Жамият | 15:40 / 01.09.2023
34626
7 дақиқада ўқилади

«Евгений Онегин» – бой берилган муҳаббат, таҳқирланган ҳислар ҳақида асар

Ҳеч сизда шундай ҳол содир бўладими: билимингиз, ақлингиз ҳамма нарсага етади. Ҳеч нарсадан камингиз йўқ. Аммо атрофга бефарқ ва лоқайдсиз. Бирор нарса қилишингиз кераклигини биласиз, лекин қилолмайсиз, бажаришни истамайсиз. Бундай одам ички зиддиятларга тўла, мураккаб одам ҳисобланади. Пушкиннинг «Евгений Онегин» асари бош қаҳрамони ҳам худди шундай инсон. 

Сюжет:

Евгений Онегин санкт-петербурглик зодагонлардан бўлиб, унинг ҳаёти базмлар, концертлар, партиялар иборат эди холос. Бойвачча амакисининг ўлимидан сўнг унга катта бойлик ва ер мулки мерос бўлиб қолади. Евгений бошқа мамлакатга кўчиб ўтгач, у ерда қўшниси, ёш шоир Владимир Ленский билан дўстлашади. Ленский Онегинни ўзининг турмуш ўртоғи, хушчақчақ, аммо ҳаёт мазмуни ҳақида ўйламайдиган Олга Ларинанинг оиласи билан кечки овқатга олиб боради. Бу учрашувда у Олганинг опаси Татянани кўриб қолади. 

Табиатан сокин, одамови ва Олганинг тескариси бўлган Татяна Онегинни ёқтириб қолади. Кўп ўтмай, у севгисини эътироф этиб, Онегинга хат ёзади. Унинг кутганидан фарқли ўлароқ, Онегин жавоб ёзмайди. Улар шахсан учрашганда, йигит хушмуомалалик билан, лекин менсимай ва танбеҳ тарзида унинг бу ташаббусини рад этади. Бу машҳур нутқ кўпинча Онегиннинг ваъзи деб аталади: у мактубнинг таъсирли эканини тан олади, лекин тезда турмуш қуришдан зерикишини, оилавий ҳаётни хоҳламаслигини, фақат Татянага дўстликни таклиф қила олишини билдиради.

Кейинчалик Ленский Онегинни Татянанинг туғилган кунини нишонлашга таклиф қилади. Онегин ўзи ва Татянани ғийбат қиладиган меҳмонлардан, уни келишга кўндирган Ленскийдан ғазабланади. У Олга билан рақсга тушиш орқали дўстидан ўч олишга қарор қилади. Жиддий ва тажрибасиз Ленскийга бу қаттиқ таъсир қилади. У Онегинни дуэлга чақиради. Онегин киборлар орасида дуэлдан бош тортиш ор-номус масаласи эканини ҳис қилиб, истамай қабул қилади. Дуэл пайтида Онегин беихтиёр Ленскийни ўлдиради. Шундан сўнг у ўз уйини ташлаб, пушаймонлик туйғусини ўчириш учун чет элга саёҳатга кетади. Онегиндан айрилиб юраги эзилган Татяна эса Москвада холаси билан яшашга кетади.

Орадан бир неча йил ўтиб, Санкт-Петербургда катта базм бўлади. Онегин ҳам базмда қатнашиш ва эски рус жамияти раҳбарлари билан мулоқот қилиш учун келади. У ҳамманинг эътиборини ўзига тортадиган, жамият гирдобида марказий ўринни эгаллаган энг гўзал аёлни кўради. Онегин у аёл бир вақтлар севгисини рад қилган ўша Татяна эканини тушунади. Энди у кекса шаҳзодага (генерал) турмушга чиққан эди. Татянани қайта кўрганида, у турмушга чиққан бўлишига қарамай, унинг меҳрини қозонишга интилади. Унинг уринишлари рад этилади. Онегин аёлга бир нечта хат ёзади, лекин ҳеч қандай жавоб олмайди. Охир-оқибат, йигит Татянани кўришга муваффақ бўлади ва унга бирга қочиб кетишни таклиф қилади. Татяна уни ҳали ҳам севишини тан олса-да, оиласининг бузилишига йўл қўймайди, эрига содиқ қолишга қарор қилганини айтади.

Таҳлил:

Онегин ўз замондошларига қараганда илғор фикрлайди, маънан бой. Бироқ шу бойликни ишлатгиси келмайди. Жамиятдаги сохталикни ҳис қилиб туради. Жирканади. Мунофиқлик, алдовларни идрок этади. Ўзини бундай муҳитга бегона ҳис қилади. Бундай ҳаётдан кечиб ҳам кетолмайди. Шу сабабдан ҳам атрофга бепарво қарайдиган, карахт ҳолатда ҳаёт кечирадиган бўлиб қолади. Нима қилса ҳам Онегин шу муҳитнинг боласи-да! Минг жамият урф-одатларидан, сарқитларидан нафратланса-да, курашолмайди. Курашса ҳам ғалаба қозонолмаслиги аниқ! Чунки ўзининг ҳаёти тартибсиз. Таҳлил қилинмайди. 

Татяна Ларина асардаги ёрқин образ. Унинг қалби мусаффо, орзулари биллурдек тиниқ. Кўнглига зиғирча ғубор қўниб улгурмаган. Унинг ўз дунёси бор. Бу дунёда меҳр ва муҳаббатга тўла қалб яширинган. Татяна Онегинда дардли, безовта одамни кўра билди. Севиб қолди. 

Асарнинг кулминацияси ҳисобланган Татянанинг мактуби қисмида бечора қиз не-не иккиланиш, изтироблар ичида Онегинга хат йўллайди. Аммо йигит қизнинг беғубор муҳаббатини рад этди. Чунки Онегин енгил-елпи ҳис-туйғуларнинг саргузаштларига ўрганган, севги унинг эрмагига айланиб улгурган, у учун муҳаббат деб аталмиш бебаҳо туйғу ўз қийматини йўқотганди. Ўткинчи ҳис-туйғулардан безган юраги Татянанинг соф, покиза ҳисларига тайёр эмасди (балки, бундай самимиятга ўзини муносиб кўрмагандир). 

Онегиннинг рад этаётгандаги ҳар бир сўзи Татянанинг юрагига наштардек санчилади. Аммо йигит бепарво. Қиз шўрлик нима қилсин! Шундай қилиб қиз изтиробда, йигит эса ўзининг эски дилхушликлари билан овора ҳолатда яшашда давом этишаверади. 

Асар охирида Онегиннинг юрагида, умуман, ҳаётида ўзгариш содир бўлади. У Татянани киборлар оламида, аслзодалар жамиятида кўриб, севишини англаб қолади. Онегиннинг қалби тубига чўкиб кетган самимийлик, софлик туйғулари юзага чиқа бошлайди. Афсуски, энди Татяна ўзганинг аёли бўлганди. Бу нарса бир тарафдан Онегинга алам қилса, бошқа томондан Татянага бўлган муҳаббати унга хурсандчилик, мамнунлик бахш этарди. Бир пайтлар қизни азоблаган жавобсиз туйғулар энди икки баробар бўлиб Онегиннинг бағрига ханжар урарди. Татяна табиатига содиқ ҳолатда ҳамон Онегинни севарди. Аммо қиз учун муҳаббатдан кўра садоқат гўзалроқ кўринарди. Оилага садоқат йўлида бошқа муҳаббатнинг рад қилиниши ҳам гўзалдир. Айнан мана шу асарда муҳаббатнинг рад қилиниши чиройли ҳодиса қилиб кўрсатилган. Қиз турмуш ўртоғига хиёнат қилмади. Оилани ҳис-туйғуларидан устун деб билди. Бир аёл учун бундан ортиқ олийжаноблик борми? 

Адабий танқидчи Виссарион Белинский «Евгений Онегин»ни «рус тарихининг энциклопедияси» деб атайди. Боиси Пушкин асарда жамиятнинг ҳамма муаммоларини бирма-бир қаламга олиб ўтган. Асарда кундалик икир-чикир муаммоларга тўла дворянларнинг мазмунсиз ҳаёти акс эттирилган. Онегиннинг фожиаси шундаки, у ўзи яшаган муҳит чиркинликларига ўзини беписанд тутиш орқали исён қилгандек бўлди-ю, бироқ бу билан ҳеч нарсага эришолмаслигини, аксинча, вазиятни баттар чигаллаштиришини тушуниб етмади…

Баъзан аслида бизга азиз бўлган нарса ёки кишиларнинг қадрини йўқотганимизда биламиз. Ҳаётимизнинг мазмунли ва фаровон ўтаётганини нотинчлик бошимизга тушганида англаймиз. Бу инсон табиатида доимо яшайдиган ҳолат. Аммо барибир имкон қадар биз учун инъом этилган неъматларни борида қадрлашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Гуласал Қодирова,
китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид