Ўзбекистон | 07:56 / 07.09.2023
5202
2 дақиқада ўқилади

Интернетда товламачилик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар, агар уларни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган бўлишса жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Фото: Anadolu Agency

Қонунчилик палатаси мажлисида “Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан интернетда товламачилик, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик ҳамда мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш, ушбу мақсадда махсус дастурлар ишлаб чиқиш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун ташаббускорларининг маълум қилишича, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар, агар уларни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган бўлишса жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик доирасининг аниқ норма билан белгиланишига хизмат қилади.

Депутатлар қонун лойиҳасининг заруратини ҳисобга олиб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Мавзуга оид