Жаҳон | 10:17 / 11.08.2023
35906
23 дақиқада ўқилади

Хитой қатнашган, бироқ Россиясиз Жидда саммити. Унинг якунлари қандай?

Фото: WOJCIECH GRZEDZINSKI/ANADOLU AGENCY

Саудия Арабистони Украинада тинчликка эришиш бўйича саммитга мезбонлик қилди. Учрашувда 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва ҳатто можарода расман нейтрал позиция эгаллаган Хитой ҳам иштирок этди. Музокара қатнашчилари уруш тугашини қандай тезлаштиришни муҳокама қилди ва улар буни Россия иштирокисиз амалга оширди. Музокаралар ёпиқ тарзда ўтказилди, бироқ унинг марказида Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган тинчлик режаси тургани маълум бўлиб, унга кўра Москва Украина ҳудудларига (жумладан, Қрим ва Донбасснинг босиб олинган ҳудудларига) даъволаридан бутунлай воз кечиши керак.

Бу ўзи қандай саммит?

Украинадаги уруш мавзусидаги музокаралар ўтган ҳафта охири, 5-6 август кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтди. Икки кунлик учрашув Киев ташаббуси билан ўтказилди – биринчи шундай кенг кўламли муҳокама июн ойи охирида Копенҳагенда бўлиб ўтганди. Аммо ушбу икки раундли музокаралар кўламини солиштириб бўлмайди: агар Данияга 14 давлатдан вакиллар келган бўлса, Жиддага қирқдан ошиқ давлат, шунингдек, БМТ ва Европа Иттифоқи делегациялари йиғилди.

Можарони тўхтатиш масалаларини муҳокама қилиш учун Жиддага нафақат Украинанинг Европа иттифоқи ва АҚШдаги иттифоқчилари ташриф буюрди. Учрашув ташкилотчиларининг сезиларли муваффақияти Россияга нисбатан нейтрал позицияни эгаллаган мамлакатлар — Бразилия, Ҳиндистон ва биринчи навбатда Дания музокараларини ўтказиб юборган Хитойнинг саммитга жалб қилиниши бўлди.

Россия Жиддадаги музокараларга таклиф қилинмади, аммо, катта эҳтимол билан, саммит иштирокчилари бунда ҳеч қандай муаммо кўрмади. Бундан ташқари, бу уларнинг принципиал позицияси эди. Урушни дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун бу ерда ва ҳозир ҳеч қандай дастлабки шартлар йўқ — бу ҳақда Киевда ҳам, Москвада ҳам ва бошқа мамлакатларда ҳам гапирилмоқда. Аммо Саудия учрашувидан мақсад бу дипломатик ечимни яқинлаштириш эмас, балки Украинанинг ўзига ва бошқа кучларга мос келадиган тинчлик параметрларини аниқлаш эди.

«Саммитнинг аҳамияти аслида Глобал Жануб мамлакатларини ва бизнинг ўзимизни атрофида глобал тинчлик саммити ташкил этилиши мумкин бўлган баъзи асосий келишувларни излашга ундашдир», дейди Financial Times нашри билан суҳбатда Европа комиссиясининг исмини ошкор қилишни истамаган юқори лавозимли амалдори.

Reuters нашри ҳам саммитнинг Украина учун аҳамиятини шунга ўхшаш атамаларда ифодалаган: «Украина учун бу саммит ҳозиргача можарода бетараф қолаётган Глобал Жануб давлатлари билан мулоқот орқали тарафдорлари, асосан Ғарб давлатлари сонини кенгайтириш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир».

Жиддадаги учрашув иштирокчиларининг гуруҳ бўлиб тушган сурати, 2023 йил 5 август
Фото: SPA.GOV.SA

Украина расмийларининг айтишича, Жидда саммитидан асосий мақсад Киевни «қўллаб-қувватлаш гуруҳи»га алоқадор бўлмаган давлатлар билан мулоқот бошлашдир. Аввало, гап худди шу Глобал Жануб вакиллари — Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги ўнлаб мамлакатлар ҳақида кетмоқда. Илгари улар ривожланаётган мамлакатлар деб аталган, ҳозир эса улар «бой» шимолга қарши турмоқда.

«Уруш бошида бу давлатлар: бу қандайдир минтақавий можаро, биз унинг тугашини кутамиз, дейишди. Илгари улар фақат Лавров ёки Россия Ташқи ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларни қабул қилди», дейди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

Унинг сўзларига кўра, Киевнинг мақсади Глобал Жануб мамлакатларига ким кимга ҳужум қилгани ва Украина урушнинг тугашини қандай кўраётганини айтиб бериш эмас. Гап Москвага таъсир кўрсатиш воситаларини муҳокама қилиш ҳақида кетмоқда ва Подоляк бундай воситаларга Киевга қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш, Глобал Жануб давлатларининг халқаро ташкилотлар, ҳеч бўлмаганда БМТдаги хатти-ҳаракатларини ўзгартириш ёки Москвага дипломатик босим ўтказишни киритади.

«Масалан, Хитой ёки Бразилия ўз каналлари орқали Россияга Украинанинг босиб олинган ҳудудларини унинг назоратида ушлаб туриш мумкин эмаслигини айтиши керак», деган Украина президенти маслаҳатчиси.

Саммитнинг Саудия Арабистонида бўлиб ўтгани ҳам бежиз эмас. Бу мамлакат сўнгги пайтларда ўзининг дипломатик таъсирини кенгайтириш билан фаол шуғулланмоқда. Украина масаласи Саудия ҳукуматини хавотирга солаётгани аниқ. Уруш бошиданоқ улар асирларни, шу жумладан чет эллик асирларни алмашиш бўйича музокараларда фаол қатнашди.

Украина президенти Володимир Зеленский 2023 йил май ойи ўрталарида Араб давлатлари лигаси саммитида иштирок этиш учун Жиддага борганди. Бу ерда у Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан учрашганди.
SAUDI FOREIGN MINISTRY / HANDOUT/ANADOLU AGENCY

2023 йил июл ойи ўрталарида эса Financial Times нашри Ар-Риёд Россияга олиб кетилган украиналик болаларни ўз ватанларига қайтариш борасидаги келишув музокараларида иштирок этгани ҳақида хабар берди. Бу Украина учун ҳам, Россия учун ҳам урушнинг энг нозик масалаларидан бири —Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд вояга етмаган украиналикларнинг ноқонуний депортацияси сабаб президент Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди.

Шу билан бирга, Ар-Риёд Москва билан ҳам, Киев билан ҳам ва Хитой каби бошқа йирик ўйинчилар билан ҳам ҳамкорликни давом эттиряпти. Бундан ташқари, Хитойнинг саммитида иштирок этиши Саудия дипломатиясининг бевосита ютуғи деб аталмоқда.

Саудия Арабистони ҳукуматига яқин саудиялик таҳлилчи Али Шиҳаби бу музокараларни «Саудия Арабистонининг Украина, Россия ва Хитой билан мустаҳкам алоқаларни сақлаб қолиш бўйича кўп қутбли стратегияси муваффақиятининг ёрқин намунаси» деб атаган.

The Wall Street Journal нашри учрашувнинг яна бир муҳим контекстига эътибор қаратди: 2022 йили АҚШ Саудия Арабистонини юқори нефт нархларини ушлаб туриш учун Россия билан тил бириктиришда айблади — бу Москвага уруш учун зарур бўлган молиявий ёрдамни англатади. Ар-Риёднинг Ғарб билан муносабатлари Ямандаги уруш ва 2018 йилда саудиялик диссидент ва журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши билан кескинлашганди.

Аммо, афтидан, Саудия Арабистонининг ҳозирги саъй-ҳаракатлари эътибордан четда қолмайди. «Саудия ҳукумати ўз дипломатик саъй — ҳаракатлари учун ҳурматга сазовор бўлиши лозим», деган саммит якунида исми ошкор этилмаган америкалик амалдор WSJ нашрига.

Хитой иштироки нимани англатади?

Икки кунлик музокараларнинг расмий мазмуни номаълум – иштирокчилар қўшма баёнот беришдан бош тортди. Муҳокамалар боришидан хабардор бўлган Киевдаги икки манбанинг сўзларига кўра, саммит иштирокчилари томонидан якуний расмий баёнот йўқлиги олдиндан айтилган, шунинг учун буни ҳеч қандай ҳолатда тадбирнинг муваффақиятсизлиги белгиси деб ҳисобламаслик керак. Қолаверса, Копенҳагендаги олдинги учрашув ҳам якуний баёнотсиз ўтганди.

Ғарб нашрлари саммит натижаларини эҳтиёткор оптимизм билан баҳолаган. Улар Хитойнинг иштирокини учрашувнинг энг муҳим муваффақияти деб ҳисоблаган.

Хитой дипломатларининг музокаралардаги позицияси FT манбаси томонидан «конструктив» деб таърифланган.

«Хитой Россия эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилди. Хитойнинг саммитдаги иштироки эса Россиянинг тобора яккаланиб бораётганидан далолат беради», деган исми ошкор этилмаган европалик дипломат.

Бошқа бир манбанинг нашрга айтишича, Хитой учрашувда фаол иштирок этган ва музокараларнинг учинчи босқичида иштирок этиш таклифини «ижобий» қабул қилган.

Хитойнинг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуи форум доирасида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ва Давлат департаменти ходими, Россия ва Украина билан алоқаларга масъул Виктория Нуланд билан учрашган. Хитойнинг Россиядаги собиқ элчиси Ли Хуи 2023 йил май ойида катта уруш бошланганидан кейин Украинага ташриф буюрган биринчи юқори мартабали хитойлик амалдор бўлганди. АҚШ Давлат департаменти саммит якунларига кўра, ХХРнинг ундаги иштирокини «самарали» деб атади.

Хитойнинг Евросиё минтақаси масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуи май ойида турнега чиқиб, унинг доирасида Украина, Полша, Германия, Франция ва Россияда бўлган, Москвада Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан ҳам учрашганди.
RUSSIAN FOREIGN MINISTRY/HANDOUT/ANADOLU AGENCY

WSJ нашри ёзишича, Жиддадаги музокаралардаги ягона кескинлик нуқтаси Хитой делегацияси Пекин Россия босқинининг бир йиллиги муносабати билан тақдим этган, 12 банддан иборат тинчлик режасини эсга олган пайт бўлган. Унинг баъзи бандлари Украина ва унинг иттифоқчиларини хавотирга солган — Пекин режасида ўт очишни тўхтатишни таклиф қилинган, аммо оккупация қилинган Украина ҳудудлари билан нима бўлиши кераклиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Украина ҳукумати бундай позицияни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблашини бир неча бор маълум қилди: Киевдагиларнинг ҳарбий ҳаракатларни шунчаки тўхтатиш фақатгина Россиянинг ўз кучларни қайта тўплашига ва урушни давом эттиришига олиб келишига ишончи комил.

WSJ маълумотларига кўра, Хитой Жиддадаги йиғилишда ўз режасини тилга олганидан сўнг, европалик дипломатлар ҳеч қандай шартларсиз ўт очишни тўхтатиш можарони ҳал қилиш ўрнига уни музлатиб қўйиши ва Россияга аннексия қилинган ҳудудлар устидан назоратни кучайтириш имконини беришидан хавотир билдирган. Хитой вакиллари бунга нормал муносабатда бўлган.

«Улар реал вақт режимида изоҳ олди ва яхши фикрлар алмашинуви юз берди», деган WSJ нашрига мунозара мазмунидан хабардор манба.

Reuters билан суҳбатлашган таҳлилчилар фикрига кўра, Хитойнинг иштироки ушбу мамлакатнинг Россия ва Украинага нисбатан сиёсатидаги ўзгаришларни намойиш этади, аммо ҳозирча бурилиш гап кетгани йўқ. Агентлик билан суҳбатда мутахассислар Хитой ҳали ҳам Россиянинг муҳим иқтисодий ҳамкори эканини эслатган. Шу билан бирга, Пекин фақатгина Ғарб давлатлари иштирок этмайдиган тинчлик ўрнатишга ҳар қандай уринишлардан четда қолишни хоҳламайди, дея хулоса қилади экспертлар. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги саммит якуни бўйича Ли Хуи Пекин позициясини жаҳон ҳамжамиятига билдирганини айтиш билан чекланди.

«Хитой консенсус ва ўзаро ишончни кенгайтиришда давом этади, Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшиш учун энг катта умумий келишувни шакллантиришга интилади», дейилади вазирлик баёнотида.

Киевда Хитойнинг саммитдаги иштироки, бир томондан, кўтаринкилик билан қабул қилинди: Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Ли Хуининг ушбу тадбирдаги иштирокини «ютуқ» деб атади.

Бошқа томондан, бундан тезкор натижа кутилмайди. «Хитой консерватив мамлакат, у глобал қарорларни секинлик билан қабул қилади. Аммо бугунги кунда Хитойнинг (Россия иттифоқчиси сифатидаги) позицияси, шубҳасиз, ўзгармоқда ... Хитой, айниқса, Пригожин исёнидан кейин жуда заиф рус элитасини, анча заиф президент Путинни кўрди ... уларга репутация, пул, стратегия нуқтайи назаридан сармоя киритиш мантиқий бўлмайди», деган Михайло Подоляк BBC нашрига.

BBC’нинг Киевдаги суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Жиддадаги учрашувда Хитой делегацияси навбатдаги шундай учрашувда ҳам иштирок этишга ваъда берган.

Зеленскийдан тинчлик

Украина иттифоқчилари ва бошқа мамлакатларга оммавий ёки нооммавий тарзда қўллаб-қувватлашни таклиф қилаётган тинчлик ечими — бу Володимир Зеленскийнинг формуласи. Аслини олганда, бу 10 банддан иборат режа бўлиб, у Россия Украинанинг барча ҳудудларидан (жумладан, Қрим ва 2022 йил кузида аннексия қилинган бошқа ҳудудлардан) тўлиқ чиқиб кетиши ҳамда унинг ҳарбий ва сиёсий элитаси вакиллари Украина ҳудудида содир этилган жиноятлар учун жазоланишини кераклигини назарда тутади.

Украина ҳукумати сўнгги ойларда улар учун ҳудудий яхлитлик масаласи энг муҳим экани ва Россия армияси 1991 йилги чегараларга қадар чекинмасдан олдин ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаслигини айтиб келмоқда.

Украина иттифоқчилари бу позицияни қўллаб-қувватламоқда. Муаммо шундаки, Россия ҳукумати ҳудудий ён беришлар улар учун мутлақо мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Нейтрал позицияни эгаллаган мамлакатлар бу борада ноаниқ гапирди, аммо Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилишини расман тан олмади.

WSJ нашри таъкидлашича, афтидан, Жиддада бу масалада консенсусга эриша олишган. Европалик юқори мартабали мулозимнинг сўзларига кўра, Украина гўёки бошқа давлатлардан ўз режасини асос сифатида қабул қилишини талаб этмаган. Ва бошқа қатнашчилар ҳам, ўз навбатида, Киевдан Зеленский формуласидан воз кечишни талаб қилишмаган.

Саммитнинг боришидан хабардор бўлган BBC нашрининг Киевдаги икки манбаси WSJ’нинг бу маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган (манбалардан бири уларни ҳатто «фейк» деб ҳам атаган). Уларнинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати ҳали ҳам айнан ўз президентининг тинчлик режаси кенг қўллаб-қувватловга эришишини хоҳламоқда.

Володимир Зеленский ўз тинчлик режасини илк бор 2022 йил ноябрида, видеоалоқа орқали G20 саммитида чиқиш қилганида тақдим этганди. Фото: PRESIDENT.GOV.UA

Музокаралар қатнашчилари билан суҳбатлашган FT ҳам, WSJ ҳам, умуман олганда, саммит иштирокчилари ҳар қандай сулҳ марказида фақат Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига ҳурмат бўлиши мумкинлиги ҳақида келишиб олганини ёзган.

Ва агар Украина учун унинг ҳудудий яхлитлиги тушунарли сабабларга кўра Зеленский тинчлик режасининг асосий пункти бўлса, унда бошқа давлатлар учун бошқа пунктлар муҳимроқ бўлишини ҳам тушуниш мумкин.

Шунинг учун ишчи гуруҳларда Зеленский формуласининг алоҳида қоидалари муҳокама қилинади. Уларнинг иштирокчилари потенциал равишда, хусусан, ядровий ёки ғалла шартномаси барбод бўлиши муносабати билан озиқ-овқат хавфсизлиги каби мавзуларда гапириши керак бўлади.

«Консенсус шундай эди: бу фақатгина Европа уруши эмас — содир бўлаётган воқеалар бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат, энергетик ва иқтисодий барқарорликка таъсир қилади, шу сабаб келишувга эришиш учун умумий ҳаракат талаб этилади», деган саммитда иштирок этган, ғарблик бўлмаган давлатлардан бирининг дипломати.

Саудия Арабистони расмий баёнотида айтилишича, иштирокчилар «келажакда тинчлик йўлини давом эттирадиган умумий пойдевор қуриш учун халқаро маслаҳатлашувлар ва фикр алмашишни давом эттириш зарурлиги ҳақида келишиб олди».

Зеленский режаси бандларини барча биргаликда эмас, балки алоҳида муҳокама қилишининг яна бир сабаби бор. Россия билан эҳтиёткор муносабатларни сақлаб қолишга интилаётган баъзи давлатлар, масалан, ушбу режанинг еттинчи бандини қабул қилиши қийин — бу банд Россия ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти вакилларини ҳарбий жиноятлари учун ҳақиқий жиноий жавобгарликка тортишни, шунингдек Москва тўлаши керак бўлган репарацияни назарда тутади.

«Бу бандга рози бўладиган давлатлар Россия учун душманга айланади, чунки бу ерда гап шахсан Путин ва бутун Россия раҳбариятининг омон қолиши ва эркинлиги ҳақида кетади», деб ёзади Украинанинг «Европейская правда» нашри. Шу боис, Киев айрим давлатлар барча ишчи гуруҳлар ишида эмас, балки уларнинг бир қисмида иштирок этишини тушунади.

Ишчи гуруҳлар вазифаси келажакда «Тинчлик саммити» давлатлари раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган муросакор формулаларини ишлаб чиқишдан иборат. Киев бундай саммитни 2023 йил охиригача ўтказиш мумкинлигига умид қилмоқда. Ушбу саммитнинг асосий вазифаси — Украина учун Зеленскийнинг тинчлик режасига максимал даражада мос келадиган дунё картинаси ва ғалабани ҳужжатлаштиришдир. «Тинчлик саммити» ўтказиладиган жой ҳали аниқланмаган, бироқ Киев унда 60-70 давлат раҳбари иштирок этишини кутмоқда.

Жиддадаги каби учрашувлар эса ушбу саммит учун формулалар тайёрлашда муҳим рол ўйнаши лозим. Навбатдаги учрашувнинг санаси ва жойи ҳали аниқланмаган, бироқ Киев бу учрашув 2023 йил сентябр ойи бошида бўлиб ўтиши мумкинлигига умид қилмоқда.

Украинада саммит қандай баҳоланмоқда?

Украина ҳукумати Жиддадаги саммит натижаларини кўтаринки руҳда баҳоламоқда.

«Биз Украина тинчлик формуласини амалга оширишга бир қадам яқинлашдик... Ишончим комилки, Жиддадаги саммит тарихда қолади», дейди ушбу музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилган Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак.

Бошқа томондан, амалдаги ҳукумат танқидчилари Ғарб матбуотида ушбу саммитга бағишлаб, чоп этилган айрим мақолаларни эҳтиёткорлик билан қабул қилган. Хусусан, улар ёзишича, Украина делегацияси Жидда шаҳрида ёки Зеленский режаси тинчлик ўрнатиш жараёни учун асос қилиб олиниши кераклигини талаб қилмаган ёки ўз позициясининг асосий нуқтаси — Россия қўшинлари халқаро миқёсда тан олинган ҳудудидан бутунлай олиб чиқилмасдан туриб тинчлик музокаралари ўтказмаслик принципидан воз кечишга тайёрлигини билдирган.

BBC нашри билан суҳбатда Михайло Подоляк бу икки масала борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини айтди. Украина томони Зеленский режаси тинчлик ўрнатиш учун жиддий кўриб чиқилган ягона йўл экани ва ҳатто ўт очишни тўхтатиш режими жорий қилинган тақдирда ҳам Россия қўшинлари Украина заминида қолиши ҳозирги урушни музлатилган можаро ҳолатига ўтказади, деган фикрида қатъий. Ва кейинчалик унинг (музлатилган можаронинг) янги, янада қонли ва, эҳтимол, кенг кўламли, янги мамлакатларни ва ҳатто бутун минтақани қамраб олувчи урушга айланиши — фақат вақт масаласидир.

Германиянинг DPA ахборот агентлиги хабар беришича, Жиддадаги саммитда мезбонлар, Саудия Арабистони делегацияси кутилмаганда ўз тинчлик формуласини тақдим этган. Унинг мазмуни — Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олган ўт очишни тўхтатиш ва БМТ ҳомийлигида музокаралар ўтказишдир. Бу формула умумий хислатларига кўра, Киев ишончсизлик билан қарайдиган Хитой тинчлик режасини ёдга солади.

Михайло Подоляк BBC нашрига Ар-Риёд ҳеч қандай принципиал янги режа тақдим қилмаганини айтган. «Йўқ, улар ҳеч нарса тақдим этмади. Улар фақат маълум позицияларни муҳокама қилди: ‘сиз у ёки бу нарсага тайёрмисиз?ʼ каби. Бу стандарт маслаҳатлашувлар, ҳамма ниманидир муҳокама қилди. Аммо Украина учун ўзининг тинчлик формуласи позицияси принципиал, биз ҳаммани унга қўшилишга чақирамиз ва уни тинчлик жараёни асосига айлантиришни таклиф қиламиз. Бўлди. Нуқта», деган у.

Москвада нима дейишмоқда?

Россия расмийлари ва дипломатлари кутилганидек Жиддадаги саммитга скептик муносабат билдирди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Москва музокараларни «эътиборга олган» ҳамда «BRICS бўйича ҳамфикрлар» ва бошқа ҳамкорлардан баҳолашни кутмоқда. У, шунингдек, Зеленский формуласини танқид қилди ва «адолатли келишув» учун Украина жанговар ҳаракатларни тўхтатиши ва «янги ҳудудий реаллик»ни, яъни Россия унинг ҳудудларини аннексия қилишини тан олиши кераклигини айтди.

«Россия иштирокисиз ва унинг манфаатларини ҳисобга олмасдан, Украина инқирози бўйича ўтказилган ҳар қандай учрашув заррача қўшимча қийматга эга бўлмайди», дея қўшимча қилган у.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва саммит ҳақида унда иштирок этган BRICS давлатлари (Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африка) билан гаплашмоқчи эканлигини тасдиқлади. Шу билан бирга, Рябков BRICS мамлакатлари Украинага «соғлом фикр»ни етказа олишига ишонч билдирди.

«Аммо буни, Жиддада нима бўлганини ҳали тўлиқ ҳал қилиш керак. Бизнинг BRICS’чилар билан бу борадаги мулоқотимиз ҳақиқий мувофиқлик ва позицияларни янада яхшироқ тушуниш мақсадга мувофиқлиги принципи асосида давом этади», дейди россиялик дипломат.

Россия Федерациясининг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Улянов Саудия Арабистонидаги учрашувни маъносиз деб атаган. «Умуман олганда, бунинг тинчлик жараёнига ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки унга муҳим актор — Россия таклиф қилинмаган», деб ёзган у ўз телеграм-каналида.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков саммит олдидан Москва учрашувларни кузатишига ваъда берганди. Кремл ҳозирча саммит натижаларига изоҳ бермади. Аммо, дам олиш кунлари Владимир Путиннинг матбуот котиби New York Times нашрига ҳарбий ҳаракатлар давом этиши ҳақида бошқа бир изоҳ берди.

Журналистлар Песковдан Россия янада кўпроқ Украина ерларини босиб олмоқчими, деб сўраган. «Йўқ. Биз фақат Конституциямизда бизники деб ёзилган барча ерларни назорат қилишни хоҳлаймиз, холос», деб жавоб берган у.

Россия Конституциясида ҳозир Қрим, шунингдек, Украинанинг Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областлари Россия субъектлари сифатида қайд этилган. Херсон ва Запорижжяда руслар област марказлари — Херсон ва Запорижжя шаҳарларини назорат қилмайди. Шунингдек, Донецк ва Луҳанск областларида ҳам Украина назорати остида қолган ҳудудлар, жумладан, Словянск ва Краматорск каби йирик шаҳарлар бор. Песковнинг сўзларидан келиб чиқадики, Россия уларни эгаллаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш ниятида, демак Москванинг тинч йўл билан ҳал қилишга ҳатто назарий тайёрлиги ҳақида ҳам ҳозирча гап бўлиши мумкин эмас.

Москва ва Киев ўртасида музокаралар ўтказиш имконсизлиги ҳақидаги сўзларни Михайло Подоляк ҳам қуйидагича тасдиқлайди. «Россияга тегишли ҳамма нарса фақат жанг майдонида ҳал бўлади... Ростини айтсам, мен ҳатто улар билан гаплашиш имкониятини ҳам кўрмаяпман... Россия билан музокаралар жараёнининг бошланиши Россия Украина ҳудудини тарк этганидан кейингина мумкин бўлади. Тамом вассалом», деган у BBC билан суҳбатда.

Мавзуга оид