Ўзбекистон | 18:50 / 23.09.2023
7142
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иш бошлаган «тил эгалари» таассуротлари билан ўртоқлашди

Тошкентдаги мактабларда франциялик Равей Анне-Лисе, мисрлик Маҳмуд Муҳаммад Ҳилмий ва мянмалик Тулар Сирам иш бошлади.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш мақсадида чет элдан «тил эгалари» бўлган мутахассислар таклиф этилган. Улардан бир неча нафари аллақачон иш бошлаган.

Лойиҳа доирасида Тошкентдаги мактабларда дарс бераётган франциялик Равей Анне-Лисе, мисрлик Маҳмуд Муҳаммад Ҳилмий ва мянмалик Тулар Сирам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Ягона мақсадим — ўзбек ўқувчиларининг инглиз тилида ўз она тилидагидек яхши гаплаша олишига эришиш», деди Бектемир туманидаги 337-мактабда дарс бераётган Маҳмуд Ҳилмий.

«Ўқувчиларимнинг ўқитиш жараёнларига фаолроқ қатнашишини таъминлашга ҳаракат қиламан», деди Юнусобод туманидаги 5-мактабда дарс бераётган Тулар Сирам.

«Мазкур таълим масканидаги қувноқ педагогик жамоада ишлаш менда катта таассурот қолдирди», деди Юнусобод туманидаги 51-мактабда ишлаётган Равей Анне-Лисе.

«Тил эгалари»ни таълим жараёнига жалб қилиш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган давлат стратегиясида белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар «тил эгалари» бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш назарда тутилган.

Мавзуга оид