Жаҳон | 21:35 / 29.09.2023
21582
5 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: украинларда юришни давом эттириш учун вақт кам қолмоқда

Кичик қишлоқлар учун жанглардаги ғалабалар Украина қуролли кучларининг катта муваффақиятини таъминламади. Тез орада кузги ёмғирлар бошланади — бу эса қарши ҳужум вазифаларини янада мураккаблаштиради.

Фото: Getty Images

Украина қуролли кучлари оғир жанглар эвазига мамлакат жанубидаги Работине қишлоғи (Орехив йўналиши) ҳамда Бахмут атрофидаги Клешчиевка ва Андрийивкани эгаллаганидан кейин уларнинг юриши тўхтаб қолди. Ушбу кичик аҳоли яшаш манзиллари учун жанглардаги ғалаба фронт чизиғи ёриб ўтилишига олиб келмади: Россия қўшинлари шунчаки янги мудофаа марраларига сурилди. Олдинга юришда давом этиш учун украин армияси яна бир қанча қишлоқларни эгаллаши керак бўлади, бу ҳудудлар эса РФ қуролли кучлари томонидан мустаҳкам истеҳкомга айлантирилган. Украина қўмондонлиги фронт чизиғини ёриб ўтиш учун навбатдаги уринишга тайёрланаётган бўлиши мумкин. Аммо бир ҳафтадан кейин Украина шарқи ва жанубида кузги ёмғирлар бошланиши кутилмоқда, бу эса нафақат манёврли ҳарбий ҳаракатлар амалга оширишни, балки олдинги чизиққа ўқ-дори ва юклар етказиб беришни ҳам қийинлаштиради. 

Орихив йўналиши

  • Украина ҚК юриши Работине (украин армияси бу қишлоқни август ойида озод этганди) — Новопрокопивка (Украина ҚК қишлоқ чеккаларига чиққан, аммо барча ҳужумлар қайтарилган) — Вербове (унинг чеккаларида жанглар августдан буён давом этмоқда, аммо украин кучлари шарқ томон силжишга муваффақ бўла олмаяпти) учбурчагида ушланиб қолган.
  • Украина қўмондонлиги турли тактикаларни қўллаб кўрмоқда. Асосан зирҳли машиналар билан фронт чизиғига элтиб ташланган пиёдаларнинг кичик гуруҳлари билан ҳужумлар қилинмоқда. Артиллерия билан мувофиқликда ҳаракатланаётган пиёдалар РФ қуролли кучларининг навбатдаги таянч пункларини эгаллашга ва бу ерларда ўрнашиб қолишга уринмоқда. Ушбу нисбатан муваффақиятли тактиканинг ўз камчиликлари ҳам бор: у рақиб мудофаа тизимини бузиши мумкин бўлган чуқур кириб боришларни истисно этади. Яна бир камчилик — жонли кучда йўқотишлар муқаррарлиги. Шунинг учун Украина қуролли кучлари россияликлар мудофаасига вақти-вақти билан механизациялашган кичик бўлинмалар билан ҳам ҳужум уюштирмоқда, аммо бундай ҳужумлар, қоидага кўра, муваффақият келтирмайди (аммо шусиз ҳам тақчил бўлган техникадаги йўқотишларни оширади).

  • Украина гуруҳининг яна бир муаммоси ўқ-дориларни олдинги чизиқларга етказиб бериш ва ярадорларни эвакуация қилиш билан боғлиқ. Украина ҚК юриши давомида Орихивнинг жанубий чеккаларидан Новопрокопивкагача ҳосил бўлган 10 километрлик «бўртиғи»да украин техникалари бемалол ҳаракатлана олмайди: улар рақиб артиллерияси, танкка қарши ракета комплекслари ва дронларига нишон бўлишади. Бу эса украин армиясига юриш учун куч тўплашга халал беради. Шу билан бирга, россияликларнинг ҳам фронт ортидаги техникалари шу каби муаммоларга дучор бўлишган.
  • Қизиғи шундаки, украинларнинг бу ҳудуддаги олдинги позициялари «Суровикин чизиғи»да эгаллаб олинган истеҳкомларга таянади — эндиликда Россия армияси ўтган йил кузидан буён қазиган хандақлар ва блиндажлар украин штурм гуруҳлари учун бошпана сифатида хизмат қилмоқда.
  • Украина ҚК вақти келиб россияликларни Новопрокопивка ва Вербоведан ҳам сиқиб чиқариши мумкин. Аммо рақиб мудофааси ичкарисига чуқур кириб боришнинг эҳтимоли кам. Кузги ёмғирлардан кейин эса юриш қилиш янада мураккаблашади, бундай шароитда мустаҳкам қопламага эга бўлмаган йўлларда техника ҳаракатлана олмайди.

Бахмут фронти

  • Бахмутдан жанубдаги Клешчивка ва Андрийивка эгаллаб олинганидан кейин Украина қуролли кучлари қаршисида РФ қуролли кучларининг Ҳорливка — Бахмут темирйўли бўйлаб ўтадиган янги мудофаа чизиғи пайдо бўлган. Озод этилган қишлоқларнинг ўзи тепаликлар орасидаги текисликда жойлашган. Бу россияликлар учун уларни ҳимоя қилишни қийинлаштирганди (уларнинг ҳаракатини ғарбда жойлашган украинлар дронларсиз ҳам кўриб тура оларди), энди эса украин штурм гуруҳларининг ўзи худди шундай ҳолатда қолди: Клешчиевкадан шарқдаги тепаликлардан туриб корректировка қилинаётган Россия артиллерияси темирйўл бўйидаги украин отрядларига зарба беришмоқда.
  • Тарқалган видеоларга кўра, украин қўшини темирйўлни Андрийивка ҳудудида кесиб ўтишга уринмоқда. Ушбу янги юриш муваффақиятли чиқиши учун, Украина қуролли кучлари, катта эҳтимол билан жануброқдаги қишлоқлар — Курдюмовка ва Отрадовкага ҳужум қилиши талаб этилади.

Мавзуга оид