Ўзбекистон | 21:58 / 30.09.2023
16725
6 дақиқада ўқилади

Узайиб бораётган тирбандликларнинг охири ва ечими борми?

Йўллар, кўчалар кўз ўнгимизда автотранспортлар билан тўлиб боряпти. Шаҳарлар марказларида тирбандликлар жиддий муаммога айланиб, тезкор ечимларга эҳтиёж кундан кунга ортмоқда. Кечаги шаҳарсозлик нормалари эса бугунги кун талабига жавоб бермаяпти. Таклифлар йўқ эмас. Шаҳарсоз билан суҳбатимиз тирбандликлар, муаммоли чорраҳалар ва йўл ўтказгичлар мавзуси таҳлилига бағишланади.

Шаҳарсоз Искандар Солиев билан пойтахтда қурилган кўприклар ва эстакадалар бўйлаб қилган суҳбатимиз давомида уларнинг шаҳар учун қанчалик керакли ёки аксинча экани ҳақида гаплашдик.

Искандар Солиев

Пойтахтда, вилоят марказларида, умуман, республикамиздаги шаҳарларда йўл ўтказгичлар, эстакада, кўприкларга эҳтиёж қай даражада? Айни қайси бирига бизда эҳтиёж кўпроқ ва нима учун?

— Йўл ўтказгичларга ҳам, эстакадага ҳам эҳтиёж йўқ. Шаҳар ичидаги чорраҳаларда светофорлар билан ҳал қилса бўлади. Шаҳарга кириш қисмларида эстакадалар қилиш мумкин. Бу амалиёт дунё мамлакатларида бор, яъни эстакадаларсиз ҳам муаммони ҳал қилиш мумкин, лекин анча ақлли лойиҳа керак бўлади бунга.

Шаҳар ичида эстакада ва кўприклар шартмас деганимга биринчи сабаб ўша кўприклар қилинган ҳудуд иккига ажралиб, кўприк бор жой жонсиз бўлиб қолади. Пиёдалар ҳаракати чекланади, кўплаб бетон-асфальт сарфланиб, катта ҳудуд эгалланиб, табиатга зарар етади, яшиллик камаяди. Умуман, бу орқали тирбандлик ечилиб қолмайди. Тирбандликни жамоат транспортларини кўпайтириб, алтернатив ҳаракатланувчи (велосипед, скутер) воситалар орқали ечиш мумкин. Одамлар енгил автомобиллардан ташқари ҳам бошқа воситалардан фойдаланишга ўрганиши керак.

21-аср шаҳарсозлигида йўллар автомобиллар учун қулай бўлиши керакми ёки пиёдалар учун?

— Биринчи ўринда пиёдалар учун қулай ва хавфсиз бўлиши керак. Кейинги ўринларда велосипед, самокат кабиларга, жамоат транспортларига.

Атрофдаги жонли муҳитни «ўлдирган» ҳудудларни санаб бера оласизми?

– Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчасида, Эко парк ёнида, Муқимий кўчасида кўприклар туфайли жонли муҳит йўқолган. Пиёдалар учун қилинган кўприклар ҳам ўзини оқламайди аслида, фақат ҳаракатни чеклаб, ноқулайлик туғдиради. Шаҳар ичида фақат светофорлар билан ўтиш мумкин бўлиши керак. Тезликни ҳам камайтириш лозим шаҳар ичида, бу қанчалик радикал ечим бўлмасин, қилиш керак. Чунки оқибатлари ёмон бўлади бундай ҳолатдаги ЙТҲларнинг.

Жамоат транспортларининг ҳаракат устунлигини таъминлаш керак. Бу йил янги автобуслар келгач, одамларимиз бир қадар қулайлик ҳис этиб, автобусларга чиқа бошлашди. Энди автобуслар учун тўхтовсиз ҳаракатни таъминлаб бериш керак йўлларда. Шундай қилинса, жамоат транспортидан фойдаланиш яна ҳам ошади. Ўз автомобилларини қўйиб, автобусга чиқишади ва тирбандлик камаяди. Одамлар болаларини мактабга автомобилда олиб боради ва мактаблар бор кўчалар тирбанд ва хавфли бўлади, мана шу нарсанинг ҳам олди олинади. Умуман, таклифлар шу бўйича, қанақадир бутунлай ўзгача нарсалар эмас, балки оддий, қилинган ечимлар бор, татбиқ қилса бўлди.

Бобур ва Муқимий кўчаларини боғловчи йўл ўтказгич мисолида оламиз. Бу йўл ўтказгич тирбандликларнинг қанчалик олдини ололди?

— Айни шу йўл ўтказгич ҳам зиёнга ишлаган ўтказгичлардан бири. Автомобиллар бемалол ҳаракатланади, лекин йўл ўтказгич катта ҳудудни эгаллагани учун атрофдаги муҳитни «ўлдирган», хизмат кўрсатиш йўқ, анча жонсиз кўриниш касб этади. Одамлар бу кўчаларда юрмайди, хавфли бўлиб қолган, автомобиллар кўп.

Тирбандликни фақат битта чорраҳада ҳал қилиши мумкин йўл ўтказгич, аммо кейинги чорраҳалардаги светофорларда барибир ўша тирбандлик бўлади. Айтганимдек, йўл ўтказгич бир аҳоли пунктни, умуман шаҳарнинг ўша қисмини иккига ажратиб қўяди. Йўл ўтказгич остилари фойдасиз, бўш жойга айланади, ёз кунларида жуда иссиқ бўлиб қолади бу жойлар. Бундан ташқари, автомобиллар кўп бўлгани учун заҳарли газлар ҳам кўп бўлади бундай ҳудудда.

Янги тушган уйлар бор бу ерда. Тасаввур қилинг, уйнинг ойнасидан қарасанг, фақат йўл кўриниб туриб, машиналар ўтади — ёқимсиз ҳолат бу. Бир томондан уйларнинг нархига ҳам таъсир қилади бу ноқулай муҳит. Умуман, тижорат юриши қийин бундай ҳудудда. Ростдан ҳам «ўлик» ҳудуд бўлиб қолади.

– Пиёдалар учун йўллар қандай қурилиши керак?

– Пиёдалар учун алоҳида кўприклар ҳам шаҳарсозликка тўғри келмайди. Пиёдалар учун ҳаракатланиш доим бир текис бўлиши керак. Пиёда деганда фақат соғлом одам эмас-ку, қариялар, ногиронлар бор. Пиёдалар кўприкларида лифт ишламайди аксарият пайтда, шунчаки кўзбўямачилик учун қилинган. Шаҳарда ҳаракатланиш устуворлиги пиёдаларга бўлиши керак, машиналарга эмас. Бизда эса пиёдалар ер остидан ё кўприкдан ўтиб юрибди.

Чап томонга қайрилишсиз эстакадалар қуриш қарори қанчалик тўғри? Йўл ҳаракатига қандай таъсир ўтказади?

— Тушунишим бўйича, шаҳар ташқарисида шундай бўлади, дейилди. Бу ҳолатда қилиш мумкин. Шаҳарларга кириб келишда асосий тирбандликнинг олдини олиш учун қилинади бу нарса, дунё амалиётида бор. Лекин шаҳар ичида бўлса, нотўғри бўлади бу иш.

 

Мавзуга оид