Ўзбекистон | 19:21 / 04.08.2023
20245
5 дақиқада ўқилади

ОАВ ва ҳукумат: бугунги вазият қандай қилиб тўғри ўзанга солиниши керак?

Kun.uz’да навбатдаги интервью мавзуси Ўзбекистонда журналист ва блогерлар билан содир бўлаётган қатор хавотирли, тушунарсиз ҳолатлар ҳақида бўлди: баъзи блогерларнинг фаолиятини якунлагани, айрим журналист ва блогерларнинг қамалаётгани ва яна айримларининг устидан суд ишлари давом этаётгани.

Бу каби ҳолатлар эса ўзи-ўзидан соҳа ичидаги бошқа журналист ва блогерларни хавотирга солмай қўймайди.

Таҳлилий интервью меҳмонлари «Америка овози» радиоси мухбири Навбаҳор Имомова, Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва жамиятшунос, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди. 

— 2022 йил охири ва жорий 2023 йилда баъзи журналист ва блогерларнинг Жиноят кодексидаги қатор моддалар билан жавобгарликка тортилгани ва ҳозир ҳам давом этаётган бошқа суд ишлари. Хўш, сизлар журналист, инсон ҳуқуқи фаоли ва жамиятшунос сифатида вазиятни қандай кузатяпсиз?

Дастлаб, вазият сизларга қандай кўринаётгани ҳақида умумийроқ гаплашсак-да, кейин аниқ ҳолатлар мисолида батафсил яна гаплашамиз.

Навбаҳор Имомова:

— Хавотир билан кузатяпман, аммо ажабланаётганим йўқ. Менимча, бу вазият пишиб етилиб келаётган динамика эди. Охирги 3-4 йил ичида ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда шу мавзуда материал қилаётган эдим. Дейлик, шакллана бошлаган медиабозор, қоришиб кетган блогосфера ва журналистика, журналистларнинг турли позицияда иш қилиши (журналист, блогер, матбуот котиби) кабилар. Булар Ўзбекистондаги медиамакон коррупциялашганидан дарак эди. Медиамакон коррупциялашишида ҳукумат бошдан оёқ бош-қош. Янгилик эмас бу, совет давридан қолган иллат.

Охирги вақтларда блогерлар бирор бир муаммони ҳал қилиш учун пул олиши мени хавотирга солаётган эди. Бу йўл билан ҳукуматга ҳам кўплаб баҳона бераётганди. Ҳукумат ўзини танқид қилиб, асабига текканларга чора кўряпти ва давом этяпти. Ҳукумат коррупцияни йўқотмоқчи бўлганда бунга бошидан бошқача чора кўрган бўларди, лекин фақат ўзига гап ташлаганларга чора кўряпти. Энди жараён янаям мураккаблашади. Ўзбекистон бу жараёндан ўтиб олиш керак. Бошқа давлатларда ҳам бундай босқич бўлган. Лекин биздаги ўзига хос ва жиноий элементларга бой.

Абдураҳмон Ташанов:

— Иттифоқ даврида ҳам, мустақиллик даврида ҳам медиа мустақиллигини таъминлаш муҳити яратилгани йўқ умуман. Совет даврида ҳам, Каримов даврида ҳам пропаганда воситаси бўлиб келган матбуот. Пропаганда матбуоти қаердан, қандай таъминланади, деган савол ҳам қўйиш керак. Масала жуда оғир. Яъни ҳали эркин матбуот учун биринчи қадам ҳам қўйилгани йўқ. Жаҳонда матбуотнинг ўрнини ҳисобга оладиган бўлсак ҳам худди шундай экани кўринади. Ўтиш жараёнидир ҳали.

Сўз эркинлиги тўлқинсимон кўринишда бизда. Бир эркинлик берилади, бир сиқилади. Айтганимдек, ҳали пойдевори қўйилмаган сўз эркинлигининг. Яқин йиллар учун ҳам некбин қараш йўқ менда.

Камолиддин Раббимов:

— ОАВнинг муҳим социологик вазифалари мавжуд. Улардан бири — давлатдаги, жамиятдаги муаммоларни юқорига олиб чиқиш. Муаммолар олиб чиқилгач, ҳокимиятга нисбатан зўриқиш векторлари шаклланади. Мустақил ОАВ ҳеч қачон ҳокимият учун қулай бўлмайди. Демократик давлатларда жамият қонини янгилаб турувчи икки омил бор: ҳаққоний сайловлар ва сўз эркинлиги. Шу иккаласи бўлса, қолган демократик институтлар ҳам ишлаб кетади.

Ўзбекистон сиёсий тафаккури шундайки, хокимият сиёсий зўриқишни қабул қилолмаяпти. ОАВ, блогерлар муаммоларни олиб чиқаётган бўлса, уларга нисбатан салбий қараш шаклланяпти ҳокимиятда.

Асосий муаммолардан бири журналист, блогерларнинг молиявий мустақиллиги таъминланмагани. Буни ҳозирги суд жараёнларидан ҳам кўриш мумкин. Ҳар бир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг давлат манфаатлари учун стратегик қирраси мавжуд. Журналист ва блогернинг овозини ўчириш мумкиндир, лекин давлат бундан нимани йўқотяпти, деган саволни қўйиш керак. Сиёсатчилар авваламбор давлатнинг репутациясини тўламасдан, шу мақсадларга бошқачароқ эришиш мумкинмиди, деган саволни ҳам қўйиши керак эди.

Йил бошидан бир қанча ишлар бўлди. «Kompromatuz” ишини танқидлар учун дейиш қийин. У давлатга нисбатан зўриқиш векторларини шакллантиргани йўқ эди. Лекин савол пайдо бўлади: нега бунча узоқ вақт журналист ва блогерларнинг хато қилишига имкон берилди? Хатолардан огоҳлантириш тизими ишлаши керак эди. Кўплаб хатолар қилиб бўлгандан кейин жавобгарликка тортиш эмас, профилактика бўлиши лозим эди. 

●     Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид