Жаҳон | 09:16 / 23.09.2023
9098
3 дақиқада ўқилади

Қорабоғ «расмийси»: Степанакерт Озарбойжон қўшинлари томонидан ўраб олинган

Озарбойжон ҳарбийлари тан олинмаган ТҚР шаҳри чеккасида жойлашган, унинг аҳолиси қўшинлар кириб келишидан хавотирда, деди Қорабоғ «ҳокимияти» вакили.

Фото: oldhike / ТАСС

Озарбойжон армияси Степанакертни қуршаб олди, дея даъво қилмоқда ўзини мустақил деб ҳисобловчи Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР) арманпараст раҳбарияти. «Озарбойжон қўшинлари бутун шаҳар атрофида жойлашган ва одамлар аскарлар исталган вақтда шаҳарга кириши мумкинлигидан қўрқяпти», деди 22 сентябр, жума куни AFP’га «ТҚР» «ҳокимияти» вакили Армине Айрапетян. Унинг сўзларига кўра, фуқаролар ертўлаларга яширинган, шаҳарда электр, газ, озиқ-овқат, ёнилғи, шунингдек, интернет ва телефон алоқаси йўқ.

Ўз навбатида, Озарбойжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) вакиллари билан учрашув ҳақида гапирди. Боку ҳуманитар ташкилотни ХҚХҚ саъй-ҳаракатлари билан Лочин ва Агдамдан Қорабоғга дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа товарлар етказиб бериш учун барча шароитлар яратилишига ишонтирди. Бундан ташқари, Озарбойжон томони ярадор арман аскарларига тўғридан тўғри тиббий ёрдам кўрсатишга ёки ХҚХҚ орқали уларга ёрдам беришга тайёр, дея таъкидлади Ҳожиев. 

Шу билан бирга, ТҚР Озарбойжон томони билан «Қорабоғ мудофаа армияси»ни минтақадан олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини эълон қилди. Маслаҳатлашувлар Россия тинчликпарвар кучлари ҳомийлигида ўтказилмоқда, дея таъкидлайди AFP.

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги операцияси 

19 сентябр куни эрталаб Озарбойжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари»ни эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини, жумладан, унинг пойтахти Степанакертни ўраб ола бошлади. Боку арман қўшинларини олиб чиқиб кетишни ва минтақадаги «режим ўзгаришини» талаб қилишини билдирди. 

Эртаси куни томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Келишув доирасида арман ҳарбийлари Россия тинчликпарвар контингентини жойлаштириш зонасидан олиб чиқилади, «Қорабоғ мудофаа армияси» қўшинлари тарқатиб юборилади ва тўлиқ қуролсизлантирилади, оғир ҳарбий техника ва қурол-яроғлар Қорабоғ ҳудудидан олиб кетилади. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Бокунинг минтақадаги мақсадларига эришганини маълум қилди. 

Арманистон томонига кўра, отишма давомида камида 200 киши ҳалок бўлган, яна 400 киши яраланган. Бундан ташқари, бир неча россиялик тинчликпарварлар ҳалок бўлди. 

Арманистон бош вазирига қарши намойишлар 

Минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви Арманистон бош вазири Никол Пашинянга қарши норозилик намойишлари ва унинг истеъфоси талаб қилинишига олиб келди. Ереванда навбатдаги митинг 22 сентябр оқшомида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, норозилик намойишлари Россиянинг Арманистондаги элчихонаси олдида ташкил этилди.

Мавзуга оид