Жаҳон | 22:29 / 08.09.2023
37788
16 дақиқада ўқилади

XX асрдаги энг шов-шувли воқеа: америкаликларнинг Ойга учгани ёлғонми?

1969 йилда АҚШ ўз астронавтлари Ойга қўнгани ҳақида хабарлар тарқатади. Ўша пайтда бу жуда катта воқелик эди. Америкаликларнинг Ойга қадами етгани халқаро ташкилотлар томонидан расман тан олинган бўлса-да, кейинчалик бу иш шубҳа остига олинади. Унга кўра астронавтлар Ойга қўнмаган. Улар тасвирланган суратлар қайсидир чўлда туширилган.

Фото: stock.adobe.com

1950-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССР ва АҚШ томонидан фазони забт этиш учун пойга бошланади. Ҳар икки давлат томонидан аввалига турли ҳажмдаги сунъий йўлдошлар коинотга чиқарилади. Кейин эса космик кемалар ясалиб, уларда тирик жон учирилади.

СССРда илк парвоз итлар билан ўтказилганда, АҚШда маймун учиришади. 1961 йилда Гагарин фазога парвоз қилгач, америкаликлар ҳам одам учиришга муваффақ бўлишади.

СССР ва АҚШ ўртасида космосни ўзлаштириш бўйича рақобат давом этар экан, ҳар икки давлат Ойни ҳам ўзлаштириш ҳаракатларини бошлашади.

Бу рақобатда аввалига советлар устунлик қилишган. Уларнинг космик аппарати бир неча марта Ой сиртига қўнган ва оз миқдорда бўлса ҳам ундаги жисмдан намуна олиб тушган.

Бироқ кейинроқ америкаликлар Ойга одам учиришган ва советлардан ўзиб кетишган. Ўшанда астронавтлар Ой сиртига тушишган ва ундаги жинсдан намуналар олишган.

Кейинчалик америкалик астронавтларнинг Ойга қўнганига ва унинг сиртига тушганига «рақобатчи давлат» СССР (кейинчалик Россия) мутахассислари турли шубҳалар билдиришади.

Уларда айтилишича, НАСАнинг космик аппаратлари Ойга етган, унинг сиртига ҳам қўнган. Бироқ америкаликлар астронавтлар Ойга қўнмаган ва унинг сиртига тушмаган. Америкаликлар Ой сиртида бўлгани тасвирланган кадрлар қайсидир чўлда олинган.

Совет ва Россия мутахассисларининг бу шубҳалари америкаликлар томонидан рад этилган. Бироқ космосни татбиқ этувчи халқаро ташкилотлар, шу жумладан совет иттифоқи ҳам америкаликларнинг ойда бўлганини тан олишган.

Гап турли шубҳалар ҳақида кетар экан, ҳатто Гагарин парвозига ҳам шубҳа билдирадиганлар бор. Бироқ унинг парвози ҳам расмий равишда халқаро ташкилотлар томонидан тан олинган.

Фото: stock.adobe.com

Советларнинг Ойни ўзлаштириш учун олиб борган тадқиқотлари

Советлар умумий ҳисобда Ойга 30дан ошиқ космик аппаратлар учиришган. Улардан бир қанчаси Ой сиртига қўниб у ердан фототасвирлар олган. Бошқалари Ернинг табиий йўлдоши атрофида учишган. Баъзилари эса парвоз вақтида «авария» бўлишган.

Жумладан, 1970 йил 12 сентябр куни «Луна-16» фазога чиқарилади ва 20 сентябр куни Ой сиртига қўнишга муваффақ бўлади. 24 сентябр куни у Ерга қўнади. «Луна-16» Ойга учирилган автомат тарзда ишлайдиган биринчи аппарат эди.

1970 йил 17 ноябр куни «Луна-17» учирилади. Иккинчи аппарат Ойга муваффақиятли қўнади. У қарийб бир йил давомида Ой сатҳида жами 10 540 метрни босиб ўтади ва турли тадқиқотларни олиб боради.

«Луна-17» билан 1971 йил 14 сентябр куни алоқа узилган. Кейинчалик, Ойнинг суратларини олган бошқа аппаратларда Ой сатҳида тўхтаб қолган «Луна-17» ҳам кўринган.

1972 йил 14 феврал куни «Луна-20» учирилган ва 21 феврал куни у Ой сиртига қўнган. 1972 йил 25 феврал куни Ой сиртидан олинган 55 грамм (!) жинсни Ерга олиб тушган.

1973 йилда «Луна-21» Ойга муваффақиятли учирилади. Ушбу аппарат Ой сиртига 1973 йил 15 январ куни қўнади ва қарийб беш ойдан сўнг 4 июн куни ўз фаолиятини тўхтатади.

1976 йил 9 август куни советлар Бойқўнғир космодромидан «Луна-24»ни учиришади. 18 август куни у Ой сатҳига қўнади. Тўрт кун давомида Ой сиртидан намуна олган «Луна-24» 22 август куни қайтиб тушади. У олиб келган намунанинг оғирлиги 170 грамм (!) эди.

«Луна-14» 
Фото: osterreich.site

«Луна-24» ХХ асрда Ой сиртида ишлаган сўнгги аппарат ҳисобланади. Ундан кейин биронта давлат Ойга космик аппарат учирмаган. Фақат орадан қирқ йил ўтгач, 2013 йил 14 декабр куни хитойликлар Ойга космик аппарат учиришди.

Советлар ясаб чиққан яна бир аппарат 1977 йилда учирилиши ва Ой сиртига қўниши керак эди. Бироқ «Луна-25» деб номланган аппарат учирилмасдан қолиб кетади.

Умуман олганда советлар Ой сатҳини ўрганиш учун кўплаб аппаратлар учиришган. Бироқ уларнинг аксарияти манзилга етиб бормаган. Баъзилар Ой сиртига яқинлашганда, бошқалари эса парвоз вақтида ёки фазога чиққанда ишдан чиққан.

Агар советларнинг Ойни тадқиқ этиш тарихига қаралса, «Луна-15»гача ясалган барча аппаратлар Ой сиртига яқинлаша олмаган. Улар фақат Ой атрофида учиб, унинг сиртини суратга олган холос.

Кейинчалик эса, «Луна-19», «Луна-22», «Луна-23» кабилар ҳам ойга етиб боролмаган. «Луна-18» Ойга қўнишда қулаб тушиб, ишдан чиққан.

СССР космонавтлари нега Ойга етиб бормаган? Бунга асосий сабаб АҚШ технологияларидан фарқли равишда совет технологиялари мукаммал бўлмаган.

Советлар тайёрлаган космик кемаларнинг имконияти паст бўлган ва улар одам олиб учаётган йирик ўлчамдаги аппаратни Ойгача олиб бора олмасди. Совет космик кемаларининг имконияти паст бўлганини муваффақиятсиз кечган парвозлар ёки ҳалокатлар сонидан ҳам билиб олса бўлади.

Бойқўнғир космодроми. Советлар барча космик қурилмаларни шу жойдан учиришган.
Фото: www.liveinternet.ru

Америкаликларнинг Ойни тадбиқ этишга бўлган уринишлари

Америкаликлар советлардан фарқли равишда Ойга «кунора» ракета учиришмайди, бошданоқ Ернинг табиий йўлдошига одам учиришни режалаштиришади.

Бу ҳақда илк бор 1961 йилда президент Жон Кеннеди гапирган эди. Ўшанда у 1970 йилга бориб америкалик астронавтлар Ойга қўнишини айтганди.

Америкаликлар аввалига Ойга космик аппаратларни юборишади ва унинг сиртини ўрганишади. Сўнг 1969 йилда Ойга одам учиришади. Ўша йили 20 июл куни «Аполлон-11» космик кемаси Ойга қўнади ва астронавтлар Нил Армстронг ҳамда Эдвин Олдрин унинг сиртига тушишади.

1969 йил 19 ноябр куни америкаликларнинг «Аполлон-12» космик кемаси иккинчи марта Ойга қўнади. Бу сафар астронавтлар унинг сиртига чиқишмайди.

1971 йил 5 феврал куни ичида америкалик астронавтлар бўлган «Аполлон-14» космик кемаси яна Ойга қўнади.

1971 йил 30 июл куни «Аполлон-15» Ой сиртига қўнади. Америкалик астронавтлар бу сафар Ой сиртини тадқиқ этиш учун махсус электромобилдан фойдаланишади.

1972 йил 21 апрел куни «Аполлон-16» Ойга қўнади. Бу сафар ҳам астронавтлар унинг сиртига тушишмайди.

1972 йил 11 декабр куни ичида одам бўлган космик кема сўнгги марта Ойга қўнган. Ўшандан буён ҳеч бир давлат томонидан Ернинг табиий йўлдошига ичида одам бўлган космик кема учирилмади.

АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал космодроми. Америкаликлар космик қурилмаларни шу жойдан учиришган.
Фото: www.disboards.com

Америкаликларнинг Ойга қадам қўйиши

1960-йилларда СССР ва АҚШ ўртасида космик пойга давом этар экан, америкаликларнинг 1969 йилда Ойга одам учириши мисли кўрилмаган жуда катта воқеа эди.

1969 йил 16 июл куни маҳаллий вақт билан соат Флорида штатида жойлашган Кеннеди номидаги космик марказ аэродромидан ичида Нил Армстронг, Майкл Коллинз ва Эдвин Олдрин бўлган Аполлон-11 космик кемаси фазога парвоз қилади. Мазкур парвоз уларнинг учаласи учун ҳам иккинчиси эди.

Парвозни кузатиш учун космик марказга АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон, вице-президент Спиро Агню, олис масофага учувчи ракеталарнинг биринчи ихтирочиси германиялик Герман Оберт ва бошқа нуфузли шахслар қатнашади.

Космик марказдаги махсус трибунага АҚШ ва дунёнинг бошқа давлатларидан келган 3497 нафар ОАВ вакиллари жойлашади. Парвоз жараёни дунёнинг олтита қитъасидаги 33 та мамлакат телевидениеси томонидан тўғридан тўғри эфирга узатилади.

«Аполлон-11» космик кемасида парвоз қилган астронавтлар Нил Армстронг, Майкл Коллинз ва Эдвин Олдрин.
Фото: stock.adobe.com

Парвоз муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг АҚШ президенти астронавтларнинг Ойга қўниши режалаштирилган кун 21 июлни барча учун дам олиш куни деб эълон қилади.

Парвоздан 11 минут ўтиб, «Аполлон-11» Ер сатҳидан 190 километр баландликка чиқади. Шундан сўнг космик кема иккинчи космик тезликда (секундига 11 километр) Ой томон учиб кетади. Кўп ўтмай учинчи космик тезликка (секундига 17 километр) ўтилади.

Бир суткадан сал ошиқроқ вақтда (25 соатда) Аполлон Ойгача бўлган масофанинг ярмини, 193 256 километр масофани учиб ўтади. 21 июл куни улар Ойга етиб бориб, унинг сиртига муваффақиятли қўнишади.

«Аполлон-11»нинг Ойга парвози осон кечмаган. Космик кема парвоз давомида белгиланган траекториядан чиқиб кетган, ундаги ёнилғи тугаб, компютер тизимида муаммо пайдо бўлган.

АҚШ президенти Ричард Никсон «Аполлон-11» муаммоларга дуч келганда астронавтларнинг ортга қайта олмаслиги мумкин деб сўзлайдиган нутқини тайёрлатиб қўяди. Бироқ парвоз муваффақиятли кечади.

Америкаликлар Ойга қандай қўнган? «Аполлон-11» Ойга қўнмаган. У асосий ва Ойга қўниши лозим бўлган иккита модулдан иборат бўлган.

Асосий модул орбитада, Ой сиртига яқин жойда қолган. Ундан ажралиб чиққан иккинчи модул Ой сиртига қўнган.

1969 йил 20 июл куни Нил Армстронг ва Эдвин Олдрин иккинчи модул билан Ой сатҳига тушишга қарор қилишади. Майкл Коллинз асосий модул билан орбитада қолади.

Ернинг табиий йўлдошига биринчи бўлиб Нил Армстронг оёқ қўяди. Ўша пайтда Нил «Бу бир одам учун кичик қадам бўлиши мумкин, бироқ бу инсониятнинг келажак томон улкан сакрашидир», дейди. Кейинчалик унинг бу гаплари жуда машҳур бўлиб кетади.

«У ўзгача мафтункор эди. Ойнинг манзараси АҚШдаги саҳроларга ҳам ўхшаб кетади. Бироқ у ерда манзара бошқача ва ёқимли», деган эди Армстронг Ерга қайтиб тушганидан сўнг берган интервьюсида.

Астронавтлар Ой сатҳини суратга туширишади. Ундаги жинслардан намуналар олишади. Сўнг Ойга АҚШ байроғини ўрнатиб космик кемага қайтишади.

Умумий ҳисобда Армстронг ва Олдрин Ойда 21 соат бўлишган. 24 июл куни улар Ерга қайтишган.

«Аполлон-11» Ерга қайтиб келгандан сўнг АҚШда тантаналар бошланиб кетади. Чунки америкаликлар рақиблари советлар қила олмаган ишни амалга оширишган эди.

Армстронг ва Олдриндан ташқари АҚШнинг яна 10 нафар космонавти Ойга парвоз қилган. Сўнгги космонавт Еуген Серман 1972 йилнинг декабр ойида «Аполлон-17» космик кемасида ой сатҳидан кўтарилган.

Америкаликларнинг Ойда бўлгани ёлғонми?

Кейинчалик америкалик астронавтларнинг Ой сиртига тушганини шубҳа остига олувчи гап-сўзлар чиқди. Айниқса бунда рақобатчи давлат, Россия мутахассислари жонбозлик кўрсатишди.

Америкаликлар Ой сиртида юриб, унга АҚШ байроғини қадашади. Россияликларнинг биринчи шубҳаси ана шу байроқ тасвири ҳақида бўлади. Уларнинг фикрича самовий бўшлиқда жойлашган Ойнинг сиртида шамол эсиши ва байроқни ҳилпиратиб туриши мумкинмас.

Жумладан, россиялик таниқли астроном Владимир Сурдин ўзининг «Коинот ҳақидаги илм-фанда афсоналар ва нотўғри тушунчалар» деб номланган видеодарсларида юқоридаги шубҳани келтирган.

Владимир Сурдин
Фото: media.kpfu.ru

Бироқ кейинчалик маълум бўлдики, Ойнинг ҳам сиртида қобиғи бор ва уни ёриб ўтиш осонмас. Яъни Ойнинг қобиғигача бўлган коинот бўшлиғини учиб ўтиш осон, бироқ унинг «ҳудуди»га киргандан сўнг бошқача муҳит бўлади.

Олимлар буни Ойнинг ҳам ўз магнит майдони ва унча кучли бўлмаган тортишиш кучи бор, деб шарҳлашади.

Қолаверса, америкаликлар эълон қилган суратда Ойга қадалган байроққа яхшилаб эътибор берилса, унинг тепа томонини горизонтал таёқча ушлаб турганини кўриш мумкин.

Яъни байроқни шамол ҳилпиратмаяпти (Ойда шамол йўқ), америкалик астронавтлар уни тепасини ҳам таёқча билан қотириб қўйишади. Байроқдаги тўлқин эса шамол туфайли эмас, унинг ингичка устуни тебраниб тургани учун шундай кўринишда бўлган.

АҚШ астронавтларининг Ойга қўнганига ишонувчилар Ер йўлдошининг ўз ҳимоя қобиғи борлиги туфайли СССР космонавтлари унинг сиртига тушиш у ёқда турсин, яқинигача учиб бора олишмаганини мисол тариқасида келтиришади.

Қолаверса, америкаликлар Ой сиртига тушган пайтда советлар буни расман тан олишган.

2018 йилда хитойликлар ўзлари учирган «Чанъэ-1» ва «Чанъэ-2» космик аппаратлари Ой сиртидан олган жуда кўплаб фототасвирларни эълон қилади.

«Чанъэ-2» айнан америкаликларнинг «Аполлон-11» космик кемаси қўнган жойнинг фотосуратини олган.

Россиялик космонавт-астрономлар Виталий Егоров ва Игор Тирский «Чанъэ-2» олган фотосуратлар билан бир пайтлар америкаликлар эълон қилган тасвирларни солиштириб кўришади.

Шунда Хитой аппарати олган фотосуратлардаги жой билан америкаликлар эълон қилган суратлардаги жой бир хил экани ойдинлашади.

Шундан сўнг россиялик астрономлар америкаликлар ҳақиқатдан Ойга қўнгани ва унинг сиртига тушганини қайд этишган. Бу ҳақда Виталий Егоров «Одамлар Ойда» китобида маълум қилган.

Виталий Егоров, қўлида «Одамлар Ойда» китоби билан.
Фото: wikinews.org

Айримлар «Нега энди НАСА астронавтлари Ойга учмаяпти?» деган саволни ҳам қўйишади. Кўпчилик бунга жавобан ҳозир космик рақобат йўқлигини айтади.

Яъни 1970-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб АҚШ ва СССР ўртасидаги рақобат тўхтаб қолган. СССР парчалангач рақобат умуман йўқолган. Агар қайсидир давлат Ойни ўзлаштиришга киришса АҚШ унга қарши яна жиддий рақобат олиб боради.

Ҳозир Ойда

«Луна-25» Ҳиндистоннинг «Чандраян-3» миссиясидан ўзиб кетиб, Ойнинг жанубий қутбига борган илк станция бўлиши мумкин эди. Ҳиндистон ўзининг учинчи аппаратини 14 июл куни учирганди. Миссия доирасида у ҳам Ер табиий йўлдошининг жанубий қутбини ўрганиши кўзда тутилганди.

19 август куни Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) «Чандраян-3»нинг «Викрам» номли қўниш модули ой атрофидаги орбитада баландликни пасайтириш бўйича сўнгги манёврни амалга оширгани ва қўнишга тайёргарлик кўришни бошлаганини хабар қилди.

23 август куни «Викрам» модули Ойга муваффақиятли қўнди. Шу тариқа, Ҳиндистон Ойга аппаратини қўндиришга эришган СССР, АҚШ ва Хитойдан кейинги тўртинчи давлат бўлди.

2023 йил 1 сентябр куни Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) Ойга қўнган «Pragyan» ҳинд ойюрари Ер табиий йўлдошининг жанубий қутбида олтингугурт моддасини топганини тасдиқлади.

Яқинда Ой сиртига қўнган ҳиндларнинг «Чандраян» космик аппарати
Фото: skyandtelescope.org

ISRO маълумотларига кўра, Ойда кислород, темир, алюминий, калций, хром ва бошқа элементлар ҳам топилган. Шу билан бирга водород ҳам изланмоқда.

4 сентябр куни «Pragyan» икки ҳафталик тадқиқот ва тажриба дастурини якунлади ва «уйқу» режимига ўтказилди. Энди уни қуёш чиқадиган навбатдаги кун - 22 сентябрда уйғотишга ҳаракат қилишади.

Ҳозир Ойда тун бошланди ва у деярли 15 Ер куни давом этади. Бу пайтда Қуёш нури тушмайдиган жойларида мутлақо қоронғилик бошланади ва Ой сиртидаги юқори қатламлар -170 даражагача музлайди. Шунинг учун ойюрар аппарат билан ҳеч қандай манипуляция қилиш мумкин эмас.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид