Нуқтайи назар | 16:27 / 29.09.2023
186233
3 дақиқада ўқилади

Қўштепа канали – сиёсий лойиҳа

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz'га берган интервюсида Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали лойиҳасида “бошқа кучлар” ҳам борлиги ҳақида маълум қилди.

Фото: The Kabul Times

Афғонистонга ўзим борганимда ҳам уларнинг ўзбек халқига, президентимизга алоҳида ҳурматини кўрдим. Бизга шунга яраша муомала қилишди. Биз билан мулоқотга тайёр эканликларини билдиришди.

Уларнинг қишлоқ хўжалиги вазири айтдики, каналнинг қурилган қисмида сув олиш имконияти бўлса ҳам, юқори ҳукумат бунга рухсат бермаяпти. Чунки қўшни давлатлар билан келишув бўлиши керак дейишяпти. Ўзи Амударёдан олдин ҳам Афғонистон Панж дарёсидан 2,5 млрд кубга яқин сув оляпти. Агар Қўштепа каналидан ҳам 2 млрд куб сув олинса, бизга унчалик таъсир қилмайди. Лекин мулоқотлар яхши бўлмаса, 4 млрд куб сув олишади. Сув яхши бўлган йиллари 10 млрд кубгача сув олиш имкони бор, яъни сув кўп бўлганда 15-20 млрд куб сув оқиб ўтади дарёнинг шу қисмидан. Сув кам йилларда Афғонистон сув олмаса ҳам, сувсиз қолиб кетган пайтларимиз бўлган. Дейлик, 2001, 2008, 2011, 2018 йиллар шундай сув танқислиги бўлди. Цикл бўляпти 3, 7 йиллик.

Ҳали деталли мулоқотлар бўлгани йўқ. Лекин 6 хил лойиҳа вариантини ўрганиб чиқдик. Қаерда қандай сув олиши, қаерларда насос қўйиши, сув омборли варианти, лойқалар тўлиб қолиш масалалари ҳам инобатга олинган. Саволлар, вариантлар жуда кўп. Сув танқис бўлган йилларда 4 млрд куб сув олишса, бизга оғир бўлиб қолади.

Фикримча, бу жойда бошқа кучлар ҳам бор. Номларни айтмайлик, лекин катта иқтисодий қудратга эга бўлган давлатлар бу масалага аралашиб, маблағ беришини айтяпти. Бизнинг томон йўқ, ундан қилманглар, деса, қанақадир шартлар қўйишлари мумкин... Бундай давлатлар канал лойиҳасида ҳам, қурилишида ҳам қатнашяпти. Сиёсий келишмовчилик бўлмаслиги учун номларини келтирмаймиз. Умуман, Афғонистон ёлғиз эмас бу масалада.

Ҳали бошқа сиёсий масалалар бор. Канал ҳимояси, озиқ-овқат масаласи. Фақат канал эмас, сиёсий лойиҳа деса ҳам бўлади буни.

Шавкат Ҳамроев,
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири

Юқоридаги фикрлар Шавкат Ҳамроевнинг Kun.uz'га берган интервюсидан“Нуқтайи назар” рукни учун ажратиб олинди.

Мавзуга оид