Украина стратегияси иш беряптими? — ғарб таҳлилчиларининг сўнгги прогнозлари
Фронт исталган жойда тўкилиши мумкин. Украинадаги сўнгги воқеалар мамлакат қуролли кучлари секинлик билан бўлса-да, жанубий фронтда илгарилаётганидан далолат бермоқда. Киев шу ҳафта ичида Запорижжя областининг Работине қишлоғи озод этилганини эълон қилди.
Бу Украинанинг ёзги қарши ҳужуми натижасида эгалланган 12-қишлоқ, август ойида қайтарилган иккинчи қишлоқ бўлиб турибди. Россия қўмондонлиги пайдо бўлаётган шароитларда элитали десант қўшинларини Запорижжя ва Донецк области чегараларидаги критик участкаларни ҳимоя қилиш учун ташлашга мажбур бўлмоқда ва бунинг учун бошқа йўналишдаги позициялари ожизлашиб қолмоқда, деб қайд этмоқда ғарблик экспертлар.
Улардан айримлари алалоқибат исталган жойда Россия мудофааси ёриб ўтилиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда, бироқ россияликлар узоқ вақт мудофаага тайёргарлик кўргани учун аввалгидек Украина ҚКнинг қарши ҳужумининг давом этиши асло енгил бўлишини ҳеч ким кутаётгани йўқ.
Россия Украина жанубига элита қўшинларни жўнатмоқда
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ўз кунлик ҳисоботида Луҳанск областининг Креминна районида РФ ҚК позицияларини мустаҳкамлаш учун ва Запорижжя областидаги Работине қишлоғида Украина ҚК сиқувини қайтариш учун ҳаво-десант қўшинларининг 76-гвардиячи десант штурм бригадаси ташлангани ҳақида хабар берди. Муаллифлар қайд этишича, бу дивизия «стратегик захира» тоифасига мансуб бўлиб, бу йўналишда вазият жиддийлигидан далолат беради.
Бу ҳақда денгиз пиёдалари собиқ офицери, Ташқи сиёсат тадқиқотлари институти (FPRI) катта илмий ходими Роб Ли ҳам таъкидламоқда. Унинг қайд этишича, 76-дивизия РФ қуролли кучлари сафида энг яхшиларидан бири ва нисбатан «янги». «Украина жанубидаги Россия кучлари катта босим остида, шунинг учун РФ ҚК у ерда ўз захираларидан фойдаланмоқда. РФ ҚК ҳаво-десант қўшинларининг қолган қисмлари бу ёқда Бахмутда жанг қилишмоқда», — деб ёзган Ли ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.
Россия қўмондонларида бошқа илож ҳам қолмаган, чунки Украина ҚК ўз бош мақсади бўлмиш Мелитопол шаҳрига олиб чиқувчи йўналишда Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида жойлашган Урожайне, Работине ва яна ўнга яқин қишлоқларни эгаллаган. Мелитопол эгалланиши Қримга қуруқликдан йўлни кесиб қўйиш имконини беради. ISW’дагилар айтишича, Россия ҳаво-десант қўшинларининг (ҲДҚ) амалда барча бўлинмалари украинлар қарши ҳужум олиб бораётган ҳудудларда ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ РФ ҚК 7-гвардиячи тоғ ўқчи дивизиясини Херсон областидан Запорижжя области шарқида ва ғарбида Россия мудофаасига кўмак бериш учун кўчиришган, Луҳанск областидаги ҲДҚ кучлари Донецк областидаги Бахмут шаҳри қанотларини ёпиш учун сафарбар қилинган эди. Буларнинг барчаси элита бўлинмаларидан фронт чизиғининг критик муҳим участкаларини мустаҳкамлаш учун фойдаланилаётганидан далолат беради.
«Россия ҳарбий қўмондонлиги ҲДҚ бўлинмаларидан ҳам ҳужум, ҳам ҳимоя операцияларида пайдар-пай фойдаланиб турган, юқори оператив суръат туфайли улар чарчаган бўлиши ҳам мумкин. Бу кучлар деградацияси Россиянинг мураккаб мудофаа операцияларини ўтказиш қобилиятини сусайтириш эҳтимоли катта, шунингдек, Россияни кенг миқёсли қарши ҳужум уюштириш ниятидан қайтариши мумкин, чунки бундай операциялар асосан элитали пиёдаларга асосланган бўлади ва бундай бўлинмалар Россияга ҳозирча етишмаяпти», — деб ёзади ISW.
Россия армиясида захира тугаб бораётгани белгилари август ойи бошларидаёқ аён бўлган эди. ISW баҳоларига кўра, РФ Бош штаби кучларни фронт ортидаги захирадан тортиб келиш ўрнига, фронт чизиғи бўйлаб ташлашга мажбур бўлмоқда.
Томас Тайнер — италиялик собиқ ҳарбий, НАТО қуролли кучлари бўйича эксперт собиқ СССР ҳудудларидаги можароларни очиқ манбаларидан ўрганиб, таҳлил қилиб келади. Унинг қайд этишича, Россия ҳозирча ўз қўшинларини жанубий фронт марказига ташлар экан, ўз ўзидан қолган жойдаги позицияларини кучсизлантирмоқда. Бу Россия мудофаасида заиф нуқталар пайдо қилади, украинлар буни сезиб қолгани ҳамоно ундан албатта фойдаланишади, деб ишонч билан таъкидлайди у. Эксперт фикрича, алалоқибат украинлар ҳеч ким кутмаган жойдан фронтни йиқитиши мумкин.
«Украинанинг стратегияси иш бермоқда. Украина ҚК ҳозирча жанубий фронтнинг қоқ марказида ғарб совға қилган кучли артиллерия ва юқори аниқликдаги ўқ-дорилар воситасида Россия қўшинларини йўқ қилиш билан банд. Руслар эса ҳозирча «хавфсиз» деб билган жойлардан кучларни бу «гўштқиймалагич»га тортиб келишмоқда. Шунинг учун мен сўнгги икки ой ичида кузатаётган жойда Украинанинг бош қарши ҳужуми рўй бермайди, деган фикрдаман. Жанубий фронтнинг марказида ўз позицияларини мустаҳкамлаётган руслар бор, бошқа жойларда эса уларнинг позициялари зиафлашиб бормоқда. Украиналиклар ўз ортларида ёриб ўтиш учун фойдаланиладиган бригадалар қолдиришган», — деб ёзади Тайнер Twitter’да.
Унинг қайд этишича, Украина қўшинлари фронтнинг кенг чизиғида ўз бўлинмаларини шошилинч қайта дислокация қилишга мажбур бўлаётган рақиб қаршилигига тобора камроқ дучор бўлмоқда. Тайнернинг ёзишича, Россиянинг ўзи «украиналикларга ўз мудофаа чизиғини ёриб ўтиш учун секин-аста ва аниқ имконият тақдим этмоқда ва бу қачон рўй бериши масаласи қолган». Таҳлилчи бу ҳолатда Украина ҳамон янги ғарб техникаси ва ўқ-дориларига, жумладан, урушда ғалаба учун зарур ҳисобланувчи узоқ масофадаги нишонларни ура олувчи ракеталарга муҳтож эканини қўшимча қилган.
ISW’дагилар таъкидлашича, Украина ҚК жанубий фронтда Россиянинг иккинчи мудофаа истеҳкомига яқинлашишига бир неча километр қолган ва у биринчисидан кучсизроқ бўлиб чиқиши мумкин. Экспертлар бундай тахмин билдиришига сабаб, янги марраларни ҳимоялаш учун РФ ҚКнинг аллақачон жангларда чарчаган қисмлари чекига тушади, мудофааланаётган томонда айтарли захиралар кўзга ташланмаяпти. Работинедан сўнг Украина қўшинлари Новопрокопивка ва Вербове йўналишида илгариламоқда, бир вақтнинг ўзида Бахмутда жанг олиб бормоқда ва Донецк областининг Купянск шаҳри остонасида РФ ҚК ҳужумларини бартараф қилиб турибди.
Финландиялик ҳарбий таҳлилчи Эмил Кастелмининг сунъий йўлдошдан туширилган фотосуратларга таяниб ёзишича, Украина ҚК биринчи навбатда Работинедан жануброқдаги, Токмак шаҳри йўналишидаги Новопрокопивкага томон кетмоқда, унинг озод этилиши Мелитополга тўғридан тўғри йўл очади. Украиналик аскарларни барча жойларда кенг мина майдонлари ва ўт очиш нуқталарига эга жиддий истеҳкомлар кутмоқда.
«Бу вақтга келиб ҳосил бўлган таассуротларга кўра, Украина бу кучли ҳимояланган позицияларга тўғридан тўғри ҳужум қилмоқчи эмас. Бунинг ўрнига улар Новопрокопивка қишлоғини қуршаб олиб, Работинедан жанубдаги позициялар ва русларнинг бош мудофаа чизиғи ўртасида мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи. Украинларда иккита яқин йўналиш бор: ўзлари учун (Новопрокопивкадан жануброқдаги) РФ ҚКнинг янада оғир ва асосий мудофаа истеҳкомлари жойлашган Сладка Балкага йўналиш очиш, ёки Вербоведаги бош мудофаа чизиғини ёриб ўтиш. Вербоведан ғарб томондаги асосий мудофаа чизиғи ёмонроқ ҳолатда экани эҳтимоли катта», — дея мулоҳаза қилган эксперт ўз тредларидан бирида.
Американинг Урушни ўрганиш институти ходими Жорж Баррос ҳам шундай фикрда. Таҳлилчи Работине ва Вербове яқинидаги танкларга қарши чоҳлар ва «аждаҳо тишлари» (пирамидасимон бетон тўсиқлар) ўртасида узилишлар кўзга ташланган сунъий йўлдош суратларини эълон қилган. Бу Украина ҚК россияликларнинг иккинчи мудофаа чизиғидаги позициясини ўтга тутаётганидан далолат бериши мумкин. Ҳарбий таҳлилчи Кайл Глен ҳам шунга ўхшаш маълумотларни келтириб, Токмак йўналишидаги Россия позицияларида космосдан ёнғин ўчоқлари кўриниб тургани, бу эса Украина ҚКнинг бу йўналишда ҳаракатланиши асносида қақшаткич жанглар бўлаётганидан далолат беришини таъкидлайди.
Украина армияси ҳам стратегик захираларини жангга ташламоқда
Украина ҚК ҳам захираларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Август ойи ўрталарида ҳарбий блогерлар Украина Бош штаби Запорижжядаги олд чизиққа «Марун» гуруҳини жўнатганини хабар беришган эди. Улар ғарб техникаси билан қуролланган, ғарбда тайёргарлик кўриб, аслаҳалар билан таъминланган бир неча минг янги ҳарбийлардир. Экспертлар қайд этишича, бундай бригадалар иккинчи эшелонда бориб, Россия армиясининг асосий мудофаа чизиғи ёриб ўтилганидан сўнг муваффақиятни кучайтириши лозим бўлган. Бунинг ўрнига уларнинг ўзидан ёриб ўтувчи куч сифатида фойдаланилади.
Жангга стратегик захиралар қўшилаётганини Америка матбуоти ҳам тасдиқлаган. Forbes журнали шарҳловчиси Дэвид Экснинг аниқлик киритишича, Украина ҚК қўмондонлиги Работине ҳудудига сўнгги йирик захира бўлинмаларидан сони 2 минг аскардан зиёд бўлган 82-десант штурм бригадасини ташлаган, улар Британиянинг Challenger танклари, Marder ва Stryker пиёдалар зирҳли машиналари билан қуролланган. Бунгача фронтга захирадан қудратли 46-бригада ҳам ташланган эди.
Бу бир вақтнинг ўзида Киев учун ҳам яхши, ҳам ёмон янгилик, дейишмоқда таҳлилчилар. Бир томондан, янги кучлар билан Украина қўшинлари ниҳоят Россиянинг эшелонланган мудофаасини ёриб ўтиб, Мелитопол томон силжиши, Қримга «қуруқликдан йўл»ни кесиб қўйиши мумкин. Бироқ бўлинмалар дам олиш, шахсий таркибни тўлдириш ва таъмирлаш ишлари учун чекинганида, уларнинг ўрнини тўлдиришга қодир янги қисмлар топилмай қолиши ҳам мумкин, шунда қарши ҳужум яна депсиниб қолади.
Дэвид Экснинг эслатишича, Украина ҚКда ҳали Территориал мудофаа ва Миллий гвардиянинг ҳали фойдаланилмаган бригадалари ҳам бор, бироқ уларга самарали ҳаракатни таъминловчи ўт очиш қувватлари ва тайёргарлик етишмайди. Агар РФ ҚК Работине ҳудудида Украина ҳарбий қудратининг кучли, лекин вақтинча ёрқинлигини қайтариб, ўз позицияларини ушлаб туролса, бригадалар бироз чекиниши ҳамоно улар алалоқибат украиналикларга қайта зарба беришлари мумкин, дея қўшимча қилади Дэвид Экс.
Кузатувчилар ёз фасли ўрталарида Украина армиясининг қарши ҳужум суръати сезиларли тарзда секинлашганини қайд этишган эди. Ғарб нашрлари фронтларнинг бирортасида қарши ҳужум кутилган натижаларга олиб келмаётганини хабар беришган. Бунга бир неча сабаб бор. Улар орасида Россиянинг кенг миқёсли мина майдонлари, Украинага GPS орқали йўналтириладиган, юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланишга монелик қилувчи, украиналикларнинг радиоалоқасига халақит берувчи радиоэлектрон кураш воситалари, шунингдек, РФ ҚКнинг авиацияда устунлиги саналган эди. Бундан ташқари, Украина ҚКнинг тактикасида ҳам етарли муаммолар борлиги хабар қилинган эди.
16 август куни Киев Украина жанубидаги Урожайне қишлоғи озод қилинганини эълон қилди ва бу Украина ҚК қарши ҳужуми суръати қанчалик секинлаштирилиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Кичикроқ аҳоли пунктларини эгаллаш учун Украина армиясига бир неча ҳафталар керак бўлаётганди. Урожайнедан аввалги аҳоли пункти — Старомайорскени Украина армияси 27 июл куни эгаллаганди. 26 июн куни Украина ҚК Ривнопол, 18–19 июн кунлари — Левадне ва Пятихатки, 12 июн куни — Нескучне, Сторожеве, Благодатне, Макаривка, Новодаривка, 11 июн куни — Лобковени озод этганди. Украина томонининг маълумотларига кўра, июн ойи бошларидан буён мамлакат жануби-шарқида илгарилаш 240 километр квадратни ташкил этган.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳудудларни қайтариб олиш «исталганидан секинроқ» кетаётганини тан олганди. Август ойи охирларига келиб ғарб матбуоти Киевнинг иттифоқчилари ёзги қарши ҳужумдан норозилиги — Украина армияси ҳаракатлари кутилмаларни оқламаётгани ҳақида бот-бот ёза бошлади. Хусусан, The Washington Post АҚШ разведка маълумотларини келтириб, Украина ҳозирги қарши ҳужумда ўзининг бош мақсади — Мелитополни эгаллаб, Қрим билан «қуруқликдаги йўл»ни кесиб қўйишга эриша олмаслигини ёзган эди. Бундай нохуш баҳога етарлича баҳоланмаган Россия мудофаасининг қудрати ҳисобга олиниб келинган.
The Washington Post суҳбатдошлари фикрича, ҳозирча Мелитополдан 80 км нарида турган Украина армияси шаҳаргача бир неча километр қолганда тўхтатилади. Мелитопол «Қрим дарвозаси» ҳисобланади, шу сабабли яриморолга «қуруқликдан йўлак» орқали муҳим транспорт тугуни ҳамдир. Бу Россияга Қримдан туриб ҳарбийлар ва техникаларни Украина жанубидаги оккупация қилинган ҳудудларга етказиш имконини беради.
Мелитополга йўл ниҳоятда мураккаб, Токмак каби яқиндаги шаҳарларнинг эгалланиши ҳам осон бўлмайди, деган The Washington Post’га ҳарбий таҳлилчи Роб Ли.
«Россиянинг у ерда учта асосий мудофаа чизиғи бор, кейин мустаҳкамланган шаҳарлар. Гап украинлар улардан битта ёки иккитасини ёриб ўта олишида эмас, мудофаанинг учаласини ҳам ёриб ўтиб, Токмак каби муҳим шаҳарни эгаллашга кучи етиш-етмаслигида», — деган эксперт.
The New York Times нашри ғарблик мулозимларга таяниб қайд этишича, қарши ҳужум асносида Украина қўшинлари жуда сочилиб кетган, бунинг ўрнига мамлакат жанубида битта бош йўналишда диққатни жамлаш лозим эди.
«Қарши ҳужумнинг асосий мақсади — Россиянинг Украина жанубидаги таъминот чизиқларини, Россия ва оккупация остидаги Қримга элтувчи «қуруқликдаги йўлак»ни узиб қўйиш. Мана шу ишга диққатни жамлаш ўрнига, Украина қўмондонлиги шарқ ва жануб ўртасида қўшинлар ва ўт очиш тизимларини тенг тақсимлаган, дейишмоқда америкалик мулозимлар», — деб ёзади NYT.
Нашр суҳбатдошлари фикрича, ҳозир Украина аскарлар ва техникаларда катта йўқотишларга учраса ҳам барча асосий кучларни Мелитополга йўналтириши керак. Нашрнинг маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари бош қўмондони бу маслаҳатга қулоқ тутган. Ўтган дам олиш кунларида The Guardian газетаси Полша ва Украина чегарасидаги махфий базада НАТОнинг олий мартабали вакиллари Валерий Залужний билан билан учрашув ўтказганини хабар қилди. Британия қуролли кучлари қўмондони Тони Радакин иштирок этган 5 соатлик мажлис чоғида генераллар Украина ҚКнинг қарши ҳужумини қандай тезлаштириш мумкинлиги тўғрисида бош қотиришган, шунингдек, қишки давр учун ҳарбий ҳаракатларни режалаштиришни бошлашган. Украина қуролли кучлари «стратегиясини янгилаш» ва 2024 йил учун узоқ муддатли стратегия муҳокама қилинган. Нашрнинг қайд этишича, гап Украина қўшинларини Запорижжя фронтига кучлироқ эътибор қаратиши тўғрисида борган.
Мавзуга оид
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024