Ўзбекистон | 15:30 / 07.08.2023
18308
1 дақиқада ўқилади

Дилшод Султонов иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлигидан кетди

Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтиши ортидан вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Фото: Kun.uz

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Дилшод Султонов ва Эркин Рустамов лавозимидан озод этилди. ЎзА хабарига кўра, улар бошқа ишга ўтмоқда.

Дилшод Султонов 2018 йил сентябридан буён (ўша вақтда молия вазирлиги) вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Эркин Рустамов эса 2022 йил сентябрида (ўша вақтда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги) вазирликка биринчи ўринбосар сифатида келганди.

Бу ўзгаришлар 2 август куни президент раислигида танқидий руҳда кечган йиғилишдан кейин рўй бермоқда. Ўша йиғилишда Дилшод Султонов иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари сифатида ҳайфсан олганди.

3 август куни эса солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридан чиқарилиб, вазирлик раҳбари Шерзод Қудбиев қўмита раислигига, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эса вазирликка қайтарилганди.

Davletovuz манбасига кўра, Султонов ва Рустамов Тошкент вилоятидаги туманларга ҳоким этиб юборилмоқда.

Мавзуга оид