Ўзбекистон | 10:54 / 04.08.2023
14674
2 дақиқада ўқилади

Чироқчи туманига янги ҳоким тайинланди

Файзулла Юсупов Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Туманнинг олдинги ҳокими Нодир Эркаев июл ойида президент видоеселекторида ишдан олинганди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

4 август куни халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессияда депутатлар Файзулла Юсуповни Чироқчи тумани ҳокими лавозимига тасдиқлашди.

Ф.Юсупов 1976 йил Қамаши туманида туғилган. У 1999 йил Тошкент молия институтини, 2006 йил Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тугатган.

Тайинловга қадар вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Чироқчи туманига 2022 йил апрелидан буён Нодир Эркаев раҳбарлик қилиб келаётганди. У муқаддам Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари ва Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2023 йил июл ойида президент раислигидаги йиғилишда ўндан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимлари қаторида ишдан олинганди.

  • 3 август куни Миришкор туманига ҳам янги ҳоким тасдиқланганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Файзулла Ғуломов июл ойидаги йиғилишда ишдан кетган Шерали Санаев ўрнини эгаллаганди.

Мавзуга оид