларига бориб тақалади.

Бугун дунёда йирик уруш кетмоқда. Россия Федерациясининг Украина ҳудудига бостириб кирганига салкам бир ярим йил бўляпти. Бу уруш – иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик ва ноқонуний агрессиялардан бири. Бу уруш нафақат бутун дунёни, энг аввало, пост-совет ҳудудини, жумладан Марказий Осиёни ларзага солди. Бу уруш дунё экспертлари томонидан “21-асрдаги империячилик уруши” деб номланди.

Уруш чўзилиб кетди. Аввалига, узоғи бир-икки ҳафтада Россиянинг мутлақ ғалабаси билан тугаши тахмин қилинганди. Лекин Москванинг режалари тўлиқ бузилиб кетди. Бу режаларнинг амалга ошмаслигига кўплаб омиллар сабаб бўлди. Бу омиллар ичида энг муҳимларидан бири – уруш бошланган кунлари катта жасорат ва матонат кўрсата олган Украина президенти Володимир Зеленскийнинг шахсияти бўлди.

Тарих – шахслар ва уларнинг ролларидан иборат. Россия Украинага тўсатдан бостириб кирганида, АҚШ ва Англия Зеленскийга бошпана таклиф қилди. Қолаверса, унга тезда Киевдан ёки Украинадан чиқиб кетиш ҳам маслаҳат берилган эди. Яъни АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатларининг ишончи комил эдики, Зеленский бошчилигидаги Украина ҳукумати узоқ яшай олмайди, Россиянинг ҳарбий босимларига дош бера олмайди. Лекин кутилмаганда Зеленский бошпана таклифини қабул қилмади. Аксинча, тарихда қолган жумла билан жавоб берди: “Сиз менга бошпана эмас, қурол-яроғ беринг”.

1978 йил январида Украинада туғилган Володимир Зеленский профессионал сиёсатчи эмас. 2019 йил 21 апрелда ўтган президентлик сайловида собиқ президент Порошенко устидан 73,22 фоизлик катта фарқ билан ғалаба қозонган эди. Унга қадар, Зеленский ҳеч қачон давлат ишида ишламаган, бирон марта ҳам сайланадиган лавозимларда бўлмаган эди. Зеленскийни Украина халқи ҳажвчи актёр сифатида танир эди холос.

У ўзининг сайлов кампаниясини “Россия билан тинчлик сулҳига эришиш”, “тинч яшаш” шиорлари остида олиб борди. Қолаверса, у коррупция билан қаттиқ курашишни ваъда берди. Бироқ, сайловлар ўтгач, Путин у билан кўришишни истамади. Кутилмаганда, 2022 йилнинг 24 февралида, Путин Украинага важоҳат билан бостириб кирди.

Урушнинг биринчи соатлари ва кунларида Зеленский Украинадан қочмади. Ҳаттоки, Киевни ҳам тарк этмади. Аксинча, тан соқчилари қаршилигига қарамай, Киев кўчаларига чиқиб, видео олди ва аҳолига тарқатди. Зеленскийнинг жасорати бутун Украина халқига юқди. Дунё ҳайратланди.

Жасорат – инсонлардаги руҳий холат. Жасорат ва матонат каби хислатларни сохталаштириб бўлмайди. Бу хислатлар инсонда ёки бўлади, ёки бўлмайди. Уруш бошланган кунлари, Киевни жуда кўплаб сиёсатчилар ва давлат мулозимлари тарк этган эди. Лекин, Зеленский Киевда қолди, ва бу билан, урушнинг ўзгаришига энг катта ҳисса қўшди. Фараз қилинг, агар Зеленский ҳам уруш бошланишидаёқ Украинани ташлаб қочганида эди, Украина бу урушни ютқазиш эҳтимоли катта бўларди. Урушда ғалаба қозонган Россия пост-совет ҳудудидаги бошқа давлатларга империячилик босимини, балки лойиҳаларини амалга ошираётган бўлармиди?

Уруш бошлангач, Украина президенти урушдаги давлатни бошқараётган бош қўмондонга айланди. Кузатувчиларнинг хулосасига кўра, Зеленский жуда катта маҳорат билан кучли команда тўплади ва уларнинг фикрига қулоқ солиш қобилиятини кўрсатди. Бир томондан, президентлик салоҳиятини йўқотмаслик, бошқа томондан, ҳаммани эшита олиш ва энг тўғри қарорларни танлаб, қабул қилиш – барибир катта тажриба ва маҳорат талаб қилади. Гарчи Зеленскийда давлат бошқаруви тажрибаси бўлмаса-да, у жамоа билан ишлаш ва тўғри қарорлар қабул қилиш малакасини кўрсата олди.

Зеленскийнинг учинчи ютуқли характери – у қатъиятликни ва мўътадилликни сақлай олиши. Уруш даврида давлатни бошқариш оғир машаққат эканини тасаввур қилиш мумкин. Ҳар куни юзлаб, минглаб одамлар ҳалок бўлишини кўриш, англаш – одатда руҳий изтиробларга, сиёсий экстремизмга сабаб бўлиши тайин. Лекин, Зеленский, Порошенкодан фарқли равишда, имкон қадар мўътадилликни сақлаб қолишга ҳаракат қилди, ва бу билан дунё ҳамжамияти олдида рационал, вазмин ва ишончли сиёсатчи сифатида қабул қилинди.

Мақсадга интилиш бобида Украина етакчиси билан беллашиш қийин. Уруш бошланган бир йил ичида, Зеленский Украина халқи ва дунё ҳамжамиятига 500 дан ортиқ мурожаатлар йўллади. Бугунги кунга келиб, жами мурожаатлари 700 дан ошди. Ҳар бир халқаро тадбир, конференция ва форумлар, Зеленский назарида, Украина ғалабаси учун имконият сифатида кўрилди.

2022 йилда дунёга машҳур Time журнали, Financial Times газетаси ва бошқа халқаро нашрлар Зеленскийни “йил одами” деб эълон қилди. Бир вақтлар одамлар учун шунчаки аскиячи ва актёр сифатида кўрилган Зеленский, уруш давридаги давлат раҳбари вазифасини бажаришга мажбур бўлди.

Унинг матонати ҳамда профессионалликка интилиши, нафақат Украинанинг ғалабаси, балки пост-совет ҳудудидаги империячиликнинг мағлубияти учун мисли кўрилмаган улкан ҳисса қўшди.

Зеленскийнинг ҳикояси ҳали тугагани йўқ. Лекин унинг жасорати ва матонати, унга тарихий ҳайкал қўйишга имкон бериб бўлди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос 

Мавзуга оид