Жаҳон | 09:01 / 22.09.2023
7456
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати ёнилғи экспортини чеклаб қўйди

Афтидан, Россия ҳукумати автобензин ва дизел ёнилғиси экспортини тақиқлаган. Ҳукумат матбуот хизмати ушбу тақиқни ички бозорни ёнилғи билан тўлдириш мақсадидаги вақтинчалик чора деб атади.

Фото: Picture Alliance

Ўрим-йиғим кампанияси вақтида кўтарилган ички ёнилғи нархини барқарорлаштириш мақсадида Россия ҳукумати 21 сентябр, пайшанба куни автомобил бензини ва дизел ёнилғиси экспортини тақиқлади. Аввалроқ Россиянинг жанубий вилоятлари ва Қримда ёнилғи тақчиллиги қайд этилган эди.

Ёнилғи экспортини чеклаш тўғрисидаги ҳукумат қарори очиқ эълон қилинмади, Россия бош вазири Михаил Мишустин девонининг матбуот хизмати ва ҳукумат идоралари тақиқни «вақтинчалик чеклов» деб атади ҳамда унинг моҳиятини ошкор этмади. Қайд этилишича, кўрилган чора Россия ички бозорини ёнилғи билан тўлдиришга қаратилган.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак 20 сентябр куни вазирлар нархлар ошишини чеклаш бўйича радикал чоралар кўришга тайёрлигини айтди. Санкт-Петербург биржаси маълумотларига кўра, ишлаб чиқарувчилар учун қоидаларни кучайтириш фонида улгуржи нархлар пасайишни бошлади, аммо чакана нархлар ўзгаришсиз қолди.

Россияда ёнилғининг биржа нархи

Пасайишдан кейин ҳам, 21 сентябрда АИ-92 бензинининг бир тоннаси 61,8 минг рубл, қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк машиналари учун зарур бўлган ёзги дизел ёнилғиси бир тоннаси 71,8 минг рублни ташкил қилди. 31 июл куни нарх бир тонна учун 57 минг рублдан паст эди, яъни у 25 фоизга ўсган.

Нарх ошишига жаҳон бозорларидаги нархларнинг юқорилиги, рубл қадрсизланиши ва ҳукумат томонидан ёнилғи демпфери кескин қисқартирилиши – Россия ва хорижда нефт компаниялари ички бозорда нархларни ушлаб туриши эвазига бюджетдан оладиган компенсациядаги тафовут сабаб бўлди. Бюджетни тежаш мақсадида ушбу компенсация миқдори камайтирилди.

Мавзуга оид