Тожикистон ва Туркманистон Чўлпонота битимига нега қўшилмаяпти?
Тожикистон ва Туркманистон куни кеча Душанбедаги маслаҳат учрашувида ҳам “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномага (2022 йил, июл) имзо қўймади. Сиёсатшунос Фарҳод Толипов бу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Бу битимни Тожикистон ва Туркманистон нима учун имзоламаётганини уларнинг ўзи ҳам билмаяпти, менимча. Халқона айтадиган бўлсак: қўли тортмаяпти имзо қўйишга.
Чўлпонота битимининг матнини кўриб чиқсак, Тожикистон ва Туркманистон манфаатларига зид нарса умуман йўқ. Ҳаддан ташқари реализмга берилиб кетишгандек кўринади. Сиёсатшуносликда шундай тушунча бор, яъни ўзининг муҳимлигини бўрттириб кўрсатиш, миллий манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрдек кўрсатиш. Мана шундай тор тушунилган миллий манфаатларга берилиб кетиш ноўрин деб биламан. Кучли давлатлар билан алоқаларда шундай тутиш тўғри бўларди, лекин Марказий Осиё оиласи даврасида ўзини бундай тутиш ярашмайди. Балки кейинги учрашувда мувофиқлаштириш ишлари бўлар.
Эртами-кечми бу икки давлат имзо қўяр. Лекин Марказий Осиё давлатлари бу битим билан чекланмайди. Бўлаётган ташаббуслар жуда ҳам залворли. Режалаштирилган ишларда иштирок этишса бўлди, имзо қўймаса ҳам, амалда қилаётган бўлишади.
Миллий координаторлар масаласи кўтарилди. Янгилик бўлди бу. Агар бундай тизим жорий қилинса, ишлар яхши кетади. Координаторлар бошланиши бўлиб, кейинчалик институтлашган органларга йўл очиб берар.
Бир вақтлар, яъни 90-йилларда оламшумул битимлар қабул қилинган, баёнотлар берилган эди аслида. Абадий дўстлик тўғрисида декларациялар имзоланган ҳатто, бундай даража берилган битим жаҳон амалиётида бўлмаган. Ўзи шундан бошқа битим шарт ҳам эмас, чунки олий даражадаги битим у. Умуман, жозибадор битим ва шартномалар олдин ҳам бўлган.
Ўзбекистон ва Туркманистон стратегик шерикка айланиб бўлган. 2017 йилда президентимиз ташриф буюрганда битим имзоланган. Биз учун барча қўшни давлатлар стратегик шерик мақомида ва шундай ҳужжат имзоланган. Стратегик шериклик битими юқори даражадаги ишончни билдиради ва узоқ муддатли бўлади. Тожикистон ва Туркманистон Чўлпонота битимига имзо қўймагани билан узоққа кетиб қолгани йўқ, амалда ишлар бўлса бўлди.
Фарҳод Толипов,
сиёсатшунос
Юқоридаги фикрлар Фарҳод Толиповнинг Kun.uz сайтига берган интервюсидан олинган.
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024