Ўзбекистон | 19:16 / 28.08.2023
32610
2 дақиқада ўқилади

Дониёр Тошхўжаев Тошкент шаҳар ИИББга қайтди

У 2022 йил февралида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан кетганидан кейин Тошкент вилояти ИИБда ишлаётганди.

Фото: Kun.uz

Полковник Дониёр Тошхўжаев Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Мазкур тайинловни Kun.uz’нинг вазирликдаги манбалари тасдиқлади.

Дониёр Тошхўжаев муқаддам, 2019 йил январига қадар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи бўлган, 2019 йил январ ойидан июн ойигача Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2019 йил июн ойидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

У 2020 йил январ ойида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланган ва бу лавозимда 2022 йил февралигача ишлаган.

Дониёр Тошхўжаев Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган вақтида ҳудуддаги ўзгаришларни президент Шавкат Мирзиёев ҳам эътироф этганди. Кейинроқ вилоятда содир айрим воқеалар Тошхўжаевнинг карьерасига таъсир қилди ва 2022 йил 12 феврал куни у ишдан олинди. ИИВ ушбу истеъфони Фарғонада сўнгги йилларда жиноятчилик кескин ошгани, жиноят муҳокамалари ва профилактик тадбирлар ўз вақтида ўтказилмагани, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик тўғри йўлга қўйилмагани салбий оқибатлар келтириб чиқаргани билан изоҳлаганди.

Дониёр Тошхўжаев 2022 йил феврал ойидан ҳозиргача Тошкент вилояти ИИБ тергов бошқармасида масъул лавозимда ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид