Иқтисодиёт | 12:43 / 27.07.2023
20106
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимлар сақланиб қолаётгани билан изоҳланди.

Фото: Kun.uz

2023 йил 27 июлда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

МБ баёнотига кўра, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётгани инобатга олиниб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган.

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани намоён этиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилган. Бунда, ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлгани асосий пасайтирувчи омиллардан бўлган. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмаган.

Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайган ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этган. Натижада, базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган.

“Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётгани, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда”, дейилади МБ хабарида.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 сентябрга белгиланган.

Мавзуга оид