Жаҳон | 10:43 / 02.10.2023
6594
2 дақиқада ўқилади

Боку: миллионлаб озарбойжонлик қочқинлар дискриминацияга учраган

Ҳуманитар ёрдам кўрсатиш миллати, ирқи ва динидан қатъи назар муҳим, деди Озарбойжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев.

Фото: Sputnik / Mihail Voskresenskiy

Дискриминацияга йўл қўймаслик ва танланмаган ёрдам инсонийликнинг асосий принципи бўлиши керак, аммо Арманистоннинг 30 йиллик истилоси натижасида қонли этник тозалашга учраган миллионлаб озарбойжонлик ички кўчирилганлар ва қочқинлар донорлар ҳамжамиятининг дискриминациясига дуч келди.

Бу ҳақда Озарбойжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«Ижобий белги шундаки, халқаро донорлик ҳамжамияти Озарбойжоннинг Қорабоғ минтақасидан ихтиёрий равишда Арманистонга кўчиб ўтишга қарор қилган ва Арманистон Республикаси паспортига эга бўлган арман фуқароларига ёрдам кўрсатмоқда. Бироқ, Арманистоннинг 30 йиллик истилоси натижасида қонли этник тозалашга учраган миллионлаб озарбойжонлик ички кўчирилганлар ва қочқинлар донорлар ҳамжамияти томонидан тўлиқ жаҳолат ва дискриминацияга дуч келди. Миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш муҳим», - дейди Ҳожиев. 

Унинг таъкидлашича, қарийб 30 йил давомида бир миллион ички кўчирилган ва қочқинларнинг барча эҳтиёжларини фақат Озарбойжон ҳукумати таъминлаб келмоқда. «Биз бу соҳада икки томонлама стандартларга дуч келдик. Арманистон томонидан вайрон қилинган ва оммавий равишда миналанган ерларга озарбойжонлик қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг хавфсиз қайтишини таъминлаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда», — деди президент ёрдамчиси. 

Мавзуга оид