Спорт | 20:26 / 10.09.2023
23063
2 дақиқада ўқилади

Германия миллий жамоаси бош мураббийи истеъфога чиқарилди

Германия миллий жамоаси бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик Евро-2024 стартидан 9 ой аввал истеъфога чиқарилди. 

Фото: Getty Images

Немис футбол иттифоқи шанба кунги ўртоқлик ўйинида Япониядан учралган мағлубиятдан (1:4) кейин ташкилот раҳбари Бернд Нойендорф таклифига кўра, 58 ёшли мутахассисни истеъфога чиқарди.

«Германия миллий жамоасининг сўнгги ўйинлардаги қониқарсиз натижаларидан кейин немис футбол иттифоқи миллий жамоада ўзгаришлар ва янги қон керак деб ҳисоблади. Европа чемпионати олдидан жамоага оптимизм ва ўзига бўлган ишонч ортиши лозим», - дейилади ташкилот хабарида.

Қайд этилишича, Францияга қарши ўйинда бош мураббий вазифасини жамоа спорт директори Руди Фёллер бажаради. 

Аввалроқ, «Бавария» собиқ бош мураббийи Юлиан Нагельсманн миллий жамоани бошқаришга асосий номзод дея кўрилаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Флик 2021 йилдан буён Германия миллий жамоаси бош мураббийи лавозимида ишлаб келаётганди. Унинг қўл остида немислар ЖЧ-2022да гуруҳ босқичидан чиқа олмаганди.

Маълумот учун, Германия миллий жамоаси сўнгги 5 ўйинда Бельгия (2:3), Украина (3:3), Польша (0:1), Колумбия (0:2) ва Япония (1:4) билан баҳсларда бир дуранг ва 4 мағлубият қайд этди.

Мавзуга оид