Жаҳон | 09:16 / 21.09.2023
8154
1 дақиқада ўқилади

Байрутдаги АҚШ элчихонаси ўққа тутилди

Ҳужум қилганларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.

Фото: Anadolu Agency

АҚШнинг Байрутдаги элчихонаси биноси ҳозирча шахси аниқланмаган бир гуруҳ кишилар томонидан ўққа тутилди.

Ливан матбуотининг хабар беришича, пойтахт шимолида жойлашган Байрутдаги АҚШ элчихонаси биносига қуролли ҳужум уюштирилган.

Отишма натижасида бир нечта ўқ бинонинг асосий дарвозасига ва унинг олдидаги автотураргоҳда турган машиналарга теккан.

Ҳужумда қандай қурол ишлатилгани, қурбонлар ёки ярадорлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.

Элчихона ҳозирча ҳужум юзасидан баёнот билан чиқмади.

Эътиборлиси, бу воқеа 1984 йил 20 сентябрда АҚШ элчихонасига бомба ўрнатилган автомобил ҳужумининг 39 йиллигига тўғри келган.

Ўшанда террорчилар Байрут халқаро аэропорти ёнидаги Халдада денгиз пиёда аскарларининг штабига ҳужум қилганди.

Портловчи моддалар ортилган юк машинаси тўсиқни бузиб, ҳарбийлар казармаси томон йўл олган. Натижада 241 пиёда аскар ҳалок бўлган.

Мавзуга оид